Ҳинд ҳукумати оммавий норозиликлар туфайли Интернетни блоклаб қўйди 

Ҳинд ҳукумати оммавий норозиликлар туфайли Интернетни блоклаб қўйди 

Фото: Financial Times

Ҳиндистоннинг аҳоли сони бўйича энг йирик — Уттар-Прадеш штатидаги оммавий норозиликлар фонида мамлакатнинг асосий штатларида Интернет блокланди, деб ёзмоқда Financial Times.

Ҳиндистондаги оммавий норозилик акциялари мамлакат парламенти фуқаролик тўғрисидаги қонунига ўзгаришлар киритиш тўғрисида қонун қабул қилгач, 11 декабрдан бошланди.

Ўзгаришлар 2015 йил 1 январга қадар диний қарашлар туфайли кўчишга мажбур бўлган Афғонистон, Покистон ва Бангладеш фуқароларига Ҳиндистон фуқароси бўлиш ҳуқуқини беради.

Гап аҳолисининг аксарияти мусулмон бўлган давлатларда яшовчи ҳиндуийлик, сикхизм, жайнизм, буддизм ҳамда христианликка эътиқод қилувчи ахолиси ҳақида кетмоқда.

Соддалаштирилган тарзда фуқаролик бериш мусулмонлар ҳамда жанубий Осиёдаги бошқа мамлакатлар, жумладан Непал, Шри-Ланка фуқароларига татбиқ қилинмайди.

Ҳиндистоннинг мусулмон аҳолиси бу ўзгаришни “Ҳар ким диний эътиқодидан қатъий назар қонун олдида тенгдир” деб ёзилган Конституцияга зид деб ҳисоблашмоқда.

Ҳиндистоннинг аҳолиси таркибида ҳам мусулмонлар улуши салмоқли.

Норозиликлар, асосан, Интернет ёрдамида ташкиллаштирилмоқда. “Интернет орқали намойишлар ташкиллаштиришга урингани учун” биргина Уттар-Прадеш штатининг ўзидан 120 дан ортиқ инсон ҳибсга олинган.

Намойишлар пайтида тахминан 25 киши ўлдирилган (полицияни ҳам қўшиб ҳисоблаганда).

28 декабр, шанба куни мамлакатнинг 75 округидан 21 тасида Интернет ўчирилган. “Буни шароит тақозо қилмоқда”, - дейди штат полицияси раҳбари Пракаш Сингх.