«Ҳукумат ўз ўйинларини қўйиб, бу монополистни умуман қўлламаслиги керак» – Мурод Муҳаммад Дўст

«Ҳукумат ўз ўйинларини қўйиб, бу монополистни умуман қўлламаслиги керак» – Мурод Муҳаммад Дўст

Таниқли ёзувчи Мурод Муҳаммад Дўстнинг Kun.uz мухбирига айтишича, у бир неча кун аввал UzAuto Motors мутасаддиларининг депутатлар билан бўлган учрашувини ОАВ орқали кузатган.
Ёзувчининг хулосасига кўра, мутасаддилар берилган саволларга ёлғон жавоб беришган.

“Учрашувда корхона мутасаддилари ёлғон гапираётгани юз-у кўзларидан шундай сезилиб қолди.

Яхши ниятлар билан барпо этилган автомобил заводи ўзини оқламади. Оқлаши мумкин эди, қачонки бизнинг завод бозор муносабатлари, бозор қоидалари асосида ишлаганида.

МАВЗУГА ДОИР: «UzAuto Motors» расман автомобил нархларини оширди (янги нархлар)

Эсингизда бўлса, 2008 йилда бутун дунё бўйлаб иқтисодий инқироз кузатилди. Ўша пайти, бизда иқтисодий инқироз бўлмайди, деб дўстлар билан ўзаро ҳазиллашар эдик, негаки, иқтисодий инқироз росмана иқтисод бор жойда бўлади. Эътибор берган бўлсангиз, инқироз бизнинг чор атрофдан иҳоталанган биқиқ иқтисодимизни четлаб ўтди”, дея кулги аралаш гапирди ёзувчи.

Кўп йиллар президент девонида турли масъул лавозимларда ишлаган Мурод Муҳаммад Дўст суҳбатда ҳукумат эндиликда монополист корхонани қўллаб-қувватлашни бас қилиши кераклигини айтмоқда.

“Жиддийроқ гапирадиган бўлсак, ҳукумат энди ўзининг ўйинларини қўйиб, бу монополист корхонани умуман қўлламаслиги керак. У чегарадаги божларни камайтириши, одамларга эркин автомобил сотиб олиши учун имконият яратиб бериши шарт.

UzAuto Motors раҳбарияти мард бўлса, ҳақиқий рақобатга кучи етса, бозор қоидалари бўйича ишласин”, деди у.

Ёзувчининг айтишича, ўзбек автосаноати фаолиятида алоҳида шахслар манфаати устуворлик қилади.

“Бу ерда қандайдир бир тўданинг каттагина манфаати бордай. Эсингизда бўлса, бир пайтлар корхона ичидаги шахслар томонидан автомобилларни арзон баҳода четга чиқариб, кейин яна Ўзбекистонга қайтариб қиммат баҳода сотиш ҳолатлари ҳам бўлган”, – дея қўшимча қилди суҳбатдош.

Аввалроқ, «UzAuto Motors»  АЖ томонидан ишлаб чиқарилаётган енгил автомобиллар нархлари расман оширилгани маълум қилинган эди. Бу ҳабар кенг жамоатчилик вакиллари, депутатлар, журналист ва блогерлар, шунингдек бутун халқ тарафидан жуда салбий қарши олинди ва кенг муҳокамаларга сабаб бўлган эди. 

Кейинроқ, UzAuto Motors мутасаддилари депутатлар билан учрашувди. Президент Шавкат Мирзиёев Хоразм вилояти фаоллари билан учрашувда автомобиллар нархи оширилганига ўз муносабатини билдирди.

"Мана кўряпсизлар, автосаноатимиз раҳбарлари машиналар нархини оширишга қарор қилгани одамларнинг норозилигига сабаб бўлди. Бу иқтисодий жиҳатдан керакдир, лекин ҳозирги шароитда тўғри эмас," деди президент.

МАВЗУГА ДОИР: «UzAuto Motors» халққа ошноми ёки бу «Камбағални туяни устида ҳам ит қопади» деганими?​