Икки университет: икки хил манзара. Имтиёзни яширишдан кимга наф?

Икки университет: икки хил манзара. Имтиёзни яширишдан кимга наф?

2000-йиллардан буён матбуотда мақолаларим билан чиқиш қиламан. Уларда асосан эшитишида нуқсони бор кишилар таълимига оид муаммоларни кўтариб, ривожланган мамлакатлардаги каби юртимиз олий таълим муассасаларида ҳам бизга ўхшаган эшитишида нуқсони бўлган шахсларнинг олий таълим олиши учун турли имтиёзлар яратилишини орзу қилардим.

Президентнинг 2017 йили 1 декабрдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ниятларим амалга ошганини кўрсатди. Гувоҳи бўлдимки, 2018-2019-ўқув йилидан бошлаб, I ва II гуруҳ ногиронлиги бор шахслар учун абитуриентларни қабул қилиш умумий сонининг икки фоизли қўшимча квотаси жорий этилди. Кириш имтиҳонларида ногиронлиги бор абитуриентлар учун ўтиш баллари 56,7 балгача (максимал балл — 189 баллнинг 30 фоизи) камайтирилди ва тегишли баллни қўлга киритганлар давлат грантлари асосида ўқишга қабул қилинди.

Бу йил менда ҳам ўқишга кириш умиди пайдо бўлди. Бугун ўқитувчиларни қўллаб-қувватлашга эътибор кучаяётганидан руҳланиб, қолаверса, оиламизда кўпчилик педагог бўлгани учун Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг дефектология факултети сиртқи бўлимига ҳужжат топширмоқчи бўлдим. Афсуски, бир ҳолат дилимни хира қилди.

Ҳужжатлар қабул қилиш жараёнида Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети комиссия аъзолари олдига бориб, сиртқи бўлимга ҳам II гуруҳ ногиронларига имтиёз бор-йўқлиги ҳақида қизиқдим. Навбатчилардан бири ичкарига кириб суриштирди ва чиқиб ҳужжат топширишим мумкинлигини айтди. Ҳужжатим ёнимда бўлмагани учун эртаси куни олиб боришга қарор қилдим. Эртаси куни керакли ҳужжатлар билан бордим. Навбатим келгач, қабул комиссиясининг ўзини Мунис деб таништирган ходимига учрадим. Ҳужжатларимни кўриб, сиртқи бўлимга ҳеч қанақа имтиёз ўтмаслигини, имтиёздан фақат кундузги бўлимга киришда фойдалана олишимни айтди. Мен эса кеча келганимни, комиссия аъзоларидан бири менга имтиёзли қабул қилинишим мумкинлигини айтди, деб тушунтирдим. Кейин тортишмасдан ташқарида турган ёши каттароқ комиссия аъзолари олдига бориб, масалани ойдинлаштирмоқчи бўлдим. Улар ҳам сиртқи бўлимга имтиёз ўтмаслигини айтишди ва энг алам қилгани — ўша ёши катта педагогнинг менга берган саволи бўлди: “Эшитмасангиз қандай ўқийсиз?”…

Мен юртимиздаги эшитишида нуқсони бўлган ягона блогерман ва жамиятимиз аъзоларини кузатиб бораман. Ўтган йили имтиёз туфайли Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети билан бирга бошқа олийгоҳларда ҳам жамиятимиз аъзоларидан бир нечтаси ўқишга кириб, таҳсил олаётганини биламан. Шундай қилиб Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетига ҳужжат топширдим. Комиссия ходими ҳеч қанақа ортиқча савол бермасдан, табассум билан ҳужжатларимни қабул қилди. Эшитмаганим боис ёзма саволлар бериб, барча керакли нарсаларни тушунтирди ва омад тилади. Имтиҳон олдидан университет ректори шахсан ўзи сўзга чиқиб, барча абитуриентларга омад тилади. Ижодий имтиҳон пайти комиссиянинг савол-жавобидан сўнг университет ректори ҳар бир абитуриент билан индивидуал суҳбатлашди. Менинг ҳам нима билан шуғулланишим, ким бўлиб ишлашим билан қизиқди.

Биринчи учрашган одам билан суҳбатлашиш чоғида уни тушуниб олиш доимо қийин бўлган. Чунки унинг лаб ҳаракати нотаниш бўлиб, танишиб олиш учун маълум вақт керак бўлади. Университет ректори Шерзодхон Қудратхўжаев билан ҳам биринчи учрашганим боис лаб ҳаракатини пайқаб олишга сал қийналдим.

Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети комиссия аъзолари рад жавобини бергач, қабул қилинган қарорлар билан интернетда танишдим. Адлия вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан боғландим. Қонунчиликка кўра, сиртқи таълим шаклига ҳам барча имтиёзлар, жумладан, ҳарбий тавсиянома олганлар, ногиронлиги бўлган шахслар, ҳарбийларнинг фарзандларига ажратилган алоҳида квоталар, чет тили сертификатлари ва ҳоказолар ўтишини билиб олдим. Ҳужжат қабул қилиш жараёнининг охирги куни ҳамкасбим билан яна университетга боришга қарор қилдим ва ўша рад жавобини берган Мунис исмли комиссия аъзосига учрадим. Ҳамкасбим олдида ҳеч қандай рад этмасдан ҳужжатларимни қабул қилди. Аммо… мен Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетига ҳужжат топширганим боис ДТМ базасига киритилгандим. Қоидага кўра, учта олий таълим даргоҳини танлаш учун уч фан бир хил бўлиши кераклиги туфайли ҳужжат топшира олмадим.

Хўш, нега биринчи борганимда ҳужжатларимни қабул қилмай рад этишди? Бошқаси эса “Эшитмасангиз қандай ўқийсиз?”, деган саволни берди? Менга ўхшаган талабалар ўқишини билатуриб, нега шундай савол билан мурожаат қилди?

Кўпчилик эшитишида нуқсони бўлган инсонларни саводсиз, деб ўйлайди. Аслида қаттиқ адашади, улар орасида саводлилари ҳам кўп. Кузатиш ва тадқиқотларим шуни кўрсатмоқдаки, республикамиздаги кар ва заиф эшитувчи болалар махсус мактаб-интернатларида ўқитувчиларнинг асосий қисми имо-ишорани яхши билмайди. Бу эса таълим сифатини оширишга салбий таъсир ўтказади. Имо-ишорани билмаган ходимни Нью-Йоркнинг Lexington School for the Deaf карлар мактаби раҳбарияти ишга қабул қилмайди. Бундан ташқари, педагогларнинг кўпчилиги эшитишида нуқсони бўлган инсонлардир. Россияда кар ва заиф эшитувчи болалар махсус мактаб-интернатларида эшитишида нуқсони бўлган педагоглар етарлича ишлашади.

Мамлакатимиз махсус мактаб-интернатларида эшитишида нуқсони бўлган педагоглар саноқли бўлиб, улар ҳам фақатгина жисмоний тарбия ёки меҳнат фанидан дарс беришади. Биз ҳам эшитишида нуқсони бўлган қатлам таълимини ривожлантиришни истасак, мактаб-интернатларни тугатган ёш йигит-қизларимизга эътиборни кучайтиришимиз, таълимни давом эттириши учун кенг йўл очишимиз керак. Хайрият, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети талабаси бўлдим. Ижодий имтиҳондан гуруҳда ягона эшитишида нуқсони бўлган инсон сифатида энг кўп балл йиғиб, давлат гранти асосида ўқишга қабул қилиндим.


Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.