Аввал хабар қилганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Араб Амирликлари ва Японияга олий даражадаги ташрифлар якунида эришилган келишувларни амалга ошириш муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказди.
Хабар қилинишича, ташрифлар давомида Бирлашган Араб Амирликлари билан умумий қиймати 10 миллиард доллардан ортиқ, Япония билан эса 6 миллиард доллардан зиёд қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришилган.
Ўзбекистонда БАА иштирокида 1 миллиард долларлик капиталга эга «The Abu Dhabi Uzbek Fund» инвестиция фонди ташкил этилди.
Бугунги кунга келиб ушбу жамғарма маблағлари ҳисобидан кичик ва ўрта лойиҳаларни, шунингдек, Самарқанд шаҳрида меҳмонхона қуриш, Hyatt Regency Tashkent меҳмонхонаси хусусийлаштирилишини молиялаштириш маъқулланди, дейилади президент матбуот хизмати хабарида.
Ҳозирда Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) маблағларини жалб қилган ҳолда Республика ихтисослаштирилган неврология ва инсульт илмий-амалий тиббиёт марказини қуриш ва жиҳозлаш лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Япония халқаро ҳамкорлик банки (JBIC) кредит маблағлари ҳисобидан “Маълумотларни сақлаш ва уларга ишлов бериш марказлари (дата-марказлар) ташкил этиш”, “Пакетли коммутация халқаро марказларини кенгайтириш”, “Телекоммуникация транспорт тармоғи ва маълумотлар узатиш тармоғини кенгайтириш”, “Радиотармоқни модернизация қилиш” лойиҳаларини амалга ошириш учун 180 миллион доллар маблағ жалб этишни режалаштирган.
Президент Шавкат Мирзиёев йиғилиш чоғида ташрифлар натижалари бўйича ишлаб чиқилган “йўл харита”ларига мувофиқ 2020 йил учун белгиланган чора-тадбирларнинг тўлиқ ва сифатли ижросини таъминлаш зарурлигини таъкидлади.