Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллар
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар








Ҳар куни 10 минг тонна ун маҳсулоти биржа савдоларига қўйилмоқда
11.06.2022 09:22,  
71

Бу ҳақда АОКАда Ҳисоб палатаси, Монополияга қарши курашиш қўмитаси, «Ўздонмаҳсулот» АК, «Республика товар хом-ашё биржаси» АЖ мутасаддилари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди:

Улуғбек Давлатов, Монополияга қарши курашиш қўмитаси бошқарма бошлиғи:

Қўмита томонидан маҳаллий унни вақтинчалик тартиб асосида сотилиши доимий равишда мониторинг қилиб борилмоқда. 549 та ҳолатда қўмита мутасаддилари томонидан жойига чиққан ҳолда таҳлиллар ўтказилган. 60 дан зиёд ҳолатда хато-камчиликларга йўл қўйилгани кузатилди. Хусусан, маҳаллий унни аҳолига вақтида ёки умуман етказиб бермаслик, имтиёзли нархларда харид қилиб, нархларни кескин ошириб сотиш каби ҳолатлар аниқланди. Қўмита томонидан кўрилган чоралар натижасида 60 дан зиёд корхона дислокациядан, яъни бозордан чиқарилди.

Вазирлар Маҳкамаси қарорларига мувофиқ ун маҳсулотларини биржа савдоларига қўйиш механизми жорий этилди. Биржа савдолари тўлиқ бозор тамойиллари асосида ўтди.

Ҳозирги кунда Вазирлар Маҳкамасининг 284-сонли қарорига асосан харид қилинган буғдойнинг нархи — 3 млн сўм қилиб қайта баҳоланди. Ўз навбатида доннинг нархи қимматлашганидан кейин дон корхоналарида ишлаб чиқариладиган маҳаллий уннинг нархи ҳам бугунги кунда биржа савдоларида 4200 сўмдан қўйиб келинмоқда.

Бунда уннинг 75% дан ортиқ қисмини дон маҳсулотлари ташкил этади, қолган 25 фоизини дон корхоналарининг даврий харажатлари, бошқа қоидалари ташкил этади.

Шуҳрат Абдимажитов, Молия вазирлиги бўлим бошлиғи:

Ғаллани сотиб олиш тартибига кўра, 1 миллион 783 минг тонна буғдой давлат ресурсларига қабул қилинади. Биринчи босқичда харид нархи — 3 миллион сўм этиб белгиланяпти. Сентябрь ойида бу нарх июнь-август ойларидаги биржа нархларидан келиб чиқиб қайта ҳисоб-китоб қилинади. Масалан, буғдойнинг июль-август ойида биржадаги ўтиш нархи 3,5 миллион сўм бўлса, давлат ресурсларига топширилган буғдойнинг ҳар бир тоннаси учун қўшимча яна 500 минг сўм жамғарма томонидан тўлаб берилади.

Бундан ташқари фермер хўжаликларида вақтинча сақлаш учун «Ўздонмаҳсулот» АК тизимидаги корхоналарга 500 минг тонна буғдойни жойлаштириш белгиланди. Ушбу 500 минг тонна вақтинча сақлаш, ортиш, тушириш харажатлари жамғарма томонидан тўлиқ қоплаб берилади.

Хикматулло Тиллабоев, «Ўзбекистон Республикаси Товар-хом ашё биржаси» АЖ Бошқарув раисининг матбуот котиби – ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси:

Олдинроқ 170 минг тонна ун маҳсулоти очиқ биржа савдоларига қўйилиши ҳақида айтган эдик. Ҳозирда ушбу кўрсаткич 22 минг тоннага кўпайди. Яъни июнь ойида жами 192 минг тонна ун маҳсулоти биржа савдоларига қўйилади. Демак, бозорда таклиф даражаси яна ошмоқда. Бу ҳам ўз-ўзидан нархларга ижобий таъсир кўрсатади. Ҳар куни 10 минг тонна ун маҳсулоти биржа савдоларига қўйилмоқда.

1-10 июнь кунларида ўтказилган биржа савдо натижаларига эътибор қаратсак, «Ўздонмаҳсулот» АК таркибига кирувчи корхоналар томонидан 85 минг тонна ун маҳсулоти сотувга қўйилган, шундан 80 минг 800 тоннаси (95%) сотилган. Биржада сотилмай қолган ун миқдори 4200 тоннани ташкил этмоқда, сотилмай қолган ун маҳсулотлари кейинги савдоларда талабга қараб ва нархларни барқарорлаштириш учун қайта савдога қўйилиши мумкин.

1-10 июнь ҳолатига кўра, ўртача нарх маҳсулотнинг 1 тоннаси учун 4 миллион 585 минг сўмни ташкил этди. Бошланғич нархга нисбатан ўсиш 8 % атрофида қайд этилмоқда. Савдоларда иштирок этувчилар сони ҳам кун сайин ортиб бормоқда, бу ўз навбатида маҳсулотларнинг тенг тақсимоти учун имконият беради. Жумладан, иштирокчилар сони 2822 нафар (1 июн) дан 3742 нафар (10 июнь) га кўпайган.

Ғофуржон Қаршибоев, «Ўздонмаҳсулот» АК бошқарма бошлиғи:

«Ўздонмаҳсулот» АК тизимида 43 та корхона фаолият кўрсатиб турибди, 4 миллионга яқин сиғим, 53 та тегирмон цехи мавжуд. 2016 йилда ушбу тегирмон цехларининг ишлаб чиқариш қуввати 1 миллион 855 минг тонна бўлган эди. Ўтган 5 йилда Германия, Украина, Россия, Хитой давлатларининг илғор технологиялари мазкур цехларга жорий этилди, айни вақтга қадар 43 та цехнинг 39 таси 61 та лойиҳа доирасида 58 миллион долларлик ускуналар билан қайта жиҳозланди.

Модернизация ишлари натижасида ҳозирда ишлаб чиқариш қуввати 2 миллион 230 минг тоннагача ошди.

Тавсия Этамиз








Тавсия Этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан