ИИВ Тўрткўлдаги милиция бўлимида комага тушиб, вафот этган йигит юзасидан маълумот берди. Бош прокуратура жиноий иш қўзғатилганини маълум қилди​

ИИВ Тўрткўлдаги милиция бўлимида комага тушиб, вафот этган йигит юзасидан маълумот берди. Бош прокуратура жиноий иш қўзғатилганини маълум қилди​

Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ ахборот хизматининг маълум қилишича, «Тўрткўлда милиция бўлимида комага тушган йигит вафот этди» сарвлавҳа остида тарқалган мақолада келтирилган важлар ҳақиқатга умуман тўғри келмайди.

"Жорий йилнинг 26 июлда соат тахминан 16:30ларда Тўрткўл тумани ИИБ навбатчилик қисмига Тўрткўл тумани «Янгиобод» маҳалла фуқаролар йиғинидаги хонадонлар бирида жанжал бўлаётган ҳақида хабар берилган. Келиб тушган хабарга кўра ҳудудий профилактика инспектори лейтенант М.Джуманиязов, шериги профилактика инспектори лейтенант М.Жаббарбергенов билан бирга воқеа жойига етиб боришган. Шу ерда яшовчи фуқаро С.И. маст ҳолда оила тинчлигини бузаётганлиги, баданида тан жароҳатлари борлиги аниқланиб, беморга тез тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида туман тиббиёт бирлашмасига олиб борилган ва мутахассислар томонидан тиббий кўрикдан ўтказилган.

Бирламчи ташхисга кўра фуқаро И.С. мастлик ҳолатида эканлиги, иккала оёғининг пастки қисмида тирналган, юз қисмида шилинган жароҳатлари мавжудлиги қайд этилган. Шундан сўнг, ҳолатни расмийлаштириш мақсадида И.С., профилактика инспекторининг хизмат хонасига олиб келиниб, тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилаётган вақтда, фуқаро И.С. тоби қочганлигини маълум қилган.

Тезкорлик билан чақиртирилган тез тиббий ёрдам ходимлари фуқаро И.С.нинг қон босими юқори бўлганлиги сабабли, унинг турмуш ўртоғи Ч.Х.нинг кузатуви остида тиббий муолажа кўрсатиш учун туман тиббиёт бирлашмасига олиб кетишган. Тиббиёт бирлашмаси ходимлари томонидан фуқаро И.С. тиббий кўрикдан ўтказилиб, шу куни соат тахминан 18:30ларда уйига жавоб берилган.

Эртаси куни, яъни 27 июль куни эрталаб фуқаро И.С. хушига келмаганлиги сабабли унинг оила аъзолари томонидан туман тиббиёт бирлашмасига олиб борилган ва ҳолат ҳақида туман ички ишлар бўлимига хабар берилган" - дейилади хабарда.

2020 йилнинг 11 август куни фуқаро И.С. туман тиббиёт бирлашмаси жонлантириш бўлимида тегишли муолажаларга қарамай кома ҳолатидан ўзига келмасдан вафот этган. 

Бош прокуратура матбуот хизматига кўра, Тўрткўл туман прокуратураси томонидан ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 207-моддаси 3-қисми «а» (одам ўлимига сабаб бўлган даражада мансабга совуққонлик билан қараш) банди билан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Марҳум ўлими сабабларини аниқлаш мақсадида суд-тиббий экспертизаси тайинланган.