"Ижтимоий тармоқ фаоллари “очиқлик” баҳонасида одамлар эътиборини торишга ҳаракат қилмоқда". ИИВ матбуот котиби огоҳлантириш билан чиқди

Охирги вақтларда ижтимоий тармоқларнинг фаоллари ўртасида ўзларига тегишли ресурслар орқали бир-бирларига нисбатан ҳақоратомуз мақолалар ёзиш, турли текширилмаган ва номақбул маълумотларни тарқатиш ҳолатлари кўплаб учрамоқда. Ушбу ҳолатлар юзасидан Ички ишлар вазирлиги Ахборот хизмати раҳбари Шоҳрух Ғиёсов жамоатчиликка мурожаат билан чиқди.

"Маълум қиламизки, Ички ишлар вазирлиги Ахборот хизмати доимий равишда веб-ахборот маконини мониторингини олиб боради. Ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, айрим ижтимоий тармоқларнинг фаоллари “очиқлик” баҳонасида, ўзига эътибор жалб қилиш, кўпроқ фойдаланувчи йиғиш, моддий манфаат ва бошқа мақсадлар ортидан қонунчиликда белгиланган нормаларни суиистеъмол қилиб келмоқдалар.

Эслатиб ўтамиз, ижтимоий тармоқларнинг фаоллари жамоат назоратининг субъектлари ҳисобланади ва уларнинг фаолияти Ўзбекистон Республикасининг “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонуни билан тартибга солинади.

Шундан келиб чиқиб, барча ижтимоий тармоқ фаолларини қонунийлик, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари устуворлиги, холислик ва беғаразлик принципларига қатъий риоя қилишларига чақирамиз.

Қонунчилик талабларини бузган фуқароларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилади ва тегишли чора кўрилади", - дея огоҳлантирилмоқда интернет фойдаланувчилари