Hyundai C Square Нукус ЭИЗда ниқоб ишлаб чиқаришга $30 млн. киритишни режалаштирмоқда

Hyundai C Square Нукус ЭИЗда ниқоб ишлаб чиқаришга $30 млн. киритишни режалаштирмоқда

Жанубий Кореянинг Hyundai C Square компанияси Нукус Эркин иқтисодий зонасида тиббий ниқоблар, шунингдек улар учун KF94 melt-blown фильтрлар ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчи. Бу ҳақда Дунё АА хабар бермоқда. Ушбу лойиҳа Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги раҳбарияти, Ўзбекистоннинг Кореядаги элчихонаси вакиллари ва Hyundai C Square катта ижрочи директори Ким Сунгюн иштирокида видеоконференция шаклидаги мулоқот чоғи муҳокама қилинди.

Тўғридан-тўғри инвестицияларнинг тахминий ҳажми 30 миллион долларни, йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 62,5 миллион дона ниқобни ташкил этади. Компания автоматлаштирилган ускуналарни ишлаб чиқаришга жорий қилишни режалаштирмоқда. Ушбу лойиҳа «Нукус» ЭИЗ ҳудудида ягона бўлиб, унинг ҳозирча ўхшашлиги йўқ.

Музокаралар якунида томонлар Hyundai C Square шартларни ўрганиш ва келгусида муҳокама қилиш учун инвестиция таклифини тайёрлашга келишиб олдилар.

Hyundai C Square автомобилсозлик, кимё, қурилиш, логистика, яшил энергия ва бошқа соҳалардаги компанияларга эгалик қиладиган Hyundai корпорациясининг бир қисми саналади. Kомпания мода ва гўзаллик соҳаларида тарқатиш, брендларни бошқариш ва маркетинг стратегияларини ишлаб чиқади, шунингдек концертлар ва кўргазмалар ташкил этади.