Гулнора Каримовага пора берганлар устидан суд бўлиб ўтади

Гулнора Каримовага пора берганлар устидан суд бўлиб ўтади

Швеция прокуратураси ва суди расмийларининг маълум қилишича¸ 4 сентябрь куни Стокҳольм судида Гулнора Каримовага камида 350 миллион доллар пора берганликда айбланаëтган Telia (аввалги номи TeliaSonera) ширкати собиқ бошқарувчилари устидан маҳкама жараëни бошланади.

Ўзбекистон¸ АҚШ ва қатор Европа прокуратуралари томонидан Ғарб телеком ширкатларидан бир миллиард доллардан кўпроқ пора олганликда айбланган ва айбланаëтган Гулнора Каримова ва унинг бу ишдаги воситачи-ëрдамчилари швед маҳкамасида иштирок этмайди.

Pасмий маълумотга кўра¸ маҳкаманинг биринчи уч куни давомида прокурорлар айблов хулосасини ўқиб эшиттиради¸ айбланувчиларнинг адвокатлари қўйилаëтган айбларга ўз жавобини тақдим этади.

Шундан сўнг икки ҳафталик танаффус эълон қилинадиган суд ўз мажлисини 19-21 сентябрда давом эттиради ва судланувчиларни сўроқ қилади.

Судланувчилар курсисида 2003-2007 йилларда Telia ширкатининг молиявий директори ва вице-президенти¸ 2007-2012 йилларда эса, ширкатнинг Еврoосиë фаолияти президенти бўлган Теро Кивисаари¸ 2007-2013 йилларда ширкатнинг бош менежери бўлган Ларс Нюберг ва Евроосиë фаолияти бўйича бош маслаҳатчиси Ули Туималарнинг ўтириши кутилмоқда.

Швеция прокуратурасининг Коррупцияга қарши кураш бошқармаси директори Гуннар Стетлер учала судланувчини 2007-2012 йиллар мобайнида Ўзбекистон телекоммуникация бозорига (маҳаллий бренд номи Ucell) кириш ва махсус ҳимояда бўлиш учун Гулнора Каримовага 350 миллион долларга яқин пора берганликда айбламоқда.

Швеция тарихидаги энг катта коорупцион схемани амалга оширганликда айбланаëтган Telia собиқ бошқарувчиларидан юзлаб миллион доллар пора олган ўзбекистонлик айбланувчиларнинг суд ишида бевосита иштирок этиши кутилмаяпти.

Оғир иқтисодий жиноятларда айбланаëтган Гулнора Каримова Ўзбекистон Бош прокуратураси тарқатган хабарга кўра¸ 2015 йил беш йилга озодликдан маҳрум этилган¸ унинг коррупцион схемалари ва пул ювишдаги асосий шериклари деб топилган шахсий котибаси Гаяне Авакян ва фуқаровий эри Рустам Мадумаровлар ҳам Ўзбекистонда узоқ йиллик қамоқ жазосини ўтамоқда.

Гуннар Стетлер таъкидича¸ ўзбекистонликлар швед маҳкамасида қатнашган тақдирда ҳам улар “қасамëд остида” кўрсатма бермайди.

11-14 декабрь кунлари прокурорлар ва адвокатларнинг сўнгги чиқишлари режалаштирилган Стокҳольм маҳкамасининг 2019 йил январь-февраль ойларида судланувчилар устидан ҳукм чиқариши кутилмоқда.