Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






II Жаҳон уруши тарихидан: Дунёни ўзгартирган Ялта конференцияси (видео)
25.02.2020 15:24,  
3751

1945 йил 4 феврал куни Қримнинг Ялта шаҳридаги меҳмонхонада уч киши дунё харитасини ўзгартириш мақсадида учрашди.

Бу вақтга келиб, нацистлар Германияси тиззасига чўккалаб қолганди. Совет аскарлари Берлинга яқинлашиб бораётган, Иттифоқчи кучлар иккинчи фронт ҳудудидан қийинчилик билан ўтиб, Германиянинг ғарбий чегараларига етиб келган, Тинч океанида эса АҚШ Японияга қарши қонли, аммо муваффақиятли уруш олиб бораётган эди

Ўз қўшинлари ғалаба кетидан ғалабага эришар экан, “Катта учлик” деб аталган етакчилар – АҚШ президенти Франклин Рузвелт, Буюк Британия бош вазири Уинстон Черчил ва Совет Иттифоқи раҳбари Иосиф Сталин Ялта шаҳрида, Қора денгиз бўйидаги меҳмонхонада учрашишга келишиб олди.

Уч йилдан ортиқ давом этган қонли жанглар натижасида Совет Иттифоқи қўшинлари немисларни яксон этиб, Берлинга етиб боришига бир неча юз километр қолган эди. ©️ GETTY IMAGES

 

Тарихнинг шу давригача энг қонли можаро ниҳоясига етаётган бир паллада иттифоқчилар яна қачондир шу каби ҳалокат юз беришини тўхтатиб қолишни истади.

Бироқ АҚШ ҳам, СССР ҳам ўз қоидалари устувор бўлишини хоҳларди. Ялтадаги келишувга қарамай, орадан бир неча ой ўтиб, Совуқ Уруш учун пойдевор қўйилди – ҳар икки суперқудрат дунёни икки мафкуравий лагерга бўлиб, ўн йиллар давомида ўзаро рақобат қилиб келди. 

“Ялта конференциясининг асосида урушдан кейинги тинчликни мустаҳкамлаш ётган бўлса ҳам кейинчалик бу конференция натижалари муваффақиятли чиқмади. Зеро, АҚШ ва СССРнинг қарама-қарши манфаатларини ҳисобга олганда бу мақсад бошиданоқ режада бўлмаган, дейиш мумкин”, дейди Бостон Университетидан профессор Эндрю Бейсвич. 

1945 йил февралига келиб нималар бўлганди?

1945 йил бошланганида нацистлар Германияси урушни бой бериб бўлган, мамлакат қонга ботган, тобора умидиз равишда душманга қаршилик кўрсатар, аммо можаро узоққа чўзилмаслиги, мағлубият муқаррарлиги очиқ-ойдин кўзга ташланиб қолганди. 

Шарқий Европада Совет Иттифоқи қўшинлари қудратли тўлқинга айланиб, тўрт йиллик ваҳшиёна урушдун кейин немисларни шиддат билан янчиб келар эди. 

Бироқ Германия аскарларининг тўртдан уч қисми Шарқий фронтда ҳалок бўлиб, СССР ҳарбий қудратнинг чўққисига чиққанига қарамай, мамлакат даҳшатли азобларни бошдан кечирганди. 

Ялта конференциясида Полшанинг чегаралари расман тасдиқланди: 1919 йилда эълон қилинган "Керзон чизиғи"дан шарқдаги ерлар – 1939 йил сенятбрида СССР томонидан босиб олинган Ғарбий Украина ва Ғарбий Белоруссия расман Совет Иттифоқига ўтди; бунинг эвазига Полша ғарбда Германиянинг бир қисм ҳудудини қўлга киритди, аммо умумий ҳисобда ўз ерининг 20%ини, 77 500 км2 майдонини йўқотди.  

 

Тақослаш учун: ҳар етти совет фуқаросидан биттаси, яъни, 27 миллион киши бу урушда ҳалок бўлди; уларнинг учдан икки қисми қўлига қурол олмаган оддий одамлар эди. Баъзи олимлар бу рақам янада кўпроқ бўлганини айтади.  

Совет Иттифоқининг йирик шаҳарлари ва бой ерлари ушбу уруш натижасида вайронага айланди. Саноат корхоналари, экинзорлар, уйлар ва ҳатто йўллар ҳам ер юзидан йўқ қилиб юборилди. 

Дунё етакчиларининг мақсадлари қандай эди?

Иосиф Сталин ўз мамлакатини қайтадан оёққа турғизишни мақсад қилиб олганди. У Ялтага Шарқий Европада таъсир доираларига эга бўлиш учун келган, бу минтақа келажакда СССРга хавфсиз оралиқ ҳудуд сифатида керак эди. У шунингдек, яна бир марта хавф манбаига айланмаслиги учун Германияни иккига бўлиб ташлаш, ундан пул, техника ва ҳатто асирлардан иборат улкан миқдорда товон олишни истар, шу йўл билан яксон бўлган СССРни кўтармоқчи эди.

Сталин бу мақсадини амалга ошириш учун Ғарб давлатларининг розилигини олиш кераклигини биларди. 

1951 йили Совет Иттифоқи ва Полша ўртасидаги келишувга биноан "Керзон чизиғи" атрофидаги баъзи ерлар ўзаро алмашилди ва айни чегаралар бугунги Полша харитасини белгилаб берди. 

 

Уинстон Черчилл Сталиннинг мақсадларини тушунарди. Иккаласи 1944 йил октябрида Москвада учрашган ва Европани СССР ва Ғарбдаги қудратли давлатлар орасидаги таъсир доираларига бўлиб олишни муҳокама қилишган эди. У яна миллионлаб совет аскарлари Марказий ва Шарқий Европадан ўтиб Германия ҳудудидга кириб бўлгани, улар Ғарбдаги иттифоқчи кучлардан сон жиҳатдан анчагина кўплиги ва агар Сталин ўзи эгаллаган ҳудудларда қолишни истаса, Буюк Британия бунга қарши ҳеч нарса қила олмаслигини ҳам тушунарди.   

Буюк Британия 1939 йилда Германияга уруш эълон қилди. Чунки 1939 йил 1 сентябр куни Германия унинг иттифоқчиси бўлган Полшага бостириб кирганди. Черчилл уруш якундашаётган паллада ҳам бу мамлакатнинг озодлигини сақлаб қолиш керак, деган қарорида қатъий эди. Аммо Британия ғалабага эришиш учун жуда катта тўлов қилган ва Ялта конференцияси вақтига келиб банкротлик ёқасида турарди. Черчилл бу вазиятда АҚШнинг қўллаб-қувватловидан умид қилиб, унинг Сталинга қарши туришини кутарди. 

Бироқ АҚШ президенти Рузвелтнинг ҳам ўз устувор мақсадлари бор эди. У Сталин Бирлашган Миллатлар Ташкилотига – урушдан кейинги дунёда тинчликни сақловчи халқаро тузилмага киришини истарди.   

Виржиния Университетидан профессор Мелвин Леффлернинг изоҳлашича, Рузвелт Биринчи Жаҳон урушидан кейин иттифоқчилар ўртасида келиб чиққан келишмовчилик 1920-1930 йиллар орасида АҚШнинг жаҳон сиёсатидан чиқиб кетишига сабаб бўлганини яхши биларди. “Рузвелтнинг мақсади энг аввало АҚШни изоляционизм – бошқа давлатларнинг ишларига аралашмаслик, дунёдан иҳоталаниб олиш сиёсатига қайтариш эди”, дейди у. 

АҚШ президенти яна Совет Иттифоқи Японияга қарши уруш эълон қилишини ҳам хоҳларди. Гарчи Япония империясига қарши уруш бошланганидан бери вазият америкаликларнинг фойдасига ўзгарган бўлса ҳам ҳамон АҚШ ҳарбий кучлари Тинч океанида оғир йўқотишларга учрарди. Бундан ташқари, японлар Тинч океанидаги АҚШга тегишли оролларга ҳам ҳужум қилиши эҳтимоли борлиги Рузвелтни безовта қиларди.

Ялта конференцияси Россиянинг сўнгги императори Николай II нинг ёзги қароргоҳи бўлган Ливадия саройида бўлиб ўтди. ©️ GETTY IMAGES  

 

Ялтада нима бўлди?

Рузвелт учрашув Ўрта Ер денгизидаги бирон жойда ўтишини истаганди, аммо самолётда парвоз қилишдан қўрқадиган Сталин бунинг ўрнига Ялтани таклиф қилди. Учрашувлар 1945 йил 4-11 феврал кунлари, АҚШ вакиллари жойлашган Ливадия саройида бўлиб ўтди. Бу сарой Россиянинг сўнгги императори Николай II нинг ёзги қароргоҳи бўлган эди. 

Уч етакчи бунгача 1943 йилда, Эрон пойтахти Теҳронда учрашганди. Рузвелт Черчиллдан кўра Сталинга кўпроқ ишонар, Черчилл эса Сталинни секин-аста ўсиб келаётган хавф деб кўрарди. 

Бир ҳафталик муҳокамалардан кейин Катта Учлик дунёнинг келажаги ҳақидаги ўз қарорларни эълон қилди: Германия сўзсиз, ҳеч қандай шартларсиз таслим бўлганидан кейин иттифоқчилар ўртасида қисмларга бўлинади; тўртта истило ҳудуди ташкил этилади – Ялтада иштирок этаётган давлатлар ва яна Франция бу ҳудудларни бошқаради; Берлин шаҳри ҳам худди шу тартибда бўлинади. 

Уруш икки рақиб мафкура – коммунизм ва капитализм етакчиларини бир даврага йиғди. ©️ US government photographer

 

Эълон қилинган декларацияда Германия “жуда катта миқдорда тўлов тўлаши” ва бунинг миқдорини расмий Москва алоҳида комиссия тузиб белгилаши қайд этилди. 

Шунингдек, етакчилар озод қилинган Европада, жумладан, Полшада ҳам демократик сайловлар ўтказиш, янги ҳукуматда “Полшанинг ўзидан ва хориждаги поляклар орасидан танланган демократлар ҳам бўлиши”га ўзаро розилик билдирди. Варшавани эгаллаб, бу ерда аллақачон коммунистик ҳукуматни бошқарувга келтиришга улгурган Совет Иттифоқи унинг таркибини кенгайтиришга рози бўлди. 

Бироқ Сталиннинг назаридаги “демократия” бошқача маънога эга эди. Гарчи у озод қилинган Европада эркин сайловлар ўтказилишига розилик берган бўлса ҳам унинг қўшинлари Марказий ва Шарқий Европадаги муҳим идоралар бошқарувини маҳаллий коммунистик партияларга топшириб бўлганди.

Бундан ташқари, Сталиннинг босими билан етакчилар Полшанинг чегаралари ғарбга қараб сурилишига қарор қилди – СССР унинг шарқий ҳудудларини оладиган бўлди. Болтиқбўйи давлатлари – Литва, Латвия ва Эстония ҳам Совет Иттифоқига қўшилди. 

Тарихчи Анна Апплебаумнинг “Темир пардалар” китобида ёзишича, дунё етакчилари “Европанинг катта қисмини ҳайратланарли бефарқлик билан ҳал этиб ташлаган”. Рузвелт Сталиндан “юмшоқроқ тарзда” “Лвов Полшанинг қисми бўлиб қолиши мумкинми?” – деб сўради. Бироқ у ўз ғоясини қатъий илгари сурмади ва бу масалага шу билан қайтилмади.

Рузвелтни кўпроқ Бирлашган Миллатлар Ташкилотини тузиш ғояси қизиқтирарди ва айтиш мумкинки, у ўз ниятига етди. Учала давлатнинг барчаси 1945 йил 25 апрелда ўз вакилларини Сан-Францискога жўнатишга ва у ерда янги халқаро ташкилот тузиш ишларига ёрдам беришга рози бўлди. Бундан ташқари, Сталин Германия тўлиқ енгилганидан уч ой ўтиб Японияга қарши уруш бошлашга ваъда берди. 

Черчилл эса ўзаро шартномалардан кейин ҳам асосий эътиборини Шарқий Европадаги вазиятга қаратишда давом этди. У урушдан сўнг Британия ва Америка кучлари имкон қадар шарқроққа силжиши кераклигига урғу берарди.

Ялта конференцияси қарорларига кўра қисмларга бўлинган Берлин шаҳри ва умуман Германия 1989 йилгача иккига ажралганича қолди. ©️ GETTY IMAGES 

 

Ундан кейин нима бўлди?

Ялтада эришилган келишувлардан бир неча ой ўтиб, халқаро вазият кескин ўзгариб кетди. 1945 йил 12 апрелда АҚШ президенти Рузвелт мияга қон қуйилишидан вафот этиб, унинг ўрнини Ҳарри Трумен эгаллади. 8 май куни Германия сўзсиз таслим бўлгани ҳақидаги шартномага имзо чекди – Европада уруш тугади. 16 июл куни АҚШ ўзининг махфий қуроли  – атом бомбасини муваффақиятли тарзда синовдан ўтказди. Ундан кейинги 10 кун ичида АҚШ президенти Ҳарри Трумен Британия бош вазири Уинстон Черчилл (28 июнда унинг ўрнига икки кун олдинги сайловда ғалаба қилган Климент Эттли Британия номидан қатнаша бошлади) ва Совет Иттифоқи раҳбари Иосиф Сталин билан Берлин ташқарисидаги Постдамда учрашди.  

Трумен ҳали Сталин билан таниш эмас, президентлик курсисини эгалланига эндигина 4 ой бўлганди. 1940 йил баҳорида ҳокимиятга келган Уинстон Черчилл Потсдам конференциясига Буюк Британия бош вазири сифатида келганди, аммо 1945 йил 26 июлда эълон қилинган парламент сайлови натижаларига кўра 28 июлдан бошлаб унинг ишини Лейбористлар партияси вакили, янги бош вазир Климент Эттли давом эттирди.

Конференцияда томонларнинг кайфияти ўта фарқли эди. АҚШ сиёсатчилари атом бомбасининг қудратидан кейин ўзларини ўта қулай ҳис қиларди. Трумен Рузвелтдан анча фарқ қилиб, Сталинга шубҳа билан қарар, унинг ўзи ҳам, маслаҳатчилари ҳам СССР Ялтада эришилган келишувларга содиқ қолишига ишонмас эди.

1945 йил 17 июлдан 2 августга қадар давом этган Потсдам конференциясида Иккинчи Жаҳон уруши натижалари расмийлаштириб қўйилди. Чапдан ўнгга: Буюк Британия бош вазири Климент Эттли, АҚШ президенти Ҳарри Трумен ва Совет Иттифоқи раҳбари Иосиф Сталин. ©️ GETTY IMAGES  

 

Потсдам конференциясидан кейин икки йил ҳам ўтмай, 1947 йил 12 мартда АҚШ президенти ўзининг “Трумен доктринаси”ни тақдим этди – АҚШ ўз қудрати воситасида дунё бўйлаб Совет давлати тажовузини тийиб туришни ваъда қилди. Совуқ Уруш бошланди.

Черчилл ҳам, Рузвелт ҳам Ялтада Сталинга ўз мақсадларини амалга оширишида йўл очиб бергани учун танқидга тутилди. Бироқ амалда АҚШ ҳам, Буюк Британия ҳам ўшанда қўлидан келганини қилган, Сталиннинг қўшинлари аллақачон Марказий ва Шарқий Европа тупроқларини эгаллаб турган бир вазиятда ғарбдаги иттифоқчилар учун бошқача танлов йўқ эди. Ялта конференциясидан кейин Черчилл “Алқга сиғмас амалиёт” (“Operation Unthinkable”) номи билан СССРга ҳужум қилиш режасини ишлаб чиқишга буйруқ берди. Бироқ британ ҳарбий стратеглари бунинг ҳеч қачон амалга ошмайдиган иш эканлигини яхши тушунган. 

“Ялтада қабул қилинган қарорлар ўша пайтда Шарқий Европадаги мавжуд вазиятни расмийлаштириб қўйди, деб оддий қабул қилиш керак”, дейди профессор Леффлер.

 

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан