Ҳукумат хусусий мактабларда ҳам хижобни ва 3 смдан ортиқ соч-соқолни тақиқламоқчи

Ҳукумат хусусий мактабларда ҳам хижобни ва 3 смдан ортиқ соч-соқолни тақиқламоқчи

Фото: tass.com

Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига “Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарор лойиҳаси жойлаштирилди.

Вазирлар Маҳкамасидаги Таълимни назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан ишлаб чиқилган ушбу қарор лойиҳаси “Нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш соҳасидаги фаолиятни лицензиялаш тартиби тўғрисида”ги низом ва “Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини замонавий ягона мактаб формаси билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши кутилмоқда.

Таклиф этилаётган таҳрирга кўра, нодавлат таълим хизматлари кўрсатувчи юридик шахслар фаолиятини амалга оширишда лицензия талаблари ва шартларига таълим олувчиларнинг кийимига:

турли дин ва конфессиялар ҳамда турли субмаданиятларга мансубликни акс эттирувчи элементларни (ҳижоб, кипа, кашая, хоч ва бошқалар) қўшишга ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларига хос бўлган ҳарбий ва идоравий формали кийим-бош кийиб юришга йўл қўймаслик;

ўғил бола таълим олувчиларнинг ташкилотга танасининг очиқ қисмига татуировка туширган ёки пирсинг қилган, соқол қўйган, сочи 2-3 сантиметрдан узун бўлган ва ёрқин рангларга бўялган ҳолда келишларига;

қиз бола таълим олувчиларнинг ташкилотга танасининг очиқ қисмига татуировка туширган ёки пирсинг қилган, сочини ёрқин рангларга бўяган, юзини кўзга ташланадиган даражада макияж қилган, қулоғига биттадан ортиқ сирға таққан, бармоқларига узук таққан, қўл тирноқларини бўяган ва узун қилиб ўстирган ҳолда келишларига йўл қўймасликка оид қоида киритилмоқда.

Шунингдек, Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари учун замонавий ягона мактаб формасини жорий этиш тартиби тўғрисидаги низомга киритилаётган ўзгартиришга кўра, ўқувчиларнинг давлат умумий ўрта таълим муассасасига белгиланган шакллардаги мактаб формасида келишлари ихтиёрий, 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб эса мажбурий ҳисобланади.

Шунингдек, айнан мазкур қоида нодавлат таълим ташкилотлари таълим олувчилари учун тавсиявий эканлигига оид норма билан тўлдирилмоқда.