Твиттерда анъанавий смартфонлардан тубдан фарқ қиладиган телефон суратлари пайдо бўлди. Уни Essential компанияси раҳбари ҳамда Androidнинг яратувчиси Энди Рубин (Andy Rubin) ўз Твиттерида намойиш қилди.
Суратларга қараганда, Essential Phone 2 шаклан телевизор пултига ўхшайди. Телефон градиент дизайнда бўлиб, унга турли томондан қараганда турлича рангда кўринади.
Рубин, шунингдек, ғайриоддий тор экранга эга бўлган смартфоннинг олд тарафини ҳам кўрсатди. Экраннинг юқори чап бурчагида олд камера жойлашган.
Шу билан бирга, ноёб смартфоннинг техник хусусиятлари ҳақида маълумот ошкор қилинмади. Унинг ишлаб чиқарилиш санаси ҳам номаълум.