Google компанияси фитнес-браслетлар ва ақлли соатлар ишлаб чиқарувчи Fitbit ширкатини 2,1 млрд. $га сотиб олди.
Fitbit дунёда ақлли соатлар ишлаб чиқариш соҳасида иккинчи рақам остида тилга олинади. Strategy Analytics таҳлилчилари унинг бозордаги улушини 12,2 % деб ҳисобламоқдалар. Бу бозор етакчиси эса Appleдир. Apple Watch’нинг бозордаги улуши 50 %га тенг.
Google “ақлли тақинчоқлар” бозорида аллақачон ўз ўрнига эга. Компания кўплаб ишлаб чиқарувчилар томонидан фойдаланиладиган Wear OS операцион тизимини ишлаб чиқаради.
"Fitbit жамоаси билан яқин ҳамкорликда биз дунё бўйлаб кўплаб одамларга фойда келтирадиган қурилмаларни яратишга қодир бўламиз ", - дейилади Googleнинг расмий блогида. Компания "одамларга ақлли, муваффақиятли, соғлом ва бахтли бўлишга ёрдам берадиган воситаларни яратишни" истайди.