ИИБ ходимлари фуқарони «хорижга чиққани, намоз ўқигани ва соқол қўйгани» учун гумонланувчи эканлигини таъкидлашяпти

ИИБ ходимлари фуқарони «хорижга чиққани, намоз ўқигани ва соқол қўйгани» учун гумонланувчи эканлигини таъкидлашяпти

Акмал Авизов Фото: Facebook

Қашқадарё вилояти Касби туманида истиқомат қилувчи Акмал Авизов ўзининг шахсий ва диний ҳуқуқ-эркинликлари бузилаётгани ҳақида пост қолдирди.

Фуқаронинг билдиришича, у уста сифатида ишлаётган хонадонга 2020 йилнинг 11 март куни касби тумани ИИБ терроризм ва экстремизмга қарши кураш бўлими бошлиғи майор Ғофир Султонов ва унинг Жонибек исмли ёрдамчиси хонадон эгаси билан боғлиқ ишлари билан келишади.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари Акмал Авизовни соқоли борлигини кўргач, аввал уни телефон рақамини сўрайди, кейин телефонини ҳам очиб, интернетга улаб беришини сўрайди. Фуқаро телефон унинг шахсий буюми эканлигини, шахсий буюмлари прокурор санкциясисиз унга тегишга уларнинг ҳаққи йўқлигини, уларнинг бу иши ноқонунийлигини айтади. Лекин, ИИБ ходимлари “Ўзимиз паролини очиб текширамиз, керак бўлса керакли жойга сени ҳам чақирамиз”, деб телефонни олиб кетишади.

Фуқаро вазиятни оила аъзоларига тушунтиради ва Ички ишлар вазирлиги ҳамда Бош прокуратурага мурожаат қилиш учун шаҳарга кетганида туман ИИБдагилар унинг уйга келиб, отасини ҳам олиб кетишган.

ИИБ бўлимида у кишига “адашганлар”ни текшириш ўзларининг вазифаси эканлиги, фуқаро Акмал Авизов отаси билан ИИБга бирга борса, телефонини қайтариб беришларини айтишган. Шундан сўнг, туман прокуратурасига боради.

“У ерда прокурор ёрдамчиси менга бу вазиятни тўғри баҳолашим кераклиги, ”телефонни олиб қўйиш“ ўша ИИБ ходимининг вазифасига кириши ва унинг ушбу ”ҳаракати қонуний“ эканлиги ҳақида гапирди. Суҳбат орасида ўша ИИБ ходими ҳам чақиртирилди ва прокурор ўринбосари бизни ”яраштиришга“ ҳаракат қилди. Қизиғи, суҳбат охирида яна телефонимни ўз қўлим билан очиб беришимни сўрашди. Ҳеч қандай аризамни қабул қилишмади”, — дейди Акмал Авизов.

Прокуратурадан чиқиб Акмални ИИБга, ўша ходимнинг хонасига олиб боришиб, уч соатларча “суҳбат” қилишади.

 

Фуқаронинг “нима сабабдан телефонимни куч билан олиб қўйдинглар, бу ишларингиз қонунга хилоф-ку?” деган саволига ИИБ ходимлари “Сен хорижга чиққансан, намоз ўқийсан, соқол қўйгансан. Сен гумонланувчисан, профилактика қилишга ҳаққимиз бор”, дея жавоб беришган.

Эртаси куни, фуқаронинг телефонини олиб куйган ходим унинг оила аъзоларидан бирига телефон қилиб “келиб телефонингдаги қанақа маърузаларни эшитишинг ҳақида тушунтириш хати ёзиб бер”, дейди. Фуқаронинг “юрист билан гаплашиб жавобини айтаман”, деган жавобига қўпол равишда “керак бўлса юрист билан кел”, деган жавоб бўлади.

Шундан сўнг, кеча 13 март куни 19:00 атрофида Акмал Авизовнинг олдига маҳалла участковойи ва унинг ёрдамчиси келиб, ҳеч қандай ҳужжатсиз Касби туман ИИБ биносига олиб кетган.

Акмал Авизов “ҳужжатларингиз бўлмаса, ҳеч қаерга бормайман”, деб бормасликка ҳаракат қилган. Участковой “Қонун менман, ҳужжатсиз ҳам сени олиб кетишга ҳаққим бор. Бошлиғимиз чақиряпти. Маҳалла биносининг ўзида гаплашиб оламиз”, деган. Тортишувлар давом этаверганидан сўнг, Акмал Авизовнинг отаси “Ўғлим билан биргаликда борсак майли”, деб участковой машинасига ўтиришган.

Бироқ участковой уларни тўғри Касби туман ИИБ биносига олиб кетган ва анча вақтгача улар ИИБ биносидан чиқишмаган. Бу орада Акмал Авизовнинг укаси шундай пост қолдирган:

“Кеча яъни, 12 март куни кеч пайти ҳам акамни олиб кетгани икки киши яна келди. Акам уйда йўқлиги сабабли қайтиб кетишган эди. Бугун ҳам кеч пайти келиб, олиб кетишди. Касби Туман ИИБ биносининг ташқарисида акам ва отамни кутиб турибман. Ҳали ҳам чиққанлари йўқ. Онамни соғликлари яхши эмас. Соғликлари ёмонлашиб қолишидан хавотирдаман”.

Маълум қилинишича, фуқародан ноқонуний равишда олиб қўйилган телефон 2 холис иштирокида ва имзоси билан экспертизага жўнатиладиган бўлди.

Шунингдек, фуқародан қачон хорижга чиққани, қачондан намоз ўқиши ҳақида тушунтириш хати ёздириб олинган.

Sof.uz нашри воқеалар ривожини кузатиб боради ҳамда туман мутасаддиларининг ҳаракатлари юзасидан юқори турувчи ташкилотларнинг изоҳларини кутади.