Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






ИИВ «троллар фабрикаси»ни қонунийлаштиришни таклиф қилди. Ёшлар иттифоқи, ТАТУ ва жамоатчилик кескин рад қилди
13.04.2020 20:20,  
461

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан “Вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизимини янада такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.

Лойиҳада ИИВ ҳузурида ёшлар билан ишлаш тизимининг жамғармаси тузилиши ва ОТМларда инспектор лавозими жорий этилиши айтилган.

Шунингдек, ИИВ томонидан муҳокама учун жойлаштирилган ушбу қарорнинг йўл харитасида ушбу тадбир назарда тутилган.

“Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи аъзолари, Тошкент ахборот технологиялари университети талабалари ва кўнгилли ёшлар иштирокида ватанпарвар блогерлар виртуал гуруҳини ташкил этиш, улар ёрдамида ижтимоий тармоқлардаги салбий фикрларни аниқлаш ҳамда тармоқ фойдаланувчиларини уларнинг таъсир доирасига тушиб қолишларининг олдини олиш мақсадида билдирилаётган салбий фикрларга муросасизлик муҳитини яратиш.

Бажариш муддати: 2020 йил 1 майдан бошлаб доимий

Масъул ижрочилар:

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши (А.Саъдуллаев)

Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги (И.Мажидов)”.

Ички ишлар вазирлиги томонидан “троллар фабрикаси”ни қонунийлаштириш таклифи лойиҳада ижрочи сифатида кўрсатилган Ёшлар иттифоқи, Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги, шунингдек, сенатор, Ёшлар иттифоқи раиси Алишер Саъдуллаев ва ТАТУ ректорати билан келишилмаганлиги расман билдирилди.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ахборот хизмати раҳбари ИИВ томонидан Ёшлар иттифоқи аъзолари, ТАТУ талабалари ва кўнгилли ёшлардан ватанпарвар блогерлар виртуал гуруҳини ташкил этиш таклиф қилингани ҳақида қуйидагиларни маълум қилди:

“Шуни маълум қиламизки, мазкур ҳужжатга Ёшлар иттифоқи алоқадор эмас. Уни ўрганиш учун ташкилотимизга юборилганида, айнан шу пунктдаги таклифга ўз муносабатимизни билдириб кескин қаршилигимизни баён қилган эдик.

Биз Интернет тармоқларида билдирилаётган баъзи танқидий муносабатлар учун ёшларнинг қимматли вақтларини сарфлашдан кўра реал ҳаракатларга сарф этиши, ўз устида кўпроқ ишлаши, кўпроқ билим олиши, пировардида соғлом фикрли, теран таҳлилга эга инсон бўлиб улғайгани жамият учун кўпроқ манфаат келтиради, деб ҳисоблаймиз.

Ҳар бир шахс ўз фикр мулоҳазаларини баён қилиш ва билдириш ҳуқуқига эга. Айниқса, ёшлар эркин фикр билдира олиши етук шахсларнинг пайдо бўлишига замин яратади. Бироқ, у том маънода эркин ва мустақил фикр бўлиши шарт”, — дейилади Ўзбекистон ёшлар иттифоқи баёнотида.

Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетининг ёшлар етакчиси, Ректорнинг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Умидбек Aбилов қуйидагиларни билдирди:

“Ҳозир кенг муҳокамаларга сабаб бўлаётган, Йўл харитасида белгиланган тадбирлар келтириб ўтилган 9-банддаги “Ўзбекистон ёшлар иттифоқи аъзолари, Тошкент ахборот технологиялари университети талабалари ва кўнгилли ёшлар иштирокида ватанпарвар блогерлар виртуал гуруҳини ташкил этиш, улар ёрдамида ижтимоий тармоқлардаги салбий фикрларни аниқлаш ҳамда тармоқ фойдаланувчиларини уларнинг таъсир доирасига тушиб қолишларининг олдини олиш мақсадида билдирилаётган салбий фикрларга муросасизлик муҳитини яратиш“, деб белгиланган тадбир режасига Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаоллари ҳамда Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетининг ҳеч қандай алоқаси йўқлигини билдираман.

Ушбу қарор лойиҳасининг юқорида келтириб ўтилган банддаги тадбир режаси бўйича Университет раҳбарияти билан ҳам ҳеч қандай келишув амалга оширилмаган!”

Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев Ёшлар иттифоқи раиси Алишер Саъдуллаев билан боғлангани ёзган. Унинг айтишича Иттифоқнинг ушбу лойиҳани ишлаб чиқишга мутлақо алоқаси йўқ, улар кеча бу бандни расман рад этган ҳамда лойиҳадан чиқариб ташлашни сўрашган.

Шунингдек, бир қатор блогер ва журналистлар ҳам лойиҳанинг мазкур бандини қоралаб чиқди.

Журналист ва юрист Баҳодир Аҳмедов шундай ёзади:

“Жуда кўп қонун, қонуности ҳужжатларни кўраман – ҳаммасида бир хил қолип: “Фалончи, фалончи соҳани такомиллаштириш, фуқаро дахлсизлиги, ҳуқуқ ва эркинлигини таъминлаш бўйича қонунларни бундай қилиш, ундай қилиш“ деган сўзлар билан номланади-да, ичида умуман бунинг акси бўлади. Такомиллаштириш халқ учун эмас, кимларнингдир манфаатлари юзасидан бўлади.

Шу кунларда сиёсий ҳушёрлик керак. Биронта қонун ёки қарор ўтиб кетиб қолмасин деб тургандим, битта лойиҳа қўйилибди. Бу лойиҳа қандай ўтган ҳайронман. 

“Кўнгилли ёшлар иштирокида ватанпарвар блогерлар виртуал гуруҳи“ – булар ким? Ватанпарварлик деганда нима тушунилади ўзи? Ватанпарвар одам юртини ривожланишини, дунёда олд қаторда бўлишини хоҳлайди. Керак бўлса, бирор давлат ташкилоти нотўғри иш қилаётган бўлса, нотўғри қиляпсан дейди. Қўрқмайди.

“Ижтимоий тармоқлардаги салбий фикрларни аниқлаш ҳамда тармоқ фойдаланувчиларини уларнинг таъсир доирасига тушиб қолишларининг олдини олиш“ – бу нима дегани? Салбий фикр нима ва ижобий фикр нима? Бирорта ташкилот хато қилса, э сен хато қилдинг дейиш – салбий фикрми?

“Салбий фикрларга муросасизлик муҳитини яратиш“ – бу нима цензура, сўз эркинлигига зарба эмасми? Менимча, одамларни сал карантиндан, стресслардан чалғитиш учун ҳазил бўлди, шекилли, дейди блогер.

“ТАТУдаги троллар фабрикаси қонунийлаштирилади”, — деб ёзади блогер Нозим Сафари.

“Яъни, бир неча ой олдин фош этилган ТАТУ талабаларидан тузилган троллар фабрикаси фаолиятини қонунийлаштириб, ижтимоий тармоқдаги ижтимоий фикрга таъсир ўтказишмоқчи. “Ватанпарвар блогерлар“ тармоқда юзлаб сохта аккаунтлар яратиб, шарҳлардаги негатив ёки ўзгача фикр ва қарашларга қарши баландпарвоз комментлар билан курашишса керак. ТАТУда бошқа услубни билишмайди.

Ижтимоий фикрни бундай сунъий ва тутуруқсиз усул билан ўзгартиришга ҳаракат аслида жиноий хатти ҳаракат дея малакаланиши зарур. Ички ишлар вазирлиги ундан кўра кибербуллинг каби янги виртуал жиноятларга қарши қонунчиликда ўзгартиришлар қилишса яхши эди. Бундай гитлерюгендчилар билан эса фақат орқага шахдам советча қадам ташлай оламиз.

Ҳар бир фуқаро фикр ва сўз эркинлигига эга. Вазирлик эса бу ташаббус билан инсоннинг энг бирламчи ҳуқуқига дахл қилмоқчи. Троллар орқали ўзгача фикрлиларга нисбатан тоқатсиз, ксенофобик муҳит яратмоқчи. Кучли тоталитаризмнинг ҳиди бурқситиб келмоқда”, дейди блогер. 

Сайтимиз колумнисти Нурбек Алимов шундай дейди:

“Бу хабарни менга юборишгач биринчи ҳаёлимга келган нарса “ТАТУ барибир одам бўлмапти-да...” деган нарса эди, иккинчиси “Алишер?” деган савол. Лекин иккала ташкилот ҳам бу нарсага кескин қаршиликларини айтиб ўтишибди, уларни оқлайман ва дуо қиламан.

Энг қизиғи, бу хабар чет эл оммавий ахборот воситаларига чиққанида бошланса керак. Ўзининг тролл фабрикалари билан жуда машҳур бўлган Россия ҳам буни ҳаттоки ҳеч қачон тан олмаган, бизда эса қонун муҳокамасига қўйиб бемалол легаллаштиришга уринишлари кулгили десак, ҳеч нарса демаган бўламиз. Бу ҳақиқий испанча уялиш, яъни бошқалар қилаётган иш учун — сени бу ишларга умуман алоқанг бўлмаса-да — нимагадир сен уялиб кетасан...

Албатта, интернетда "ангажированный" ва фақатгина бир тарафлама танқид қилувчилар жуда кўп, лекин тролларни ҳеч қачон бегона ва ўзимизники категорияларига бўлмаслик керак. Мен учун Ўзбекистонни ёмонловчи ва мақтовчи троллар ўртасида принципиал фарқ йўқ. Биринчиси нохолислик билан халқаро ҳамжамиятни алдаса, иккинчиси нохолислик билан ўз халқимизни алдайди. Тролларга қарши троллар билан жанг қилиш эффектив эмас. Бу ерда “понани пона билан уриш“ ёки “аччиқни аччиқ кесади“ теориялари ишламайди. Чунки хар икки тарафдан троллар кўпайиб натижада реал воқелик мутлақо абсурд ҳолатга тушиб қолиши мумкин.

Ватанпарвар блогерларга келадиган бўлсак, мен учун ҳақиқий ватанпарвар блогерлар муаммоларимизни очиқ ёритиб берадиганлардир, салбий фикрларни аслида интернет фойдаланувчилари эмас давлат ташкилотлари, мансабдорлар шакллантиради. Интернетдаги гап-сўзлар эса шу шакллантириб берилган салбий фикрга бўладиган реакциялар холос. Масала учун узоққа бориш шарт эмас, мана шу постдаги кейснинг ўзи етади”, — дейди Нурбек Алимов.

Телеграмдаги “Янги Файзбоғ” канали муаллифи Темур Малик эса буни “жуда ижобий, ва айтиш мумкинки, зарурий қадам. Бу ташаббусларни ўйлаб топганларга минг раҳмат!” дея кесатиқ қилади.

“Сўнгги вақтларда уйда чўзилиб ётиб, турли бўлар-бўлмас танқидий нарсаларни ёзадиган “ғаламис қатлам” вакиллари ҳаддан ташқари кўпайиб кетаётган эди. Булар ҳамма жойга негатив уруғини сочиб, ҳаттоки бир беозор ҳукумат вакилларини чин кўнгилдан ҳимоя қилаётган “қушчалар уяси”ни ҳам топиб, дабдала қилиб ташлашарди. Ана энди “яширин троллар фабрикаси” деган номларга ҳожат қолмайди. Энди уларга қарши курашишнинг кераги йўқ. Сабаби, ушбу қарор ИИВ томонидан муҳокама учун жойлаштирилган президент лойиҳасида билдирилган. Бизда эса, тушунганингиздек, президент лойиҳаси ва қарорлари муҳокама қилинмайди.

Дарвоқе, бундан бир неча кун аввал ХХРга таалуқли бир ажойиб хабар эълон қилгандим. Хабарларга қараганда, Хитой ҳукумат ва Коммунистик партиясининг ижобий имиджини шакллантирган ҳар бир хабар учун 0,5 юан олган интернет тролл тарғиботчилари учун тўланадиган нархлар суммаси кўтарилган. Эндиликда интернет фойдаланувчилари ва блогерларидан ташкил топган “Умаодан” гуруҳи (“50-цент армияси”) 0,7 юан оладиган бўлишди. Буни ҳам олқишлаш керак. Чинакам ватанпарварлик!”, дейди блогер.

Daryo.uz сайтининг Бош муҳаррири, Муҳрим Аъзамхўжаев троллар фабрикасини “Ўзбек хунвейбинлари” саҳнага чиқишга деярли тайёр деб атаган:

“Мен ҳатто бу виртуал гуруҳга аллақачон Шуҳрат Мусаев бошлиқ бўлганини тахмин қиляпман, очиғи.

Бу вазиятда нима ҳам дейиш мумкин? Хитойнинг 1966—1967 йиллардаги “илғор” (қизиғи, кейинчалик Хитойнинг ўзи томонидан ҳам қораланган) тажрибани амалга оширишда, ўзбек хунвейбинларини яратиб, уларни катта саҳнага олиб чиқишда ҳаммадан ақлли масъулларимизга омад ва зафарлар тилаб қоламиз! Аллақачон кашф этилган ва фойдаланишда чиқариб бўлинган велосипедларни қайта ва қайта, энг муҳими, ўша эски хатолари билан кашф этиш ишидан асло чарчаманг деймиз”, — дейди блогер.

Сайтимизнинг яна бир колумнисти Мусанниф Адҳам эса лойиҳадаги ушбу бандларни сўз эркилигини чеклаш деб атади.

“Карантин баҳона сўз эркинлигини чеклаш кимларнингдир азалий орзулари ушалишига олиб келса, ажаб эмас. Аммо сўз эркинлиги чекланиши ортидан аввал ижтимоий ҳаёт, кейин иқтисод таназзулга учрайди. Сиёсат ҳақида гапирмаса ҳам бўлади: тоталитар, авторитар, диктатура тузумларининг таянчи айнан сўз эркинлиги, фикр эркинлигини бўғиш саналади.

Ривожланишни истаймизми, эркинликка қарши чиқмаслигимиз лозим. Сўз, фикр, эътиқод эркинлиги ҳамма нарсадан муҳим”, дейди блогер.

Шундан сўнг ИИВ таклиф ва тавсиялар асосида ҳужжат лойиҳаси ўрнатилган тартибда қайта кўриб чиқилишини маълум қилди.

“Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига ID-16692 рақами билан жойлаштирилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизимини янада такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси юзасидан қатор фикр ва мулоҳазалар баён этилмоқда.

Мазкур масалага бефарқ бўлмаган ва қарор лойиҳаси юзасидан танқидий ҳамда самарали фикрларини қолдираётган юртдошларимизга миннатдорчилик билдирамиз.

Мазкур таклиф ва тавсиялар асосида ҳужжат лойиҳаси ўрнатилган тартибда қайта кўриб чиқилади ва келишиш учун мутасадди идораларга киритилади.

Шу ўринда, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги конструктив мулоқот учун доимо очиқлигини таъкидлаймиз", дейилади ИИВ ахборот хизмати хабарида.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан