Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Илк 5000 йиллик қарз
4.11.2022 17:57,  
76

Қарз амнистияси ҳақида эшитганмисиз?

Агар сиз банкдан юз минг доллар қарз бўлсангиз, банк сизнинг устингиздан эгалик қилади. Агар сиз банкдан юз миллион доллар қарз бўлсангиз, сиз банк устидан эгалик қиласиз.

Америка мақолидан

 

Икки йил муқаддам, бир қатор ғалати тасодифлар туфайли мен Вестминстер аббатлигининг боғидаги зиёфатда қатнашаётган эдим ва бу ҳолатдан бироз ноқулай бўлдим. Бу ҳол мезбонларнинг хушмуомала эмаслигидан ёки бошқа меҳмонларнинг ёвқараш нигоҳлари туфайли эмас эди. Мен ўзимни бу ерга ортиқчадек сезардим. Бир пайт мезбон Грем ота ёнимга келиб,  фаввора ёнида кимдир борлигини, мен у билан, албатта, учрашишим кераклигини айтди. Фаввора ёнида турган киши Лондондаги қашшоқликка қарши гуруҳларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатадиган фондда ишлайдиган адвокат экан. Биз суҳбатлашдик. У менга иши ҳақида гапириб берди. Мен унга кўп йиллардан бери глобал адолат ҳаракати – “глобаллашувга қарши ҳаракат” билан шуғулланганимни айтдим.

У қизиқиб қолди. У албатта, кўча жанглари ҳақида кўп эшитган эди. У биз уюштирган намойишлардан бирор наф бўлган ё йўқлиги билан қизиқди. “Аслида, – дедим мен, – биз ўша биринчи икки йил ичида қанчалик кўп нарсага эришганимиз ҳайратланарли эмасми?” дея сўрадим, – “айнан нимани назарда тутяпсиз?”, савол берди суҳбатдошим. “Масалан, биз ХВЖ(ХВЖ – Халқаро валюта жамғармаси)ни деярли бутунлай йўқ қилишга муваффақ бўлдик”. У аслида ХВЖ нима эканлигини билмас эди, шунинг учун мен ХВЖ асосан дунёнинг қарз мажбуриятлари бўйича ҳаракат қилишини тушунтирдим. Яна ҳам тушунарли бўлиши учун, – “Айтиш мумкинки, ХВЖ – оёқларингизни синдириш учун мўлжалланган юқори молиявий эквивалентли ташкилот” эканлигини айтдим.

Мен нефть инқирози пайтида ОПЕК(ОПЕК – Нефт экспорт қилувчи мамлакатлар ташкилоти) мамлакатлари янги бойликларининг кўп қисмини Ғарб банкларига тўкишганини, банклар пулни қаерга инвестиция қилишни топа олмай қолганини тушунтириб бердим. Шундай қилиб, Sitibank ва Chase учинчи дунё диктаторлари ва сиёсатчиларини кредит олишга ишонтиришга ҳаракат қилиб, бутун дунё бўйлаб агентларини юбора бошладилар (ўша пайтда бу “Go-go Banking” деб номланган); Улар АҚШнинг қаттиқ пул сиёсати туфайли дарҳол 20 фоизгача кўтарилган пул маблағларини олишга мажбур бўлишган. Шундай қилиб бу ҳолат Учинчи жаҳон қарз инқирозига олиб келди; ХВЖ қайта молиялаш учун қашшоқ мамлакатлар асосий озиқ-овқат маҳсулотларига нархларни қўллаб-қувватлашдан ёки ҳатто стратегик озиқ-овқат захираларини сақлаш сиёсатидан воз кечиши ва бепул соғлиқни сақлаш ва бепул таълимдан воз кечишга мажбур бўлиши учун ўзи билмаган ҳолда қадам қўйди; буларнинг барчаси ер юзидаги энг камбағал ва ҳимоясиз одамларнинг энг асосий таянчларининг барбод бўлишига олиб келди.

 Мен қашшоқлик, давлат ресурсларининг талон-тарож қилиниши, жамиятларнинг қулаши, эндемик зўравонлик, тўйиб овқатланмаслик, умидсизлик ва бузилган ҳаёт ҳақида гапирдим. – Лекин сизнинг позициянгиз қандай эди? – сўради адвокат. “ХВЖнинг фаолиятини таг-томири билан  бекор қилмоқчи эдик.” – Йўқ, демоқчиманки, Учинчи жаҳон қарзи борасида нима қилмоқчи эдингиз? “Оҳ, биз буни ҳам бекор қилмоқчи эдик. Шошилинч талабимиз  ХВЖнинг барча тўғридан-тўғри зарар келтирган таркибий тузатиш сиёсатини жорий этишини тўхтатиш эди. Буни қарангки, биз буни ҳайратланарли даражада тез амалга ошира олдик. Энг узоқ муддатли мақсадимиз қарз амнистияси эди. Бу мақсад учун энг камбағал мамлакатлардан энг бойларга ўтаётган ўттиз йиллик пул етарли бўлади. Улар ўз пулларини қарз амнистияси орқали ўз ёнларида қолдиришга эришадилар.

 Ўйлаб кўрсак, бундай камбағал мамлакатларнинг қанчаси ҳақиқатан ҳам олинган қарзларини уч-тўрт марта тўлаган, аммо мураккаб фоиз мўъжизаси туфайли улар ҳали ҳам асосий қарзга жиддий зарба бера олишмаган. Шунингдек, мен кредитларни қайта молиялаштириш ва олиш учун Вашингтон ёки Цюрих шаҳарларида кредитлар масаласи бўйича ишлаб чиқилган қонун-қоидалар ҳақида эшитганман. Айнан мана шу давлатнинг фуқаролари ҳам ҳеч қачон кредитлар тизимидан рози бўлмаган ва ҳеч қачон рози бўлишмайди ҳам. Мамлакатлар демократик конститутцияларни қабул қилишларини минг таъкидласалар ҳам, ким сайланишидан қатъий назар, барибир халқ ўз мамлакатлари сиёсатини назорат қила олмайдилар.

Шундай қилиб ХВЖ томонидан ўрнатилган иқтисодий сиёсат ҳам иш бермади. Аммо яна асосий муаммолардан бири қарзларни тўлаш керак эди. Кредитор маълум даражадаги хавфни қабул қилиши керак. Агар барча кредитлар, қанчалик аҳмоқона бўлишидан қатъий назар, ҳали ҳам банк пуллари оддий халқ томонидан қабул қилинар экан, банкротлик тўғрисидаги қонунларни ҳар қадамда қўллашга мажбур бўлаверамиз. Буларнинг  кулгили томони шундаки, иқтисодий жиҳатдан кредитлар аслида бундай ишламаслиги керак. Молия институтлари ресурсларни фойдали инвестицияларга йўналтириш йўли бўлиши керак аслида. Банк ҳар қандай йўл билан ўз пулини, қўшимча фоизларни қайтариб олиши кафолатланган. Айтайлик, мен Royal Bank of Scotlandнинг энг яқин филиалига отим билан кириб, мен фақат отлар ҳақида ажойиб маслаҳатнигина олишим мумкин.Мен банк ходимларидан бир неча миллион ликвид қарз сўраганимда, шубҳасиз, улар менинг устимдан кулишарди. Бунинг сабаби, агар менинг отим пойгада ютқазса, пулни қайтариб олишнинг иложи йўқлигини билишади. Аммо, тасаввур қилинг-а, қандайдир қонун борки, улар нима бўлишидан қатъий назар, пулларини қайтариб олишлари кафолатланган, ҳатто қизимни қулликка сотиш ёки тана аъзоларимни йиғиб пуллаш сингари йўллар билан бўлса ҳам. Асосан, ХВЖ глобал даражада шундай вазият яратди – биринчи навбатда, барча банклар миллиардлаб долларларни очиқ-ойдин фирибгарлик сармояларига айлантиришди.“Албатта, одам ўз қарзини тўлаши керак.” – Жумланинг  бунчалик кучли бўлишининг сабаби шундаки, бу иқтисодий баёнот эмас, бу ахлоқий баёнотдир.

Ахир, ахлоқ дегани қарзни тўлаш эмасми? Одамларга керакли нарсани бериш. Ўз масъулиятини қабул қилиш. Бошқалар олдидаги мажбуриятларини бажариш, худди улар сизнинг олдингизда ўз мажбуриятларини бажаришини кутишингиз каби. Ваъдадан воз кечиш ёки қарзни тўлашдан бош тортишдан кўра, ўз мажбуриятларини четлаб ўтишнинг ёрқинроқ мисоли бўлиши мумкинми? Мен юқоридаги ахлоқий баёнотдан Давлат Банклари қай даражада маккор тарзда фойдаланишларига гувоҳ бўлдим. Бу даҳшатли нарсаларни мутлақо юмшоқ ва эътиборга олинмайдиган қилиб кўрсатиш мумкин бўлган фаолият тури эди. Деярли икки йил давомида мен Мадагаскарнинг баланд тоғларида яшадим. Тоғдан қайтишимдан олдинроқ безгак касалига чалиндим. Бу айниқса хавфли эпидемия ҳисобланарди, чунки тоғли Мадагаскарда безгак кўп йиллар олдин йўқ қилинган, шунинг учун бир неча авлоддан кейин кўпчилик касалликка қарши иммунитетини йўқотган.

Муаммо шундаки, чивинларни йўқ қилиш дастурини давом эттириш учун пул керак эди, чунки чивинлар қайта кўпая бошламаслигига ишонч ҳосил қилиш учун вақти-вақти билан синовлар ўтказиш ва агар улар аниқланса, пуркаш операцияларини ўтказиш керак эди. Бу балки кўп пул эмасдир. Аммо ХВЖ жорий этган тежамкорлик дастурлари туфайли ҳукумат мониторинг дастурини қисқартиришга мажбур бўлди. Ўн минг киши ҳалок бўлди. Мен йўқолган болалар учун қайғураётган ёш оналарни учратдим. Sitibank ўз баланси учун унчалик муҳим бўлмаган битта масъулиятсиз кредит бўйича ўз йўқотишларини қисқартириш учун ўн минг кишининг ҳалок бўлишига сабабчи бўлади. Аммо бу ишда банк ўзини айбдор ҳис қилмайди ҳам.  

P.S. – Ҳурматли Sof.uz муштарийлари, бугундан бошлаб сайтимизнинг "Китобхона" рукни орқали эътиборингизга Дэвид Грайбернинг "Қарз" номли асаридан парчаларни ҳавола қилиб борамиз. Асар тўғрисида мулоҳазаларингиз ёки саволларингиз бўлса, сайтимизнинг Sofuzgaxatbot орқали изоҳларингизни кутиб қоламиз. 

Таржимон Гулҳаё АНОРОВА

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан