"Ҳар бир тадбиркорни мамлакатимизга келиб, бугунги кунда инвестициялар учун энг яхши жой Ўзбекистон эканлигига шахсан ишонч ҳосил қилишга таклиф этаман", — Шавкат Мирзиёев Венгриянинг етакчи компания ва банклари раҳбарлари билан учрашув ўтказди.
Тадбирда Венгрия иқтисодий ривожланиш вазири Мартон Надь, ССП раиси Ласло Парраг, "OTP Bank" раиси Шандор Чаньи, шунингдек, "Gedeon Richter", "Bonafarm", "Wizz Air", "Raba Holding", "Meditop", "Master Good", "Kite" каби йигирмага яқин энг йирик компания ва корпорациялар раҳбарлари иштирок этди.
Ишбилармонлар Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларга юксак баҳо бердилар ҳамда мамлакатимиз бозорига чиқиш, истиқболли қўшма лойиҳалар амалга оширишга тайёрлигини билдирдилар.
Куни кеча ўтган Ўзбекистон-Венгрия бизнес форумида умумий қиймати 1 миллиард доллардан зиёд инвестиция, савдо ва молиявий келишувлар имзолангани ҳам томонлар ҳамкорлик қилишдан манфаатдорлигининг навбатдаги яққол тасдиғи бўлди.
Учрашув якунида илгари сурилган барча лойиҳаларни амалга ошириш бўйича аниқ муддатлар ва масъул ижрочилар кўрсатилган комплекс “йўл харитаси”ни қабул қилишга келишиб олинди.