ИИВ ва Uzcard фирибгарлардан эҳтиёт бўлишга чақирди

ИИВ ва Uzcard фирибгарлардан эҳтиёт бўлишга чақирди

Ички ишлар вазирлиги ва Uzcard фирибгарлардан эҳтиёт бўлишга чақирди. Бу ҳақда ИИВ томонидан эълон қилинган маълумотда айтилади.

Қайд этилишича, пластик карталардан фойдаланиш янада хавфсиз ва техник жиҳатдан мукаммал жараёнга айланиб бормоқда. Лекин фирибгарлар инсонларнинг ишончидан ва карталарни ишлатишнинг асосий қоидаларини билмаслигидан фойдаланмоқда.

Банклар ва қонунни муҳофаза қилувчи органлар мунтазам равишда, пулидан эҳтиётсизлик оқибатида маҳрум бўлган фуқаролардан аризаларни қабул қилмоқда. 

Фирибгарлардан эҳтиёт бўлиш учун қуйидаги тавсияларга қатъий риоя қилиш сўралган:

  • карта PIN-кодини бегоналарга айтмаслик;
  • текшириш учун SMS тасдиқ кодини ҳеч кимга кўрсатмаслик;
  • шубҳали шахсларга пул ўтказмаслик;
  • ижтимоий тармоқларга 16 хонали рақамлари кўриниб турган карта суратини жойлаштирмаслик.

«Uzcard ёки банклар карта рақамини, ПИН-кодни ёки SMS бўйича тасдиқлашни билиш учун ҳеч қачон мижозларга қўнғироқ қилмайди.

Фирибгарлар турли нарсаларни баҳона қилиб, ўзларини банк ёки Uzcard ходимлари бўлиб таништиришлари мумкин. Уларнинг мақсади — картангиздан пулларни ечиб олиш. Агарда сизга бундай қўнғироқ келиб тушган бўлса, эътибор берманг», - дейилади маълумотда.