Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Ўзбекистонда исломий молия ва банкинг қай даражада ривожланмоқда?
9.12.2019 18:35,  
424

Сўнгги йилларда Ислом молия тизими тушунчаси кўплаб мамлакатлар молиячиларининг сўз бойлигидан мустаҳкам ўрин олди. Дарҳақиқат, турли мамлакатларда, ҳаттоки аксарият аҳолиси ислом динига мансуб бўлмаган давлатларда ҳам, жумладан АҚШ ва Буюк Британияда, ушбу молиявий институт анъанавий банк хизматларига муқобил молиялаш тизими сифатида барқарор ривожланмоқда. Шунинг учун ислом банкчилигини ўрганиш глобал иқтисодиётда долзарб мавзу ҳисобланади. Анъанавий банк тизимига муқобил молиялаш шакллари мавжудлигини билиш қизиқарли ва фойдалидир.

Йиллик 15-20% ўсиш суръатига эга Исломий банк дунё бўйлаб ўзининг уфқларини кенгайтирди ва 75 дан ортиқ мамлакатда ўз муассасаларига эга.

Ушбу молия тизимининг Ўзбекистонда ривожланиш истиқболлари ҳақида Ислом тараққиёт банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Ҳусан Ҳасанов uzanalytics.com сайтига интервью берди.

Ҳусан Ҳасановнинг маълум қилишича, Ўзбекистон Ислом тараққиёт банки гуруҳи таркибидаги Хусусий секторни ривожлантириш ислом корпорацияси (ХСРИК) ва Халқаро ислом савдо-молия корпорацияси (ХИСМК) билан ҳамкорлик қилади. ХСРИК шу кунгача 15 та тижорат банклари ва 2 та лизинг компанияси билан ҳамкорликни йўлга қўйган ва бугунги кунгача банкларга 285 миллион АҚШ доллари миқдорида молиялаштириш линияларини ажратган. ХИСМК томонидан маъқулланган лойиҳалар қиймати эса 82 миллион АҚШ долларини ташкил этади.

Шунингдек, бугунги кунда банкнинг Алоқабанк, Asia Alliance Bank ва Туронбанк билан ҳамкорликдаги жами 30 миллион АҚШ долларлик молиялаштириш линиялари мавжуд. ХИСМК томонидан эса, Asia Alliance Bank, Капиталбанк, Ўзсаноатқурилишбанк ва Трастбанкга жами 32 миллион АҚШ долларлик молиялаштириш линиялари ва Молия вазирлиги ҳузуридаги жамғармага 50 млн. АҚШ доллари ажратилган.

Ўзбекистонда ислом банкчилигини ривожланиши тўғрисидаги саволга жаноб Ҳасанов: «Ўзбекистон аҳолисининг қарийб 90 фоизини мусулмонлар ташкил қилади ва шу фактнинг ўзи Ўзбекистонда Исломий молия ва банкчиликка бўлган қизиқишнинг қанчалик катта эканлигидан далолат беради.

Биламизки, Исломда судхўрлик, яъни пулни фоизга бериш орқали фойда олиш тақиқланган, анъанавий банк тизими эса фоизларга таянади. Диний эътиқодларга таянган, фоиз, кредит ва шу каби банк хизматларидан фойдаланишни истамаган аҳоли қатлами учун Исломий молиялаштириш тамойилларига асосланган банк хизматлари таклиф этилса, бу Ўзбекистон иқтисодиётининг ўсиши ва ички инвестиция ҳажмининг ортишига катта туртки бўлади, деб бемалол айта оламиз. Бу тизимни жорий қилиниши Ўзбекистонда жамғарма ва фойдаланилмаётган пул маблағларини банк тизимига жалб қилиш, хуфёна иқтисодиёт салмоғини камайтириш ва тадбиркорликни ривожлантиришга асос бўлиб хизмат қилади», - дея жавоб берди.

Ислом тараққиёт банкининг Жидда шаҳридаги бош офиси. Манба: business.com

Маълумот учун: Ислом тараққиёт банки (ИТБ) 1973 йил 18 декабрда Ислом Конференцияси Ташкилотига (ИКТ) аъзо мамлакатлар молия вазирлари йиғилишида ташкил этилган ва ўз фаолиятини 1975 йил октябрь ойида бошлаган.

ИТБнинг бош офиси Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида жойлашган. Шу билан бирга, банкнинг Работ (Марокаш), Куала-Лумпур (Малайзия), Олма ота (Қозоғистон), Дакар (Сенегал), Парамарибо (Суринам), Бандунг (Индонезия), Дакка (Бангладеш), Анқара (Туркия), Кампала (Уганда), Қоҳира (Миср), Абужа (Нигерия) каби шаҳарларда 13 та ваколатхона ва 11 та минтақавий маркази мавжуд.

Ислом Конференцияси Ташкилотига (ИКТ) аъзо барча давлатлар ИТБга аъзо бўлиш ҳуқуқига эгадирлар. Ҳозирги вақтда Банк ўзига 57 аъзо давлатларни бирлаштиради. Тўланган акциялар ҳажми бўйича банкнинг асосий акциядорлари Саудия Арабистони, Кувайт, Ливия, Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари, Эрон, Миср ва Қатар ҳисобланади.

ИТБнинг низом жамғармаси 100 миллиард ислом динори бўлиб, 10 миллион акцияга бўлинади. Ҳар бир акциянинг номинал қиймати 10 000 ислом динорини ташкил қилади.

Ҳар бир аъзо давлат Банк бошқарув Кенгашига ўзининг бошқарувчиси ва бошқарувчи ўринбосарини киритган. Бошқарув Кенгаши йилига бир марта банкнинг ўтаётган йил фаолиятини кўриб чиқиш ва келгуси сиёсатини белгилаш ҳақида қарор қабул қилиш учун йиғилади.

Банк аъзо мамлакатларда давлат ва хусусий сектор лойиҳаларини молиялаштириш билан шуғулланади. У иқтисодий ва ижтимоий инфратузилма лойиҳаларига сармоя киритади, аъзо мамлакатларга техник ёрдам кўрсатади ва халқаро савдони ривожлантиришга кўмаклашади.

Ҳозирги кунда ИТБ Ислом тараққиёт банки, Тадқиқотлар ва тренинглар Ислом институти, Инвестициялар ва экспорт кредитларини суғурталаш Ислом корпорацияси, Хусусий секторни ривожлантириш Ислом корпорацияси ва Савдони молиялаштириш халқаро Ислом корпорацияси кабилардан иборат бир қатор ташкилотлар гуруҳидан ташкил топган.

ИТБ Гуруҳининг ижтимоий ва иқтисодий ривожланишни рағбатлантириш ишларига йўналтирилган асосий фаолияти қуйидагилардан иборат: инфратузилмани ривожлантириш; институционал салоҳиятни мустаҳкамлаш; аъзо давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни рағбатлантириш; хусусий секторни ривожлантириш ва ислом банк-молия саноатини қўллаб-қувватлаш.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан