Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Ҳафта суратлари: асосий мавзу – коронавирусдан намойишлару хотира маросимларига қадар
6.02.2020 16:43,  
639

Хитой коронавирусининг зарарлари ортиб боряпти, Австралияда ўрмон ёнғинлари ҳамон тингани йўқ, Доналд Трампнинг “аср келишуви” Фаластинда каттаю кичик томонидан кескин рад этилди, Ироқ ва Чилида намойишлар давом этяпти. Қароргоҳи Лондонда жойлашган The Guardian нашри ўтган ҳафта бутун дунёда содир бўлган шу ва бошқа воқеаларнинг ўз наздидаги энг муҳимларига диққат қаратди.

Иордания пойтахти Аммонда Фаластинлик қочоқлар Доналд Трампнинг “аср келишуви” деб номланган, мустақил Фаластин давлати тузилиши кўзда тутилган режасига қарши намойишга  чиқди. Ушбу “келишув” матни тўлалигича Исроил манфаатларини кўзлаб ёзилгани, Қуддус шаҳри унга пойтахт қилиб берилаётгани учун уни оддий фаластинликлар ҳам, Фаластин мухторияти раҳбарияти ҳам кескин рад этди. Хусусан, Фаластин президенти Маҳмуд Аббос “Қуддус сотилмайди”, дея кескин жавоб қайтарди. 

Мексиканинг Гуэрреро штати Аяҳуалтемпа қишлоғида ёш болаларга жамоавий полиция кучлари қурол ишлатишни ўргатяпти. Бу ҳудудларда шафқатсиз наркокартел гуруҳлари борлиги сабабли беш ёшдан ошган болаларга ўзи ва оиласини ҳимоя қилиш ўргатилади. Мексика йилларки наркокартеллар ўртасидаги қирғинбарот келшимовчиликлардан азият чекиб келади. 

Чили пойтахти Сантягода президент Себастян Пинерага қарши аксилҳукумат намойишлар тўртинчи ойга кирди.

Ўтган ҳафта, 2020 йилнинг 27 январ куни Полшанинг Освенцим шаҳри яқинидаги Аушвиц-Биркенау ўлим лагери нацистлардан озод қилинганига роппа-роса 75 йил тўлди. Шу муносабат билан уюштирилган хотира маросимида бу лагердаги қирғинлардан омон қолганлар ва Полша президенти Анжу Дуда иштирок этди.  

Ироқликлар ҳам ҳукуматнинг ислоҳотлар борасидаги сусткашлигидан норози. Бағдоддаги Ал-Хилланий майдонида полиция намойишчиларга қарши кўздан ёш оқизувчи газ қўллади. 

2019 йил 31 декабрда расман эълон қилинган ва 2020 йил 23 январда Ухан шаҳри қамалга олиниши билан ваҳималарга сабаб бўлган Хитой коронавирусидан ҳар ким қўлидан келганча ҳимояланишга уринмоқда. Пойтахт Пекин аэропортидан учиб кетишга ҳозирлик кўраётган болалар юзига ниқоб тақиш билан бирга бошини пластик идиш билан ўраб олган.

Хитойда янги пайдо бўлган 2019-nCoV коронавируси барча нашрларнинг янгилик устунларини забт этган. Шунинг учун Австралияда ҳали ҳам давом этаётган ўрмон ёнғинлари асосий сарлавҳаларда кўринмай қолди. Ваҳоланки, пойтахт Канберра атрофидаги ҳам кучли ёнғинлар содир бўляпти. Австралия Пойтахт Ҳудуди бош вазири Эндрю Барр ўтган жума куни айни ҳудудда фавқулодда вазият тартибини эълон қилди. 

Яна коронавирус мавзуси, яна эҳтиёт чораси сифатида юзниқоб устидан пластик идиш кийиб олган болакайлар. Бу болалар Хитойнинг Гуанчжоу шаҳри халқаро аэропортида мамлакатдан ташқарига учиб кетишни кутиб ўтирибди.  

Чўл чигирткалари Насулу қўриқхонасига ҳужум қилди. Кенияда сўнгги етмиш йилда энг йирик миқёсдаги ҳашаротлар ҳужуми кузатиляпти.  

Австралиядаги ўрмон ёнғинларидан яна бир лавҳа. Пойтахт Канберра яқини. 

Хитойнинг Ухан шаҳридан олиб чиқилган талабалар Индонезиянинг Батам шаҳридаги Ҳанг Надим халқаро аэропортига қўниши билан коронавирус хавфи туфайли тўлиқ дизинфекциядан ўтказиляпти.

Лондоннинг Стретҳем шоҳкўчасида йўловчиларга ҳужум қилган 20 ёшли Судеш Аммон полиция томонидан отиб ўлдирилди. Кейинроқ бу воқеа террорчилик ҳужуми деб эълон қилинди. 

Манила халқаро аэропортида ўз парвозларини кутиб турган йўловчилар. Баъзилар коронавирус хавфи туфайли ниқоб таққан. Филиппин президенти Родриго Дутерте Хитой ва унга тегишли ҳудудларга саёҳат қилишга тақиқ қўйди. Бундан ўз мамлакатига қайтаётган филиппинликларгина мустасно.

Гуроймак туманидаги Будакли қишлоғида болалар қишнинг аёзли кунида 40℃ иссиқликдаги булоқ сувида ўз отларини чўмилтиряпти. Туркиянинг Битлис вилояти. 

Малайзиялик аёл Куала-Лумпур халқаро аэропортида ҳимоя ниқобини тақяпти. Ўтган ҳафта Селангор штатида яшовчи 41 ёшли эркак Малайзияда коронавирус аниқланган биринчи шахс бўлди. 

Туркиянинг энг шарқий Ван вилоятида кучли қор бўронлари сабаб катта йўлда қор кўчкиси содир бўлди. Биринчи кўчки сешанба куни кечқурун Ван-Боғчасарой йўлида юз берган, ичида йўловчилари бор микроавтобус 40 метрлик жарликдан пастга қулаган. Қидирув-қутқарув ишлари бошланиб, 200 га яқин киши бу ерга етиб келганида чоршанба куни иккинчи кўчки юз берган. Оқибатда жами 38 киши ҳалок бўлгани айтиляпти. 

Қримнинг Ялта шаҳрида 1945 йил 4-11 феврал кунлари ўша пайтда дунёдаги уч қудратли мамлакат – СССР, АҚШ ва Буюк Британия раҳбарлари иштирокида халқаро конференция бўлиб ўтган, унинг якунида Германия устидан ғалаб қозонилгандан кейин қилинадиган ишлар режалаштириб олинган эди. Ўша конференциянинг 75 йиллиги нишонланар экан, уч хил ҳарбий кийим кийиб, байроқ кўтариб олган маросим қатнашчилари Уинстон Черчил, Франклин Рузвелт ва Иосиф Сталин ҳайкали олдидан ўтмоқда. 

Афғонистон пойтахти Кобулдаги машҳур Қарға кўли атрофида чойфуруш мижоз кутяпти. 

Хитойда коронавирусдан эҳтиёт чоралари чўққисига чиққан бир вазиятда кимдир ҳазиллашиб Пекиндаги бронза ҳайкаллардан бирига ниқоб тақиб кетди. Сўнгги маълумотларга кўра, Хитой коронавирусидан ҳозирги дақиқаларгача жами 28 344 киши касалланган, 565 киши вафот этган, яна 1 339 киши эса ундан тўлиқ соғайиб кетган. 

Туркия шарқида кучли қор бўронлари юз беряпти. Муш вилоятида яшовчи киши қорга кўмилиб қолган уйининг деразасидан ташқарига қараб турибди.

Бугун энг кўп муҳокама қилинаётган, ахборот нашрларининг сарлавҳаларини эгаллаган мавзу шубҳасиз Хитойда 2019 йил охирида пайдо бўлган ва бугунга келиб бу мамлакатдаги кўплаб соҳаларни фалажлаб қўйган 2019-nCoV коронавирусидир. Чангша шаҳрида кўнгиллилар ҳимоя кийимларини кийиб олганча темирйўл бекатини дизинфекция қилиб чиқяпти.  

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан