Ўзбекистон сўмни девалвация қилишга тайёрми?

Ўзбекистон сўмни девалвация қилишга тайёрми?

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида шу кунгача биронта ҳам коронавирус билан боғлиқ ҳолат қайд этилмагани яхши хабар. Аммо вирус тарқалиши билан боғлиқ саросима маҳсулот ва хизматларнинг глобал ҳаракати мувозанатини издан чиқариб, ноқулай воқеаларнинг занжирли кетма-кетлигига сабаб бўлди. Мен ушбу мақолада халқаро макроиқтисодий ҳодисалар ва уларнинг келгуси бир неча ой ичида сўмнинг АҚШ долларига нисбатан алмашинув курсига таъсири ўртасидаги боғлиқликни кўриб чиқмоқчиман.

Биринчидан, хомашё ресурсларининг дунёдаги асосий истеъмолчиси бўлган Хитой жорий йил бошидан иш фаоллиги ҳажмини кескин қисқартирди ва бу барча йўналишларда ишлаб чиқаришнинг қисқаришига олиб келди. Масалан, Ўзбекистоннинг экспорт йўналишидаги фючерс савдоларида темир рудасини етказиб бериш беквордация ҳолатида турибди, яъни, айни пайтда бир тонна руда учун 90,12$ нарх белгиланган бўлиб, бу 2023 йил декабрда руда етказиб бериш учун тузилган шартномалардан 50%га юқори. 

Рангли металларга белгиланган биржа кўрсаткичлари ҳам ўтган йилги энг юқори нархларга нисбатан 10-20%га пастлади. Шу йил бошидан буён Хитой углеводородлар (газ ва нефт) импортини 20%га қисқартирди. 

Устига устак ОПЕК давлатлари ва Россия ўртасида нефт қазиб олишни қисқартириш бўйича ўтган музокаралар муваффақиятсиз якунланди ва бу узоқ муддатли салбий оқибатларни келтириб чиқарувчи нарх урушига сабаб бўлди. Айни пайтда бир баррел нефт учун ўртача нарх 2020 йилда 40$ бўлиб турган бўлса, бу ўтган 2019 йилда 61$ эди. 

Мен юқорида келтирилган ушбу учта маҳсулот (темир рудаси, рангли металлар ва углеводородлар) тоифаси бўйича Ўзбекистоннинг бу йилги экспорт кўрсаткичлари 2019 йилга солиштирганда 880 миллион АҚШ долларига камроқ бўлишини кутяпман. (2019 йилдаги 3,8 миллиард доллардан 2020 йилда 2,9 миллиард долларга пасайиш.)

Иккинчидан, дунё иқтисодиёти ўсишининг секинлашуви, бунинг натижасида металл ва нефт кўрсаткичларининг кескин тушиб кетиши Россия ва Қозоғистон иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатади, бу эса ўз навбатида ўзбек меҳнат муҳожирларининг ҳаётида ҳам акс этади. Шимолий қўшнилар ўзларининг миллий валютасини девалвация қилишга мажбур бўлади. Қўшни давлатлар валютаси 30%га девалвация бўлган тақдирда Ўзбекистон келгуси 12 ой ичида меҳнат муҳожирлари орқали келадиган 1 миллиард АҚШ долларидан ортиқ маблағдан маҳрум бўлади.

Учинчидан, коронавирус келтириб чиқарган саросима халқаро йўловчиларни ташиш саноати ва меҳмонхона бизнесига ҳам кучли зарба берди. Bloomberg ахборот агентлигининг хабарига кўра, эпидемия сабабли дунё авиакомпанияларининг умумий даромади 113 миллиард АҚШ долларига тушиб кетади. 

Сайёҳлик соҳасидаги инқироз бизни ҳам четлаб ўтмади – ҳозирнинг ўзидаёқ Бухоро ва Самарқанддаги меҳмонхона эгалари бекор қилинган авиапарвозлар, хусусан, Италия ва Испаниядан келадиган сайёҳларнинг йўқотилиши сабабли хавотирга туша бошлади. Ўтган йили Ўзбекистонга 6,7 миллион хорижлик ташриф буюрган, улардан 983 минг нафари мамлакатимиз билан умумий чегарага эга бўлмаган давлатлардан келган. Узоқ хориждан келадиган сайёҳлар Ўзбекистонда одатда 2-8 кун истиқомат қилиб, яшаш учун кунига 50-70 АҚШ долларидан сарфлайди; овқатланиш, йўлкира ва эсдликлар учун кетадиган харажатлар бунинг ичига кирмайди – шу жиҳатдан олиб қараганда сайёҳлик соҳаси хорижий валюта кириши учун муҳим манба саналади. Агар коронавирус тарқалиши билан боғлиқ вазият яқин орада ижобий томонга ҳал этилмаса, сайёҳлик фаолиятининг пасайиши Ўзбекистоннинг валюта мувозанатига ҳам таъсир кўрсатади. 

Демак, юқорида кўрсатилган маҳсулот ва хизматларнинг қисқариши натижасида мамлакатга валюта кириши ўтган йилги кўрсаткичларга нисбатан 2 миллиард АҚШ долларидан кўпроққа камаяди. Ўтган йилнинг 9 ойи учун тўлов мувозанатидаги камомад 10 миллиард (ҳозирги ҳисобларга кўра 5 миллиард) долларни ташкил этгани ҳисобга олинса, пул алмаштириш курсига бўлган босим сезиларли даражада ошади. Албатта, ўзбек иқтисодиётининг асосий экспорт маҳсулоти бўлган олтин нархи ошиб бораётгани ва 28,6 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги халқаро захиралар борлиги салбий омилларнинг таъсирини юмшатади ва Ўзбекистон Марказий Банки учун маълум даражада хавфсизликни таъминлайди. 

Нимани кутиш мумкин?

Агар қўшнилар миллий валюталарини девалвация қиладиган бўлса – бу вақт масаласи, холос, яъни, албатта юз беради – ўзбек бозори қўшни давлатларнинг арзон импорт маҳсулотлари билан тўлиб кетади. Ўз навбатида, Ўзбекистон ишлаб чиқарган маҳсулотлар – олмадан автомобилга қадар – қўшниларнинг бозорида нарх борасида рақобат қилиши қийинлашади. 

Ўзбекистондаги бизнес соҳалари бозорни йўқота бошлайди, валюта захиралари тез сарфланади ва охир-оқибатда Марказий Банк валюта захиралари четга чиқиб кетишининг олдини олиш мақсадида сўмни долларга нисбатан девалвация қилади (пул алмаштириш курсини сезиларли равишда оширади).         

Аммо қачон? Бу энди вақт ва сиёсий ирода масаласи. Менимча, сўмнинг девалвацияси жорий йил давомида, Россия рубли ва Қозоғистон тенгеси девалвация бўлганидан кейин амалга ошади. 

Коронавирус билан боғлиқ вазият камроқ инсоний йўқотишлар билан ижобий томонга ўзгаришига, жаҳон иқтисодиёти маҳсулот айирбошлаш ҳажмини янги йилгача бўлган даражада тиклаб олишига, мамлакатимиз ва қўшниларимиз иқтисодиёти эса имкон қадар некбин йўналишда ривожланишига умид қилиб қоламиз. 

Нодир Нурматов,
Массачусетс Технология Институти битирувчиси, халқаро бизнес бўйича маслаҳатчи

 

Маълумот ўрнида

Девалвация (лотинча de – “тушиш” ва valeo “қиймат” сўзларидан) – миллий пул бирлиги курсининг чет эл валюталари (эркин алмаштириладиган валюталар, халқаро ҳисоб бирликлари)га нисбатан пасайтирилиши. Девалвация давлат томонидан расмий равишда эълон қилинади ва қонунчилик асосида амалга оширилади. Девалвация мамлакат савдо ва тўлов мувозанатининг кескин ёмонлашуви, валюта захирасининг ҳолдан тойиши, халқаро валюта бозорларида миллий валюта курсининг пасайиши билан боғлиқ ҳолда юз беради. 

Унинг очиқ девалвация (ҳукумат томонидан қонун йўли билан расман эътироф қилинади, эски қоғоз пулнинг бир қисми муомаладан чиқарилади ёки кадрсизланган пул алмаштирилади) ва яширин девалвация (қоғоз пулнинг қадрсизланиши, олтин таъминотининг камайиши юз беради, лекин пулнинг бир қисми муомаладан олинмайди) кўринишлари бор. 1978 йилгача жаҳон мамлакатлари валюталарининг расмий қиймати уларнинг олтин таъминотини таққослаш орқали аниқланар эди. ХХ асрнинг 70-йиллари охиридан (халқаро келишувга мувофиқ) барча қадри баланд валюталардаги олтин нисбатлари бекор қилинди ва девалвация у ёки бу чет эл валютасига (одатда, AҚШ доллари, инглиз фунт стерлинги кабилар) нисбатан пасайтириш йўли билан амалга ошириладиган бўлди. Маc, 1990 йил 1 ноябрдан собиқ Иттифоқда амалда бўлган рубл AҚШ долларига нисбатан 1,8 = 1 доллар нисбатида девалвация қилинган.

Девалвация ҳодисаси ҳозирги ривожланган ва ривожланаётган мамлакатларнинг банк-молия тизимларида тез-тез учраб туради. 1998 йилда Жанубий-Шарқий Осиё мамлакатлари, Япония, Россия ва бошқа давлатларда юз берган молиявий танглик оқибатида бу мамлакатларнинг миллий валюталари долларга нисбатан қисман девалвация қилинган.  

Беквордация (инглизча backwardation – “кечикиш”, “орқага кетиш” сўзидан) – маҳсулотнинг ҳозирги нархи бир муддат ўтгандан кейинги нархидан юқори бўлиши. Бошқача айтганда, маҳсулотни фючерс савдоси бўйича етказиб бериш ҳозирги нархидан арзонроқ бўлади.  

Фючерс шартномаси ёки фючерс савдоси (инглизча futures – “келажак” сўзидан) – бу ҳозир мавжуд бирон маҳсулотнинг олди-сотдиси бўйича тузиладиган биржа шартномаси. Бунда шартномага кўра, томонлар (сотувчи ва харидор) фақат нарх даражаси ва етказиб бериш муддатинигина келишиб олади. Ўзаро савдонинг бошқа жиҳатлари – маҳсулотнинг миқдори, сифати, қадоғи, қайд этиш белгилари каби масалалар кейинроқ, биржа шартномасининг махсус бандларида кўриб чиқилади. Оддийроқ қилиб айтганда, фючерс шартномаси – аниқ бир маҳсулотни келажакда аниқ бир нархда етказиб бериш учун келишиб олишни англатади, бунда пул ҳозир тўланмайди, фақат аниқ нархга ўзаро келишиб олинади.