“Ҳокимиятнинг мутлақ заифлиги”. Қозоғистоннинг Масанчи қишлоғида нима рўй берди?

“Ҳокимиятнинг мутлақ заифлиги”. Қозоғистоннинг Масанчи қишлоғида нима рўй берди?

©️ VYACHESLAV OSELEDKO/AFP

Қозоғистон жанубида ўтган шанбага ўтар кечаси оммавий муштлашув натижасида ўн киши ҳалок бўлди, уйлар ва машиналарга ўт қўйилди. Ҳокимият буни шундай изоҳлади: “Аввал маиший зиддият юзага келган, кейин бу жанжал иғвогарлар туфайли оммавий тартибсизликларга айланиб кетган”. 

Мамлакат президенти Қосим-Жомарт Тоқаев холис текширув ўтказиш ва айбдорларни жазолашни талаб қилди. Аммо мутахассисларнинг фикрича, ҳаммасига коррупция, қашшоқлик ва давлат органларининг меъёрида ишлашга лаёқатсизлиги сабаб бўлди. 

Иғвогарлар айбдорми?

Ахборот вазири Даврон Абаев терговчилар вазият қандай ривожланганини дақиқама-дақиқа тиклашини ваъда қилди. Гувоҳларнинг тасдиқлашича, зиддият оммавий муштлашувдан бир неча кун олдин Сортобе ва Масанчи қишлоқларида бошланиши мумкин эди. Воқеа жойига борган журналистлар маҳаллий аҳолига таяниб “маиший тўқнашувлар” ҳақида хабар қилган.

Ички ишлар вазирлиги ходимларининг айтишича, муштлашув Масанчида бошланган ва унга қўшни овуллар аҳолиси қўшилиши билан йириклашиб кетган, юзлаб одамлар тош, арматура ва ўқотар қурол билан келиб жанжалга қўшилаверган. Натижада 10 киши ҳалок бўлди. Келиб чиққан ёнғинлар сабабли 25 та шахсий уй, 30 та тижорат нуқтаси ва 40 дан ортиқ машина зарар кўрган. 

Ҳокимият айбни иғвогарларга тўнкади: расмийларнинг фикрича, айнан ўшалар маиший зиддиятни миллатлараро можарога айлантиришга ҳаракат қилган. 

Масанчи қишлоғида асосан миллий озчилик – дунганлар яшайди. Улар XIX аср иккинчи ярмида Ўрта Осиёга кўчиб келган хитойликларнинг авлоди бўлиб, Ислом динига эътиқод қилади. Дунганлар Масанчи аҳолисининг 90%ини ташкил этади. 

Куч ишлатар тизим вакиллари айбдорми?

Қозоғистон Дунганлар уюшмасининг раҳбари Ҳусей Дауров айбни куч ишлатар тизим вакиллларига тўнкайди. Унинг фикрича, агар махсус вазифали мобил бўлинма (ОМОН) илгарироқ, зиддият бошланаётгани ҳақида хабар қилиниши билан вазиятга аралашганида қурбонлар бўлмаслиги мумкин эди. 

Масанчида 30 га яқин уй ва 15 та савдо нуқтасига ўт қўйилган

 

“Шанба куни тонгги 5:25 да Алматидан махсус вазифали мобил бўлинма (ОМОН) ва ҳарбийлар етиб келди ва дарҳол бутун вазиятни назоратга олди. Аммо улар роппа-роса бир суткага кеч қолди. Агар улар бир сутка олдин ижтимоий тармоқларда кузатилаётган вазиятга кўра ҳаракат қилишганида биз бу мусибатдан қутулиб қолган, инсонлар ҳаётини сақлаб қолган бўлардик”, дейди Дауров KazTag нашрига. 

Қозоғистон ҳукумати бошиданоқ “миллатлараро зиддият” нуқтаи назаридан фойдаланмасликка уринди. Ваҳоланки, бундай зиддиятлар мамлакат тарихида кам учрайдиган ҳолат эмас. 

1990 йиллар бошида Уст-Каменогорскдаги завод ишчиси ўлдирилиши қозоқ-чечен зиддиятига айланиб кетган, бир гуруҳ чеченлар қотилликда гумонланган эди. 2006 йилда Актауда норозилар тўпланиб, дастлаб аким – шаҳар маъмурияти бошлиғи истеъфосини талаб қилишган, кейин эса ОАВ хабарига кўра намойишда кавказликларга қарши шиорлар янграган эди. Натижада лезгин, чечен ва озарбайжонларга тегишли дўконлар вайрон қилинган. 

Ўша йил октябрида “Тенгиз” нефт конида турк ва қозоқ ишчилари орасида оммавий муштлашув рўй берган. Бир йил ўтиб, Маятас қишлоғида қозоқ ва курдлар орасида зиддият келиб чиққан.

Коррупция айбдорми?

Бу каби зиддиятлар Қозоғистон ҳудудида давомли тарзда бўлиб туради, аммо айнан Масанчи қишлоғида шунча одам ҳалок бўлди.

“Бу зиддият асосида мамлакатдаги ижтимоий кескинликнинг ошиши ётади. Бу кескинлик тез-тез мана шундай тартибсизликлар кўринишида юзага қалқиб чиқади. Назарбоев даврида ҳокимият жамиятдаги ижтимоий босимни бўшаштириш учун биронта ҳам усулни ишлаб чиқмади. Бу зиддият эса шундайига ҳам вазифасини меъёрида бажара олмайдиган давлат органларининг мутлақо заифлигини кўрсатиб қўйди”, дейди қозоғистонлик сиёсатшунос Дўсим Сатпаев.

Қишлоқнинг 90% аҳолисини дунганлар (хитой мусулмонлар) ташкил этади

 

Қозоқлар мамлакат аҳолисининг 65%ини ташкил этади. Жаҳон Банки маълумотларига кўра, аҳолининг 8,6%и қашшоқликда ҳаёт кечиради. Қозоғистон Статистика қўмитаси эса бу рақамни 4,7% деб кўрсатади. Иқтисодчи Мақсад Холиқнинг айтишича, ҳукумат ўз ҳисоб-китобларида яшаш учун зарур энг кам миқдорга таянади: бу ҳозир ойига 29 698 тенге, (76 доллар) ёки кунига 2,5 долларни ташкил этади. 

“Шунда минг тенге бир кишига нонушта, тушлик ва кечки овқатни қилишига етиши керак. Унинг овқатланиш рўйхатига эса гўшт, балиқ, мевалар ва донли маҳсулотлар ҳам кириши лозим. Бу айни миқдордаги пулга таққослаганда кулгили (яъни, минг тенге бунча нарсага етмайди), дейди Мақсад Холиқ “Азаттык” радиосига берган интервюсида. 

Сиёсатшунос Сатпаевнинг изоҳлашича, мамлакатда таълим даражаси тушиб кетяпти, ёшлар олий ўқув юртини битирганидан кейин меҳнат бозорида иш топа олмаяпти. Вазиятга катта сондаги ички муҳожирлар ҳам таъсир қиляпти – қишлоқлардан шаҳарларга иш қидириб келганлар ижтимоий даромадлардаги фарқларни кўряпти ва бу одамларнинг асабийлашишига сабаб бўляпти. Бундан ташқари, қозоқларнинг асосий қисми тарихан қишлоқ жойларда яшаб келган, қишлоқлар эса мамлакатнинг энг тушкун ҳолатдаги – ароқхўрлик, гиёҳвандлик, ўз жонига қасд қилиш ва қашшоқлик ҳукмрон минтақалари бўлиб қолган. 

“Миллий озчиликлар асосан шаҳарларда яшайди. Шаҳарда яшамайдиганлари эса қишлоқларда ўта уюшқоқ ҳолатда ҳаёт кечиради – уларнинг ўз жамоаси, манфаатларини ҳимоя қилишда жамоавий ёндашуви, ўзаро ёрдам анъанаси бўлади. Улар бир-бирини молиявий томондан ҳам, жисмоний ҳимоя жиҳатидан ҳам қўллаб-қувватлай олади. Қозоқларда эса бундай нарса йўқ. Шаҳарлашув жараёни қозоқлар яшаб келган овуллар, қишлоқларни йўқ қиляпти: улар ёки шаҳарга кўчиб кетиши, ёки мана шу ҳаётига рози бўлиб яшаши керак. Одамлар ёмон ижтимоий сиёсатнинг асирларига айланиб қолди”, дейди сиёсатшунос.