Ҳафта суратлари: икки ойлик намойишлардан кейин истеъфога чиқаётган Ироқ бош вазири, Албанияда зилзила, Ким Жонг Ин энди аёллар қуршовида, Калифорнияда ўрмон ёнғинлари

Ҳафта суратлари: икки ойлик намойишлардан кейин истеъфога чиқаётган Ироқ бош вазири, Албанияда зилзила, Ким Жонг Ин энди аёллар қуршовида, Калифорнияда ўрмон ёнғинлари

©️ Martin/AFP/Getty Images

Ўтган ҳафтада Албанияда кучли зилзила юз берди, Сантягода аксилҳукумат намойишчилар ва полиция ўртасидаги тўқнашувлар давом этди, Ироқ бош вазири норозиликлар манзарасида истеъфо беришини маълум қилди, Foresta Foundation Монтанан Негрода ўрмонни қайта тиклаш учун ҳаракат бошлади. Қароргоҳи Лондонда жойлашган The Guardian нашри ўтган ҳафта бутун дунёда содир бўлган шу ва бошқа воқеаларнинг ўз наздидаги энг муҳимларига диққат қаратди.

Тутунга тўлган Мехико кўчалари. Ҳукумат аёлларга қарши зўравонликларни тўхтата олмаётганидан норози бўлиб кўчага чиққан намойишчилар уй деразаларини синдириб, полиция билан тўқнашди.

Суд тиббий-экспертиза зобити Лондон кўпригида одамларга пичоқ билан ҳужум қилган террорчи полиция томонидан отиб ташланган жойни кўздан кечиряпти. Бу ҳужум оқибатида бир эркак ва бир аёл ҳалок бўлди.

Калифорнияда бошланган ўрмон ёнғинлари мана бир неча ҳафтадирки давом этяпти. Ўтган ҳафта Лос-Падрес миллий ўрмонини ҳам олов чулғаб олиши натижасида 6 000 нафардан ортиқ киши бу ҳудуддан кўчирилди.

Foresta Foundation (“Ўрмон жамғармаси”) ташкилотининг кўнгилли вакиллари Валлесеко шаҳри яқинидаги Монтанан Негро тоғида ўтган йили ёниб кетган ўрмон ўрнида дарахт экяпти. Испанияга қарашли Канар ороллари ҳудуди, Лас-Палмас провинцияси.

Сайёҳлар “сув шаҳри” Венециянинг сув остида қолган марказий Авлиё Марк майдонини суратга туширяпти. Шаҳар бир неча ҳафта давомида сув остида қолиб, унга миллионлаб евро зарар етиши ортидан Италия ҳукумати ўтган ҳафта Венецияда фавқулодда ҳолат тартибини эълон қилди.

Жанубий Суданнинг Мабан туманида йирик сув тошқини юз бериши ортидан бу ерда яшовчи қочқинлар маҳаллий аҳолига балиқ тутишда кўмаклашяпти. Мамлакатнинг шарқий ҳудудларида сурункали ёмғир ёғиши оқибатида келиб чиққан сув тошқинлари сабабли 420 000 дан ортиқ аҳоли ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган. Мабан туманида эса бир неча йиллардан бери Жанубий Суданнинг бошқа ҳудудларидаги қуролли зиддиятлардан қочиб келган 142 000 дан ортиқ қочқин жон сақлайди.

Кучли қуюн Калифорниянинг Санта-Барбара ҳудудида куйиб кулга айланган ўрмонларнинг тупроғини осмонга кўтаряпти. Бу ерда ўтган душанба бошланган ёнғиндан кейин 4 000 акр ердаги ўрмон ёниб кетди.

Ёнаётган машина шиналари билан тўсиб қўйилган Ироқнинг Басра кўчаларида болалар ўз ўйини билан машғул. Мамлакат сўнгги йиллар давомидаги энг йирик норозилик намойишларига гувоҳ бўляпти. Икки ойлик норозиликлардан сўнг Ироқ бош вазири Одил Абдулмаҳдий истеъфога чиқишини эълон қилди.

Матбуот анжуманида Ҳонгконг Политехника Университети ҳудудида ҳеч қандай намойишчи қолмагани ҳақида эълон қилингач, тиббиёт хизмати ходимлари у ерни тарк этяпти.

Ироқ пойтахти Бағдоддаги норозиликлар вақтида намойишчи “Молотов коктейли”ни ушлаб турибди. Сўнгги ҳафталарда қарийб икки юзга яқин кишининг ўлимига сабаб бўлган намойишлар натижасида мамлакат бош вазири истеъфога чиқишини эълон қилди.

Албаниянинг Дуррес шаҳрида ўтган сешанба куни анча кучли зилзила рўй берди. Рихтер шкаласи бўйича 6,4 баллга етган зилзила натижасида камида 23 киши ҳалок бўлиб, 600 дан ортиғи жароҳатланди.

Женевадаги Ригот бошпана изловчилар манзилгоҳида яшайдиган қизча деразадан ташқарига боқяпти.

Қизалоқ Лесбос ороли маркази Митилен яқинидаги Мория муҳожирлар лагеридан ташқарида айланиб юрибди. Ўтган ҳафта Греция ҳукумати муҳожирлар билан тўлиб-тошган ва Туркия ҳудудига яқин жойлашган 3 та лагерни ёпиб, уларни йирикроқ сиғимдаги лагерларга кўчириши ҳақида эълон қилди.

Сантягода аксилҳукумат намойишчилар полиция билан тўқнашяпти. Чили президенти Себастян Пинера ўтган ҳафта парламентга мурожаат қилиб ижтимоий инфратузилмаларни ҳимоя қилиш учун ҳарбийларни кўчаларга қайтаришга рухсат сўради. Мамлакатда норозилик намойишлари бошланганига беш ҳафтадан ошган айни кунларда хавфсизлик кучлари фуқароларга нисбатан зўравонлик қўллагани ҳақида янги-янги хабарлар юзага чиқяпти.

Ливерпулдаги Энфилд ўйингоҳи. Маҳаллий “Ливерпул” ва Италиянинг “Наполи” футбол клублари тўқнашувига яқиндан назар. Ўйин 1-1 ҳисоби билан тугаган.

Шимолий Корея етакчиси Ким Жонг Ин мамлакат армиясининг 5492-бўлинмасидаги аёл ҳарбий хизматчилар қуршовида. Мустақил журналистларга воқеаларни ёритиш учун рухсат берилмайдиган Шимолий Кореяда бу каби суратлар давлат ахборот агентлиги томонидан тарқатилади.