Илон Маск дунёнинг энг бой одамлари бешлигига кирди

SpaceX ва Tesla компаниялари асосчиси Илон Маск реал вақт режимида янгиланиб борадиган Forbes нашрининг миллиардерлар рейтингида бешинчи ўринга кўтарилди. Бу ҳақда Forbes Россия хабар бермоқда. 

Маскнинг бойлиги 74,2 миллиард долларни ташкил қилмоқда (бир кунда $5,1 млрд. қўшилди). Бу Nasdaq фонд биржасида Tesla акциялари нархи 9% га ошиб, донаси $1643 гача кўтарилгандан кейин юз берди. 

Дунёнинг энг бой инсони ҳамон Amazon компаниясининг раҳбари Жефф Безос бўлиб, унинг бойлиги 13 миллиард долларга ўсиб 189 миллиард долларга этди.

Иккинчи поғонани Louis Vuitton Moet Hennessy компаниялар гуруҳи президенти Бернард Арнаулт ($113,8 млрд.), учинчи ўринни эса Microsoft асосчиларидан бири Билл Гейтс ($113,4 млрд.) эгаллайди.

Кейинги ўринда Facebook асосчиси Марк Цукерберг (90,3 миллиард доллар) бор.

Ўтган ҳафта Маск Forbes рейтингига кўра биринчи марта дунёнинг энг бой одамлари ўнлигига кирди ва 70,8 миллиард доллар бойлик билан рейтингда саккизинчи ўринни эгаллади 15 июл куни Nasdaq'даги савдолар якунида Tesla'нинг бир дона акцияси қиймати 1546 долларни ташкил қилди. Bloomberg'нинг ёзишича, йил бошидан бери компания акциялари қиймати тўрт баравар ошди.

Маск Bloomberg Billionaire Index'да 6 ўринни эгаллайди.