Ҳафта суратлари: барчани хавотирга солаётган коронавирус, Африкага ҳужум қилган чигирткалар, Туркиядаги зилзила, намойишлар...

Ҳафта суратлари: барчани хавотирга солаётган коронавирус, Африкага ҳужум қилган чигирткалар, Туркиядаги зилзила, намойишлар...

Хитой янги пайдо бўлган коронавирус туфайли 46 миллион киши яшайдиган 16 та йирик шаҳрини ташқи дунёдан узиб қўйди, Хитойга қўшни давлатларда ҳам, ундан узоқ мамлакатларда ҳам бу вирусга чалинган беморлар аниқлана бошлади, Австралияда ўрмон ёнғинларидан кейин қум бўрони ва кучли ёмғирлар кузатиляпти, Ливанда аксилҳукумат намойишчилар фаоллашди, Освенцим концентрацион лагери озод қилинганига 75 йил тўлди. Қароргоҳи Лондонда жойлашган The Guardian нашри ўтган ҳафта бутун дунёда содир бўлган шу ва бошқа воқеаларнинг ўз наздидаги энг муҳимларига диққат қаратди.

Австралиялик қизалоқ чўлда кўтарилган қум бўронига қараб югуряпти. Момоқалдироқлар натижасида юзага келган кучли шамоллар қум бўронларини келтириб чиқарди. Мамлакатнинг Янги Жанубий Уэлс ва бошқа шарқий минтақалари сўнгги ойларда аввал кучли ўрмон ёнғинлари, унинг кетидан ёмғир ва қум бўронлари гирдобида қолди.

Грециянинг Лесбос оролидаги Мориа қочқинлар лагери. Африка давлатлари, Сурия ва Афғонистондан Европага етиб олиш учун Ўрта ер денгизини кечиб ўтадиган қочқинларнинг бир қисми шу оролда ўрнашиб қолади. Бу ердаги абгор шароитдан касалга чалинаётган болалар сабабли Греция ҳукумати танқидга тутиб келинади. Айни пайтда ҳам 100 нафардан ортиқ бола касал ва уларни зудлик билан оролдан бошқа жойга кўчириш керак. 

Филиппиннинг Батанга вилояти Лузон оролида жойлашган Таал вулқони отилди. Яқин атрофдаги далалар, уйлар вулқондан чиққан кул билан қопланди.

Тиббий ниқоб тақиб олган ҳарбий полиция зобити Шанхай темирйўл бекатида навбатчилик қиляпти. Хитой ҳукумати 2019 йил охирида пайдо бўлган янги 2019-nCoV коронавируси туфайли 46 миллион киши яшайдиган 16 та шаҳарни ташқи дунё учун ёпди: бу шаҳарлар билан бошқа ҳудудлар ўртасида ҳар қандай транспорт ҳаракати чекланди, шаҳарлар ичида жамоат транспорти бутунлай бекор қилинди, шахсий автомобилларда юришга ҳам қатор чекловлар ўрнатилди. Энг қатъий чоралар ушбу вирус пайдо бўлган Ҳубей провинциясидаги Ухан (Вуҳан) шаҳрида қўлланяпти: шаҳарга кириш-чиқиш йўллари бутунлай беркитилган, одамларнинг кириш-чиқишига тўлиқ тақиқ қўйилган.

2019-nCoV коронавируси пайдо бўлган Хитойнинг Ухан шаҳридаги Жинйинтан касалхонаси. Шаҳардаги барча касалхоналар шамоллаш аломатларидан шикоят қилиб келган беморлар билан тўлиб-тошган. Сўнгги соатлардаги маълумотларга кўра вирус билан зарарланганлар сони Хитойнинг ўзида 5 500 кишидан ошиб кетган, 132 киши вафот этган

Касаллик ўчоғи бўлган Уханда вирусдан зарарланганлар сони тезлик билан ошиб боряпти, мавжуд касалхоналар бунчалик катта беморлар оқимини қабул қила олмаяпти. Хитой ҳукумати зудлик билан шаҳарда 2 та йирик касалхона қуриб битиришга буйруқ берди. Улардан бири 2, иккинчиси эса 5 февралда очилиши керак. Қурилиш ишлари кечаю кундуз тўхтовсиз давом этяпти.

Муҳожирлар Гватемаланинг Текун Уман минтақасидан Сучиате дарёси орқали Мексикага киришга уриняпти. Ҳар йили минглаб инсонлар Лотин Америкаси давлатларидан Мексикага қараб пиёда йўлга чиқади: уларнинг мақсади коррупция, жиноятчилик ва қашшоқликдан қийналаётган мамлакатларини тарк этиб, Мексика орқали АҚШга кириб олиш.

Катитика қишлоғидаги фермернинг қизи экин даласига ҳужум қилган чўл чигирткаларини ҳайдашга уринмоқда. Бу йил Африка шарқида кузатилаётган ноодатий иссиқ ҳаво туфайли минтақа давлатларидаги экинзор ва боғларга чигиртка галалари ёпирилди. Эфиопия ва Сомалидан кейин энди Кениядаги деҳқонлар ҳам бу ҳашаротлардан азият чекяпти. Чўл чигирткалари ҳужуми ҳосилни йўқ қилиб, озиқ-овқат етишмовчилигига сабаб бўлиши мумкин.

 

Швейцариянинг Давос шаҳрида ҳар йили бўладиган дунё етакчиларининг 50-иқтисодий форумида бу йил швециялик экофаол, 17 ёшли Грета Тунберг ҳам иштирок этиб, сиёсатчиларни иқлим муаммоларига кўпроқ эътибор қаратишга чақирди.

2020 йил 24 январ куни маҳаллий вақт билан 20:55 да эпицентри Туркия марказидаги Элазиғ шаҳри атрофида бўлган 6,8 балли, кучли зилзила юз берди. Сўнгги маълумотларга кўра ушбу табиий офат оқибатида 41 киши ҳалок бўлиб, 1 607 нафар инсон жароҳатланган.

Хитойнинг Ухан шаҳридаги барча касалхоналарда тиббиёт ходимлари ҳимоя кийимларида юрибди. Шаҳар дунёдан узиб қўйилган.

Миср пойтахти Қоҳиранинг Дарбул-Аҳмар мавзесида жойлашган, бир неча асрлик тарихга эга, ҳамон қўл меҳнати билан ишлайдиган қадимий тўқимачилик устахонаси. Мисрда аксар ишчилар гигиена ва техник хавфсизликка риоя қилмайди, турли кимёвий моддалардан сақловчи ниқоб ва қўлқоплардан фойдаланмайди. Бу халқнинг қашшоқлиги ва асрлар бўйи шаклланиб келган ўта таваккалчилик менталитети билан изоҳланади.

Немис нацистлари қурган Полшадаги Освенция (Аушвиц) концентрацион лагеридан омон қолиб, бугунгача ҳаёт бўлганлар у ерда қурбон бўлганларни хотирлаш учун йиғилди. Ушбу лагер 1945 йил 27 январ куни Совет Иттифоқи қўшинлари томонидан озод қилинган. 

Индонезиянинг Ачеҳ шаҳридаги Султон Искандар Муда халқаро аэропортида учиб келувчилар термографик монитор орқали текширилмоқда. 2019-nCoV коронавируси барча мамлакатларни ўз чегараларидаги кириш-чиқиш жойларида айни чораларни қўллашга мажбур қиляпти. Индонезия вирус ўчоғи бўлган Хитойнинг Ухан шаҳри билан ҳаво қатновларини бутунлай тўхтатганини расман эълон қилди. 

Ливан пойтахти Байрутда аксилҳукумат намойишчилар парламент биноси олдини тўсиб олди. Улар 2020 йил бюджетини муҳокама қилмоқчи бўлаётган депутатларни бинога киритмаслик ниятида. Мамлакатда сўнгги ҳафталарда ҳукумат истеъфоси талаби билан қайтадан намойишлар бошланди.

Caspian Airlines авиакомпаниясига қарашли самолёт Эрон жанубидаги Моҳшаҳр аэропортига қўниш чоғида учиш-қўниш йўлагида тўхтай олмай, аэропорт ташқарисидаги магистрал йўлга қўнишга мажбур бўлди. Бортда бўлган 135 йўловчи ва 7 экипаж аъзосидан бирон кишига шикаст етмаган. Эрон самолётлари кўп ҳолларда хавфсизлик талабларига жавоб беролмайди, мамлакатда самолётлар билан боғлиқ ҳалокатлар юз бериб туради. Яқинда Украина авиакомпаниясига қарашли Boeing 737-800 самолёти ҳам Эрон ҳарбийларининг хатоси туфайли Теҳрон осмонида уриб туширилган эди.

Ҳонгконгни Хитойнинг материк қисми билан боғловчи поезд темирйўл бекатида ўтирган йўловчи коронавирус хавфи туфайли респиратор ва кўзойнак тақиб олган. Хитой ҳукумати ўз фуқароларини вирус тарқалмаслиги учун мамлакат ташқарисига сафар қилмасликка чақиряпти. Айни соатларгача бу вирус туфайли 5 582 киши зарарланган, 132 киши эса вафот этди

Индонезиянинг Ғарбий Нуса Тенгара ҳудудидаги касалхона ходими ажратилган қисм эшигидан ташқарига қараяпти. Матарамдаги касалхонанинг бу қисмида Хитой коронавирусига чалинган деб гумон қилинганлар текширувдан ўтказилади. Хитойга яқин ёки чегарадош бўлган барча мамлакатлар вирус ўз ҳудудларига кирмаслиги, тарқалмаслиги учун қатъий хавфсизлик усулларини қўллашга ҳаракат қиляпти.

27 январ куни Афғонистоннинг Ғазни вилоятида АҚШ армиясига қарашли Bombardier E-11A ҳарбий самолёти қулаб тушди. Толибон ҳаракати бу самолётни ўз ҳарбийлари уриб туширганини маълум қилди. Баъзи хабарларга кўра унинг бортида январ ойи бошида Эрон Ислом Инқилоби муҳофизлари корпусининг Қудс бўлинмаси қўмондони Қосим Сулаймонийни ўлдириш режасини ишлаб чиққан МРБ зобити Майкл Д’Андреа ҳам бўлган. Самолётдагиларнинг барчаси ҳалок бўлган. 

Ғазодаги Аш-Шати қочқинлар лагерида яшайдиган қизалоқ эшик ўрнига осиб қўйилган парда олдида. 

Англиянинг Кумбрия минтақасида кучли қор бўрони кузатиляпти. Англия ғарби ва Уэлсда яқин кунларда кучли қор бўронлари эҳтимоли борлиги учун огоҳлантиришнинг сариқ даражаси эълон қилинган.