Ҳафта суратлари: Хитой коронавируси авжига чиқяпти, импичментни енгиб ўтган Трамп, Шаржада “нур фестивали”, Таиландда отишма

Ҳафта суратлари: Хитой коронавируси авжига чиқяпти, импичментни енгиб ўтган Трамп, Шаржада “нур фестивали”, Таиландда отишма

2019 йил охирида Ухан шаҳрида пайдо бўлган Хитой коронавирусига COVID-19 деб ном берилди – ундан энди янада кўпроқ одам зарарланяпти, АҚШ тарихида учинчи марта содир бўлган президентга нисбатан импичмент жараёни яна муваффақиятсиз якунланди, Истанбулда йўловчи самолёти ҳалокатга учради, Ирландияда муқаддам террор ҳаракатларига алоқадорликда айбланган сиёсий партия сайловларда катта миқдорда овоз олди, Корея Хал Армияси ташкил этилганига 72 йил тўлди. Қароргоҳи Лондонда жойлашган The Guardian нашри ўтган ҳафта бутун дунёда содир бўлган шу ва бошқа воқеаларнинг ўз наздидаги энг муҳимларига диққат қаратди.

АҚШ президенти Доналд Трамп Washington Post газетасининг бош саҳифасини намойиш қиляпти. Ўтган ҳафта АҚШ Сенати президент Трамп импичменти бўйича оқлов ҳукмини чиқарди, шу билан мамлакат тарихида учинчи марта рўй берган жараён аввалгилари каби натижасиз тугади. © Leah Millis/Reuters

Пекиндаги дўконлардан бирида коронавирусдан сақланиш учун ҳимоя ниқобини таққан аёл. Хитойнинг Ухан шаҳрида 2019 йил охирида пайдо бўлган COVID-19 коронавирусидан бугунгача зарарланганлар сони 60 347 кишига етди, 1 369 киши вафот этган бўлса, 6 122 киши бу касалликдан буткул соғайиб кетди. © Kevin Frayer/Getty Images

Туркиянинг энг йирик шаҳри бўлган Истабулнинг Осиё қисмида жойлашган Сабиҳа Гўкчен халқаро аэропортида ўтган чоршанба куни Boeing 737-800 самолёти қўниш пайтида ҳалокатга учради ва аэропорт яқинидаги жарликка қулаб, уч қисмга бўлиниб кетди. Самолёт бортида бўлганлардан 3 киши ҳалок бўлди, 179 киши касалхонага ётқизилди. © Emrah Gürel/AP

Францияда коммунал хизмат кўрсатиш соҳасидаги ишчилар президент Эммануэл Макроннинг пенсия ислоҳотига қарши намойишга чиқди. © Kiran Ridley/Getty Images

Ғарбий Соҳилдаги Билин шаҳрида фаластинликлар АҚШнинг “аср келишуви”га қарши норозилик намойиши уюштирди. АҚШ таклиф этаётган режага кўра Исроил томонидан хақларо қонунларгша зид тарзда қурилган яҳудий манзилгоҳлари ўз ўрнида қолиши керак. Девор ортида Модиин Иллит яҳудийлар манзилгоҳи кўриниб турибди. © Mohamad Torokman/Reuters 

Расман Хитойга қарашли бўлган Ҳонгконг кўчаларида ниқоб тақиб кетаётган киши. Ҳонгконгда коронавирусга чалинган кишилар сони 50 нафарга етди. © Anthony Wallace/AFP via Getty Images

Ирландиянинг Инишбофин оролида жойлашган сайлов участкаси олдида қўриқчи зобит ва участка масъули сайлов бошланишига тайёргарлик кўряпти. Мамлакатда ўтган ҳафта бўлиб ўтган миллий сайловларда Ирландия Республикачилар партиясининг сиёсий қаноти бўлган Sinn Féin (“Ўзимиз”) партияси катта миқдорда овоз олиб, сўнгги 90 йилда биринчи бор коалицион ҳукумат таркибига киришга яқин турибди. Ўтмишда бу партия Шимолий Ирландиядаги террорчилик ва тартибсизликларга алоқадорликда айблаб келинган. © Phil Noble/Reuters

Бирлашган Араб Амирликларининг учинчи йирик шаҳри бўлган Шаржада ҳар йилги “нур фестивали” бошланди. Бу фестивал 10 йилдан бери ўтказиб келинади, минглаб сайёҳлар февралнинг иккинчи ҳафтасида уни кўргани ташриф буюради. © Giuseppe Cacace/AFP via Getty Images 

“Союз” ракетаси Қозоғистондаги Бойқўнғир космодромидан фазога кўтариляпти. Ракета фазога OneWeb сунъий йўлдошларини элтади. © Reuters 

Коронавирус эпидемияси туфайли Хитойдан олиб келинган йўловчилар самолётдан Буюк Британия заминига тушиши билан Оксфорд яқинидаги Қироллик Ҳаво Кучларига қарашли базага карантин учун жойлаштириляпти. © Peter Nicholls/Reuters 

2020 йил 8 феврал куни Таиланднинг Накҳон Ратчасима шаҳрида 32 ёшли ҳарбий Жакрапант Тҳомма савдо марказига қурол билан бостириб кириб у ердагиларга ўқ узиши ва ўнлаб кишиларни гаровда ушлаб туриши оқибатида 21 киши ҳалок бўлиб, 30 киши жароҳатланди. Туни билан давом этган қутқарув амалиёти сўнгида ҳарбийнинг ўзи ҳам полиция томонидан отиб ўлдирилди. © Rungroj Yongrit/EPA

Корея Халқ Армияси ташкил этилганининг 72 йиллигига бағишланган маросимга йиғилганлар Пхеняндаги Мансу Ҳилл майдонида ўрнатилган Ким Ил Сан (Ким Ир Сен) ва Ким Жонг Ил (Ким Чен Ир) ҳайкалларига таъзим қиляпти. Ўта қаттиқ авторитар ва диктатура бошқаруви остида яшайдиган Шимолий Кореяда (расмий номи Корея Халқ Демократик Республикаси) шахсга сиғиниш анъанаси оддий ҳол саналади: давлат етакчиларининг барча қарорлари сўзсиз қабул қилинади, улар ҳам хато қилиши мумкинлиги ҳақидаги фаразларга ўрин берилмайди. © Kim Won Jin/AFP via Getty Images

Хитой коронавируси – COVID-19 деб ном берилган вирус ўчоғи бўлган Ухан шаҳридаги касалхоналардан биридаги беморларни интенсив муолажа қилиш бўлими. © China Daily/Reuters

Бразилиянинг Анаполис шаҳридаги ҳаво кучларига қарашли аэродром ҳарбийлари ҳимоя кийимларини кийиб олган. Бортида Хитойнинг Ухан шаҳридан олиб келинадиган Бразилия фуқаролари бўладиган самолётлар айнан шу ерга қўнади. © Adriano Machado/Reuters

Эроннинг Хумайн шаҳридаги Диба Парчам Хумайн фабрикасида юлдуз ва чизиқлардан иборат АҚШ байроқлари ҳамда Довуд юлдузига эга Исроил байроқларини тайёрлаш жараёни. Бу ишларнинг барчаси тутун ва бўғиқ ҳаволи муҳитда бажарилади. Ушбу фабрика АҚШ ва Исроил байроқларини энг кўп ишлаб чиқарувчилардан бири – бу байроқлар эса Ислом Республикасида давомий тарзда уюштириб туриладиган аксиламерика ва аксилисроил намойишларида ёқиш учун фойдаланилади. © Ebrahim Noroozi/AP

2020 йил 11 феврал, душанба куни Хитой ой тақвимига кўра янги йил байрам таътили расман тугаганига қарамай Пекин метросида йўловчилар деярли йўқ. Коронавирус таҳдиди кўпчиликни таътилдан кейин ҳам уйида қолишга мажбур қиляпти. © Andrea Verdelli/Getty Images   

Истанбул осмонида тўлин ой кўриниши. Феврал ойида ойнинг мана шундай тўлиқ шаклда кўриниши “қорли ой” деб аталади. © Erdem Şahin/EPA

Янги Деҳлида ҳукуматнинг баҳсли “Фуқаролик қонуни”га қарши норозилик намойиши. 2019 йил декабрда Ҳиндистоннинг миллатчи Нарендра Модиқ бошчилик қиладиган жорий ҳукумати “Фуқаролик қонуни”ни эълон қилган, унга кўра мамлакатга қўшни давлатлардаги мусулмон бўлмаган миллий озчиликлар Ҳиндистонга келиб фуқаролик олиши енгиллаштирилган эди. Бу ҳужжатдан норозилар эса уни “конституцияга зид ва мусулмонлар ҳуқуқини камситувчи” дея атаб, мунтазам норозилик намойишларини уюштириб келади. © Danish Siddiqui/Reuters

Демократик партиядан АҚШ президентлигига номзод бўлиши кутилаётган мустақил сенатор Берни Сандерс ва конгрессмен Александрия Окасио-Кортес Ню-Ҳемпшир шатининг Дурҳем шаҳридаги бошланғич сайловлар (партия ичидаги танлов) олдидан. Кўпчилик таҳлилчиларга кўра, Берни Сандерс бу йил Демократик партия номидан номзод бўлиши эҳтимоли кўпроқ. Унинг энг кўзга кўринган рақиби, собиқ вице-президент Жо Байденнинг имкониятлари эса анча паст баҳоланяпти. © Mike Segar/Reuters 

Кунминдаги биржада гул савдоси бўйича кимошди савдоси ўтказиляпти. Хитой жанубидаги Юннан провинцияси маркази бўлган бу шаҳарда ҳам коронавирус хавфи туфайли ҳамма ҳимоя ниқоби тақиб олган. © Reuters

Пекин темирйўл бекатига келган йўловчи ҳам коронавирусга қарши барча зарурий ҳимоя воситаларини қўллаган. © Wu Hong/EPA

Ливанда ҳукуматга қарши норозилик намойишлари давом этяпти. Бир гуруҳ фаоллар парламентга кириш эшигини тўсиб қўйишга урингани ортидан бино атрофи полиция томонидан қўриқлана бошлади. © Sam Tarling/Getty Images

Англиядаги энг қадимий почта ва юк ташиш бўйича хизмат кўрсатувчи компания бўлган Royal Mail ходими Камбрия графлигидаги қор босган йўлда машина юқорига чиқиб олиши учун ёрдамлашяпти. © Owen Humphreys/PA

Англиянинг Ҳемпшир графлигида қуёш чиқяпти. © Andrew Matthews/PA