Грецияда ўзбек сопол буюмлари сотиладиган савдо уйи очилди

Грецияда ўзбек сопол буюмлари сотиладиган савдо уйи очилди

Греция пойтахти Афина шаҳрида Ўзбекистон ҳунармандлари савдо уйи очилди. ЎзАнинг хабар беришича, савдо уйи Ўзбекистон «Ҳунарманд» уюшмаси, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ташаббуси билан Афинадаги Бош консуллигимиз кўмагида ташкил этилди.

Афинанинг энг зич Каллифея туманида жойлашган савдо уйининг Грециядаги ҳамкори «Craftence» компанияси, Ўзбекистондаги ҳамкори эса Риштон шаҳридаги «Моҳи Диёр Рошидон» оилавий корхонаси савдо уйи ҳамкори ҳисобланади. Шартномага мувофиқ, ушбу оилавий корхона Грецияга қарийб 7 минг дона сопол лаган, кўза, ваза, сувинерлар етказиб берди.

"Ўзбекистон ҳунармандлари савдо уйидаги кулолчилик ва тўқимачилик буюмлари ўз гўзаллиги билан юртингизнинг қадимий ва бой тарихини, бетакрор жозибасини намоён этган. Юнонистон бозорига бундай маҳсулотлар экспорти қўшилаётганидан мамнунмиз. Биз Ўзбекистоннинг бундай ташаббусларини қўллаб-қувватлаймиз", – дейди Греция Маданият вазирлиги вакили Павлос Христу.