Ҳафта суратлари: Японияда янги император, Чилида намойишлар тинмаяпти, Калифорния ёнғинлари

Ҳафта суратлари: Японияда янги император, Чилида намойишлар тинмаяпти, Калифорния ёнғинлари

Ўтган ҳафта Чилида аксилҳукумат намойишлар давом этди, Японияда янги император тахтга ўтирди, шиалар "Арбаин" маросимини нишонлади. Қароргоҳи Ню-Йоркда жойлашган AP – Associated Press халқаро агентлиги ўтган ҳафта бутун дунёда содир бўлган шу ва бошқа воқеаларнинг ўз наздидаги энг муҳимларига диққат қаратди.

Янги Орлеанда қурилаётган Hard Rock Hotel олдидаги кўтарма кранлар қисман қулаши оқибатида бинода портлаш ва ёнғин келиб чиқди. Натижада уч ишчи ҳалок бўлди. 2019 йил 20 октябр, якшанба.

Кинкейд ёнғини (Kincade Fire) Калифорния штати, Сонома округига қарашли Жимтаун шаҳарчасидаги машинани “еб битиряпти”. Иқлим ўзгаришлари боғланаётган Калифорния ёнғинлари 23 октябрда бошланган бўлса, бугунгача 74 300 акр (301 км2) майдондаги ўрмон ва экинзорларнинг кулини кўкка совурди. 2019 йил 24 октябр, пайшанба.

Каталония мустақиллигини талаб қилиб чиққан намойишчилар Барселонадаги Ички ишлар департаменти олдида йиғилди. Намойишчилар Испания Олий Суди икки йил олдин мустақиллик референдумини ташкиллаштирган тўққиз сиёсий етакчини қамоққа ҳукм қилганидан ғазабда. 2019 йил 21 октябр, душанба.

Венесуэла мухолифатидан бўлган намойишчи пойтахт Каракасдаги давлат электр тармоқлари компанияси бош қароргоҳига олиб борувчи йўлни тўсиб қўйган Миллий Гвардия аскарлари билан гаплашишга уринмоқда. Намойишчилар мамлакат ғарбидаги Зулиа штати аҳолисини қўллаб-қувватлаш учун йиғилди. Бу штатликлар электр энергияси узилишидан азият чекмоқда: штатда баъзида бир кунда 20 соатдан ортиқ электр берилмайди. Собиқ президент Уго Чавес ўлимидан сўнг иқтисодий инқирозга кирган Венесуэланинг ўзида эса йил бошидан буён сиёсий қарама-қаршиликлар ва тартибсизликлар юзага келди. 2019 йил 24 октябр, пайшанба.

Сантягода полиция билан тўқнашувлар вақтида жароҳатланган намойишчига одамлар ёрдам кўрсатяпти. Даставвал метродаги йўлҳақи оширилганига қарши бошланган Чили намойишлари аксилҳукумат кўринишга келди ва энди норозилик ҳаракати иштирокчилари таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларини ислоҳ қилиш, иш ҳақларини эса кўтаришни талаб қиляпти. 2019 йил 21 октябр, душанба.

Шиа оқимига мансуб бўлган отасига тақлид қилган бола қўлини кўтариб кўкрагига уряпти. Бу одат “Арбаин” – қирқ кунлик мотам тугагани муносабати билан қилинади. Ҳижрий 61 йил Муҳаррам ойининг 10-куни/милодий 680 йил 10 октябрда Ироқнинг Карбало шаҳри яқинидаги саҳрода ўлдирилган Ҳусайн ибн Али розияллоҳу анҳумо Муҳаммад алайҳиссаломнинг қизи Фотима томондан кенжа невараси саналади. У қатл этилган кун – “Ашуро”дан мотам тутишни бошлаган шиа оқимидагилар роппа-роса қирқ кун ўтиб бу маросимни якунлайди. Мана шу якун “Арбаин” деб аталади. Покистоннинг Лаҳор шаҳри. 2019 йил 20 октябр, якшанба.

Ҳонгконгда ҳалигача давом этаётган намойишлар вақтида намойишчилар полицяичилар отаётган кўздан ёш оқизувчи газ ва тутунли шашкалардан ҳимояланяпти. Июн ойидан бери кўчаларни тўлдирган норозилик ҳаракати аъзолари тўлиқ демократия ва ноқонуний амалларга қўл урган полициячиларни жазолашни талаб қиляпти. 2019 йил 20 октябр, якшанба.

Япония валиаҳд шаҳзодаси Акишино (ўнг томонда) ва бўлажак маликаси Кико (ўнгдан иккинчи) Токиодаги “Кашикодокоро” империя қасридаги тахтга ўтириш маросимига кириб келмоқда. Японияда ўтган ҳафта янги император – Наруҳито тахтга ўтирди. У 1 май куни ёши ўтиб қолгани учун императорликдан воз кечган отаси Акиҳито ўрнига Япониянинг 126-императори бўлди. 2019 йил 22 октябр, сешанба.

АҚШ президенти Доналд Трамп автопойгачи ва кашфиётчи Рожер Пенскени Президент Озодлик медали билан тақдирлаш маросимидан олдин Оқ Уйнинг Овал офисида. 2019 йил 24 октябр, пайшанба.

АҚШ Демократик партиясидан президентликка эҳтимолий номзод, ўтган сафарги сайловолди тадбирларда ёрқин нутқлари билан эсда қолган, бироқ охир-оқибатда партия ички сайловларида Ҳиллари Клинтонга рақобатни бой берган сенатор Берни Сандерс Ню-Йоркда ўзини қўллаб-қувватловчилар билан учрашувда. 2019 йил 19 октябр, шанба.

Туманли Албион – Англиянинг Дорсет графлигидаги Корф қўрғони узра булутлар орасидан қуёш чиқмоқда. 2019 йил 22 октябр, сешанба.