Ҳайвонларни қийнаганларга жазо чоралари кучайтирилди

Ҳайвонларни қийнаганларга жазо чоралари кучайтирилди

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 111-моддасига ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлганлик учун жазо чораларини кучайтиришни кўзда тутган тузатишларни имзолади. Ҳужжат 26 апрель куни Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, 3 май куни Сенат томонидан маъқулланган эди.

Ўзгаришга кўра, ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш уларнинг ўлимига ёхуд майиб бўлишига олиб келса, худди шунингдек ҳайвонларни қийнаш — ЭКИҲнинг 1 барваридан 3 бараваригача (аввал — ЭКИҲнинг 0,5 дан 2 бараваригача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ушбу моддага янги қисм ҳам қўшилди:

«Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса ёхуд ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик вояга етмаган шахс ҳозирлигида содир этилган бўлса, — ЭКИҲнинг 3 бараваридан 5 бараваригача миқдорда жарима солишга ёки 15 суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади».