Икки карра икки... бешми?

Икки карра икки... бешми?

Кеча, 28 октябрда Озарбайжон томонга Арманистон ҳудудидан отилган ракета-бомбалар Барда шаҳрида 21 тинч аҳоли ўлими ва кўплаб инсон турли даражада яраланишига сабаб бўлди. Мен Ал-Жазира хабар телеканали ушбу хабарни Боку ва Еревандаги ўз мухбирларига жонли боғланиб, ёритганини кўрдим.

Бокудаги мухбирдан кейин сўз берилган Еревандаги мухбир озарийлар томонидан отилган ракета Тоғли Қорабоғ «бошкенти» Ханкенди (Хоншаҳри, арманилар уни Степанакерт деб ўзгартириб олишган) шаҳридаги туғруқхона ёнида портлаганини ваҳима қилиб кўрсатди. Шуша шаҳрида эса бир тинч аҳоли ўлганмиш.

Мухбир тарихий статистик билгиларга ишонмай, армани лоббисига ён босиши битта гапидан билиниб қолди. Эмишки, 1915 йили Усмонийлар империяда яшаган гўёки бир ярим миллион арманини қатлиом (геноцид) қилганмиш.

Википедиа энциклопедик веб-сайтида Усмонийлар империясида 1905-06 йилларда ўтказилган аҳоли рўйхати натижаларини кўриш мумкин. Ҳозирги Сурия, Ироқ, Ливан ва Иордания давлатлари у пайтлар арманилар яшаган империя ҳудудларидан бўлган. Статистик рақамларга кўра, ўша йиллари жами арманилар сони бир ярим миллиондан анча оз бўлиб, 1,160,000 кишини ташкил қилган, холос.
 
Оддий арифметикани билган одам бир миллион бир юз олтмиш мингдан мухбир айтган бир ярим миллионни айирса, матижа манфий чиқишини жуда яхши билади. Мухбир эса билиб-билмай арманилар тегирмонига сув қуйиб, дунёга ёлғон хабар тарқатяпти.

Агар 1915 йили битта ҳам армани тирик қолмаган бўлса, унда Ўрусия, Оврўпа ва Америкага қочган ўн минглаб арманилар Ойдан тушдими? Ироқ, Сурия ва Ливанга сунгун қилиниб, ҳозиргача турк тилида ҳам сўзлашадиган арманиларни турклар бошқа сайёрадан олиб келганми?

Афсуски, Озарбайжоннинг Арманистон ишғол қилган тупроқларини озод қилиш учун олиб бораётган ҳаракати дунёда кўпроқ арманилар фойдасига талқин қилинаётганини, информацион урушда эса ишни пул билан ўз фойдасига бурадиган бой армани лоббисининг қўли ҳар ерга етишини кўрсатяпти. Шунинг учун, бирорта хабарни битта манбадан ўрганиб, хулоса чиқариш ярамайди.

Кўплаб чет тилларни билган ва турли манбалардан билги олиб, уларни солиштириш йўли билан хулоса чиқарган одамнинг дунёқараши кенгайтириб, сиёсий-ижтимоий онги ҳам ошади.


Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.