Ижтимоий фикрнинг аҳамияти қадрсизлантирилмоқда

Ижтимоий фикрнинг аҳамияти қадрсизлантирилмоқда

resourcesforlife.com

Девальвация – фақат иқтисодий тушунча эмас, бу аввало, ижтимоий тушунча ҳисобланади. Ҳар бир тушунча, қадрият ва хайр (благо) қадрсизланиши, ёки аксинча, қадри ошиши мумкин.

Шу кунларда Ўзбекистонда ижтимоий фикрнинг аҳамияти оҳиста қадрсизланмоқда. Аниқроғи, қадрсизлантирилмоқда. Ўтган уч йил ичида, янги маъмурият жамоатчилик фикри аҳамиятли эканлигини тан олди, у ёки бу кўринишда, одамлар фикрига муносабат билдириб келди.

Айниқса, давлат мулозимлари, маҳаллий раҳбарларнинг ноқонуний ёки қўпол хатти ҳаракатлари кенг жамоатчиликнинг норозилигига сабаб бўлганда, ҳукумат тезда ёки маълум муддат ичида чоралар кўрди. Жамоатчилик ўзининг фикри аҳамиятли эканлигидан, ҳокимиятга нисбатан ишончи ошди, ҳукуматнинг легитимлиги ўсди.

Лекин, кейинги бир ҳафта ичидаги воқеалар фонида, давлатнинг бирон бир институти ҳеч қандай жиддий муносабат билдирмагани, яъни, ҳукумат томонидан жамоатчилик фикрини эътиборсиз қолдириши – ижтимоий фикрни қадрсизлаш дейилади. Жамоатчилик фикри билан бирга, бир вақтни ўзида, олий ҳокимиятнинг легитимлиги ҳам пастга тушади, қадрсизланади. Чунки, легитимликнинг асосий тарозиси – бу жамоатчилик фикри. Одамларни фикри қанчалик инобатга олиниши ёки олинмаслиги, давлатга бўлган ишончнинг ошиши ёки сўниши деганидир.

Айни пайтда, ҳар бир салбий воқеа, кичик ёки катта сиёсий инқироз – давлат ва жамият учун дарс ҳисобланади. Тошкент шаҳар ҳокими воқеаси – ҳукумат ва мулозимлар учун дарс бўлдики, ОАВлари ва журналистлар билан қўпол муомала қилиш керак эмас. Бу катта ҳокимият ва катта капитал учун, ўта хавфли бўлиши мумкин! Жамият учун эса, бу каби тўқнашувлар, ҳокимиятнинг муаммоларини, амалдорларнинг ички дунёсини билиш ва бу муаммолар ҳақида ўйлаш имкониятини беради.

Бу воқеа давлат ва жамият учун, янги даврдаги муҳим ижтимоийлашув – социализация бўлди. Янги даврда, ўзгараётган бошқарув моделида янги қоидалар шаклланади. Бу воқеа натижасида, сўз ва матбуот эркинлиги катта зарба олгандек бўлди. Аслида, амалдорлар кучлироқ психологик зарба олишди. Бундан кейин, ҳатто ёпиқ йиғилишларда ҳам, селектор йиғилишларида ҳам, улар олдингидан кўра кўпроқ ўйланиб, гапиришади. Агар ОАВлари фаоллашувига алоҳида босимлар бўлмаса, бу воқеанинг эффекти – ОАВлари ва сўз эркинлиги фойдасига бўлади.

Лекин, ҳокимнинг лойиҳаларини сақлаб қолиш учун, ижтимоий фикрни, давлат легитимлигини бир оз бўлса-да қадрсизлаш, шарт эмас. Агар сиёсий маҳорат ва фантазия билан тадбир қилинса, оптимал йўллар кўп бўлиши мумкин.


Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.