Google Arts & Culture'да Ўзбекистонга бағишланган учта янги тўплам очилди

Google Arts & Culture'да Ўзбекистонга бағишланган учта янги тўплам очилди

Варахша саройидаги фреска парчалари. Фото: Google

18 май - Халқаро музейлар куни муносабати билан Google Arts & Culture онлайн-платформасида Ўзбекистон музейлари ва маданиятига бағишланган учта янги тўплам очилди. Бу ҳақда Дунё АА хабар бермоқда.

Очилишда Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси кўмаклашди.

Биринчи тўпламда сиз "Ўзбекистон: Самарқандга йўл" (Муаллиф Яффа Ассулин, Лондон) китобини нашр этишга илҳомлантирган унутилмас ландшафтлар, меъморий ёдгорликлар ва мамлакатимиз тарихи билан танишишингиз мумкин. Муаллиф мамлакатимизнинг энг чекка бурчакларига ташриф буюриб, тарихга кириб бориб, амалий ва ижрочилик санъатининг усталари асарларини томоша қилган.

“Ўзбекистон. Самарқандга йўл” — Лондонда Ўзбекистон ҳақида китоб чоп этилди

Иккинчи тўплам Лувр музейидаги "Буюк Ипак йўлидаги цивилизациялар ва маданиятлар" кўргазмасида намойиш этиладиган Ўзбекистоннинг маданий меросининг энг қадимий асарлари ҳақида ҳикоя қилади. Варахша саройидаги фреска парчалари, Фаёзтепадаги Будда ва роҳиблар ҳайкали, қадимий Усмон Қуръони қўлёзмаси ва жаҳоннинг маданий меросига кирувчи Ўзбекистоннинг бошқа муҳим экспонатлари намойиш этилади.

Учинчи тўпламда Ўрта Осиёдаги энг йирик музейлардан бири - Ўзбекистон давлат санъат музейи тарихи нашр этилади. Яратиш тарихи ва архив фотосуратлари музей очилгандан бери унинг меъморчилиги ва кўргазма майдонида ажойиб ўзгаришларни намойиш этади. Шу билан бирга, тўпламда япон меъмори Тадао Андо томонидан ишлаб чиқилган музей меъморчилигининг янгиланган концепцияси тақдимоти мавжуд.

Google Arts & Culture маданий соҳада Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилиб келади. Унда ҳозирга қадар Қорақалпоғистондаги И. Савицкий номидаги давлат санъат музейи, Ойбек уй музейи ва Саодат Исмоилованинг Qirq qiz - Тошкентдаги замонавий санъат маркази очиқ-кўргазмалари жойлаштирилган.

Google Arts & Culture бу санъат асарларига юқори аниқликдаги кириш ҳуқуқини тақдим этадиган онлайн платформадир. Лойиҳа 2011 йилда Google томонидан 17 та музей билан ҳамкорликда бошланган. Бугунги кунда ушбу лойиҳага дунёнинг турли мамлакатларидан 2000 дан ортиқ маданий муассасалар қўшилган.