Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Икки ойда ташқи савдо айланмаси 8,7 млрд доллардан ошди
22.03.2022 08:58,  
493

Давлат статистика қўмитаси 2022 йилнинг январь-февраль ойидаги экспорт ва импорт таркиби бўйича хабар берди.

2022 йилнинг биринчи икки ойи давомида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 8 млрд 731,3 млн АҚШ долларига тенг бўлиб, 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 4,01 млрд долларга ёки 84,9% га кўпайди.

Экспорт ҳажми 4,1 млрд долларга етиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 173,2% га кўпайди. Январь-февраль ойларида Ўзбекистон экспортининг асосий қисмини олтин экспорти ташкил этган — 2 млрд 361 млн доллар (экспорт ҳажмининг 57,7 фоизи).

«2021 йилнинг январь-февраль ойларида олтин экспорти амалга оширилмаган эди. Олтинсиз экспорт ўтган йилнинг мос даври билан таққослаганда қарийб 20% га ўсган. Олтин экспортини ҳисобга олмасак, импорт ҳажмининг экспортдан тезроқ ўсаётганлиги яққол кўринади», — дея изоҳлади ушбу ҳолатни иқтисодчи Миркомил Холбоев.

Шунингдек, 1 млрд 386 млн долларлик товарлар ва 348,5 млн долларлик хизматлар чет давлатларига экспорт қилинган. Асосий экспорт товарлари — мева-сабзавот, тўқимачилик, рангли металлар экспорти барқарор ўсишда давом этмоқда. Газ экспорти ўтган йил тегишли даври кўрсаткичларида давом этган бўлса, автомобиллар экспорти 2,5 баробарга қисқариб кетган.

Импорт 4,6 млрд долларни ташкил қилиб, 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 43,9% га кўпайди. Импорт таркибининг катта қисмини товарлар эгаллаган — 4 млрд 330 млн доллар. Ушбу даврда 304,6 млн долларлик хизматлар ҳам импорт қилинган.

Импорт таркибида энг катта улуш машиналар ва транспорт асбоб-ускуналари (34,1%), саноат товарлари (19,8%) ҳамда кимёвий воситалар ва шунга ўхшаш маҳсулотлар (13,0%) ҳисобига тўғри келди. Автомобиллар импорти ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 7,1 баробарга кўпайган. Бундан ташқари, озиқ-овқат маҳсулотлари, нефть ва нефть маҳсулотлари импорти юқори суръатда ўсишда давом этмоқда.

Ҳисобот даврида пассив ташқи савдо баланси қайд этилиб, 538,4 млн долларни ташкил этган.

Ташқи савдо айланмасида энг юқори улушга эга бўлган давлатлар:

  • Хитой — 1 млрд 358 млн доллар (310,5 млн доллар экспорт, 1 млрд 48 млн доллар импорт);
  • Россия — 1 млрд 252 млн доллар (346,8 млн доллар экспорт, 905,2 млн доллар импорт);
  • Қозоғистон — 620,1 млн доллар (141,7 млн доллар экспорт, 478,5 млн доллар импорт);
  • Туркия — 521,2 млн доллар (238,4 млн доллар экспорт, 282,8 млн доллар импорт);
  • Корея Республикаси — 401,5 млн доллар (5,7 млн доллар экспорт, 395,7 млн доллар импорт);
  • Германия — 176,1 млн доллар (13,8 млн доллар экспорт, 162,3 млн доллар импорт);
  • Қирғиз Республикаси — 140,7 млн доллар (115 млн доллар экспорт, 25,7 млн доллар импорт);
  • Украина — 114 млн доллар (36,1 млн доллар экспорт, 77,9 млн доллар импорт);
  • Тукрманистон — 108,8 млн доллар (18,8 млн доллар экспорт, 90 млн доллар импорт);
  • Ҳиндистон — 98 млн доллар (5,6 млн доллар экспорт, 92,4 млн доллар импорт).

Деярли барча йирик савдо ҳамкорлари билан савдо ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ошган бўлса, Туркманистон, Литва ва Италия билан савдо ҳажми пасайган.

Ташқи савдо айланмаси таркибида энг юқори улушни Тошкент шаҳри 31,2% улуш билан 2 млрд 727 млн долларни, энг қуйи улушни эса Сурхондарё вилояти 0,8% улуш билан 67,1 млн долларни ташкил этди.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан