Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Ўзбекистонда телефонлар IMEI рақамини рўйхатдан ўтказиш бўйича энг оддий шарҳ
21.09.2019 11:05,  
53269

IMEI рақамини бепул рўйхатдан ўтказиш тартиби қандай? IMEI кодини регистрация қилиш учун қанча тўланади? Рўйхатдан ўтказмаса нима бўлади? Телефон ишлатиш ва сотиб олиш чекланадими? Энди бизни кузатишадими? Ишлаб чиқарган фирмаси номаълум Хитой телефонлари ишламай қоладими? Телефон нархлари ошадими?

2019 йилнинг 20 сентябрь куни Адлия вазирлиги томонидан қонун ҳужжатлари мазмун-моҳияти ва аҳамиятини аҳолига етказиш бўйича матбуот анжумани ташкил этилди. Унда 2019 йил 17 сентябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланилаётган, сотиш ёки шахсий фойдаланиш учун олиб кириладиган ва ишлаб чиқариладиган мобил қурилмаларни рўйхатга олиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги Ҳукумат қарори бўйича маълумот берилди.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги масъул ходими Тимур Машанпин қарор билан боғлиқ барча саволларга жавоб берди.

Қарор матни тушунарсиз бўлгани учун кўпчиликда саволлар туғилаётганди. Тимур Машанпиннинг жавоблари асосида телефон, смартфон ва планшетларнинг IMEI рақамини рўйхатдан ўтказиш тартиби ҳақида тушунтиришга ҳаракат қиламан.

2019 йилнинг 1 апрелидан бошлаб республикамизда мобил қурилмалар IMEI кодларини автоматик равишда рўйхатдан ўтказиш ишлари бошланган. Ҳозирги ҳолатда сизнинг қурилмангиз IMEI кодлари алоқа операторлари томонидан UZIMEI базасига ўтказилган. Телефонингиз IMEI коди рўйхатдан ўтган-ўтмаганини uzimei.uz сайтидан текширишингиз мумкин. Қайта рўйхатдан ўтказишингиз шарт эмас.

Агар янги телефон олган бўлсангиз, 2019 йил 1 ноябргача унга бир марта сим карта солиб, ишлатсангиз, у автоматик тарзда регистрация қилинади. Бунинг учун сиздан ҳеч нарса талаб қилинмайди.

2019 йил 1 ноябрдан IMEI кодини рўйхатдан ўтказиш автомат бўлмайди, регистрация SMS/USSD сўровлар, UZIMEI тизими оператори ва бошқа усуллар орқали амалга оширилади. 2019 йил 1 декабргача бу амалиёт бепул бўлади.

Демак янги телефон олсангиз, 2019 йил 1 декабргача IMEI кодини рўйхатдан ўтказиш бепул.

2019 йил 1 декабрдан эса IMEI коди рўйхатдан ўтказиш пулли бўлади. Битта IMEI кодини регистрация қилиш учун жисмоний шахслар бугунги кун ҳисоби билан 44600 сўм тўлайди.

Телефон сотиб олаётганингизда унинг IMEI коди рўйхатдан ўтганини албатта текширинг.

2019 йил 1 декабридан, агар телефонингиз IMEI коди рўйхатдан ўтмаган бўлса, у 30 кундан сўнг ишламай қолади. Агар 30 кун давомида регистрация қилмасангиз, 44600 эмас, 55750 сўм тўлашга тўғри келади.

Дарвоқе, 1 ноябрдан сўнг ишлаб чиқарувчиси номаълум, IMEI коди тўғри бўлмаган арзон Хитой телефонлари ишламай қолади. Уларни 1 ноябрга қадар бир ишлатиб автоматик рўйхатдан ўтказса бўлади. Шунингдек, 1 ноябрдан сўнг аввал ишлатилган телефонларни сотиб олишда ҳам эҳтиёт бўлган зарур. Аввало, IMEI кодини текшириб олинг. Шунингдек, аввал ишлатган одам телефон билан боғлиқ бирон “ишкал”га аралашган бўлса, сизга ҳам зарар етиши мумкин.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги мулозимининг айтишича, IMEI маълумотини рўйхатдан ўтказиш ва UZIMEI лойиҳасини жорий этиш орқали мобил қурилмаларни ўғирлаш ва ноқонуний фойдаланишнинг олди олинади. GSMA халқаро стандартларига жавоб бермайдиган ва инсон саломатлигига зарар етказадиган сифатсиз мобил қурилмаларнинг сотуви чекланади. Шунингдек, ички бозорни сохта мобил қурилмаларни олиб кириш ва сотишдан ҳимоя қилинади.

Агар бу тизим тўлиқ амалга оширилса, Ўзбекистонда телефон қурилмалари нархи ошади. Чунки, бу ҳолатда фақатгина қонуний равишда олиб кирилган қурилмалар рўйхатга олинади. Бунда божхона ва солиқ харажатлари, шунингдек IMEI учун тўланган миқдор ҳам телефон нархига қўшилади. Кейинчалик соғлом рақобат муҳити шаклланиб, энг катта телефон компанияларининг расмий ваколатхона ва дўконлари, хизмат марказлари очилса, нархлар тушиши мумкин.

Энди энг кўп сўраладиган саволларга мутахассиснинг жавобларини ҳавола қиламан:

Ҳозирги ишлатаётган телефонимни рўйхатдан ўтказишим шартми?

— 1 ноябргача фойдаланилаётган телефон қурилмаларининг барчаси автоматик тарзда рўйхатдан ўтказилади. Бунда сизнинг иштирокингиз талаб этилмайди ва сиздан ҳеч қандай хизмат ҳақи унидирилмайди. Маълумотлар мобил операторлари томонидан UZIMEI базасига келиб тушади.

Ўзбекистонда IMEI кодларини рўйхатдан ўтказиш қачондан бошланган?

— 2019 йилнинг 1 апрелидан бошлаб республикамизда мобил қурилмалар IMEI кодларини автоматик равишда рўйхатдан ўтказиш ишлари олиб борилмоқда.

Бугунги кунда мамлакатимизда нечта мобил қурилмалар UZIMEI рўйхатидан ўтди?

— UZIMEI ягона маълумотлар базасида 30 миллионга яқин мобил қурилмалар рўйхатдан ўтди.

Ишлатилмаган мобил қурилмамни ҳам рўйхатдан ўтказиб қўйишим керакми?

— Ҳа, агар 1 ноябргача ўша қурилмангизга бир марта сим карта қўйиб ишлатсангиз, антенна кўриниши билан IMEI маълумотлари мобил оператори орқали UZIMEI базасига автоматик киритилади.

1 ноябрдан кейин IMEI рақамини қаерда рўйхатдан ўтказиш мумкин?

— Почта алоқа бўлимларида; SMS ва USSD сўровлар орқали; UZIMEI тизими оператори орқали; Ўзбекистон Республикасининг ягона интерактив давлат хизматлари портали (www.my.gov.uz) орқали рўйхатдан ўтиш мумкин.

IMEI рақами рўйхатга олинганини қандай текшириш мумкин?

— www.uzimei.uz сайти ёки мобил операторига SMS/USSD сўрови юбориш орқали.

Телефоним IMEI рақамини қандай билсам бўлади?

— IMEI рақамини билиш учун телефонингиз орқали *#06# буйруғини теринг.

Қурилманинг IMEI коди мақомини текшириш пуллими?

— Қурилманинг IMEI коди мақомини текшириш билан боғлиқ тизим операторидан барча SMS хабарлар ва абонентлардан SMS/USSD сўровлар бепул асосда амалга оширилади.

IMEI кодини рўйхатга олиш учун қанча тўланади?

— Мобил қурилманинг IMEI кодини рўйхатга олиш учун тўлов миқдори импорт қилувчилар учун БҲМ (базавий ҳисоблаш миқдори)нинг 20%и (бугунги кунда 44600), ишлаб чиқарувчилар учун 10%и (22300), жисмоний шахслар учун 20%и миқдоридадир.

Туристлар, Ўзбекистон фуқароси бўлмаган шахслар мамлакатимиз ҳудуди ўз телефон қурилмаларини рўйхатдан ўтказишлари шартми?

— 30 кун муддатгача фойдаланишлари мумкин. 30 кун муддатдан кўпроқ туришса, IMEI регистрацияси учун БҲМ (базавий ҳисоблаш миқдори)нинг 20%и миқдорида пул тўлайди.

— Туристлар Ўзбекистон ҳудудида ўз сим карталари орқали роумингдан фойдаланганда IMEI рақамини рўйхатдан ўтказишлари керакми?

— Норезидентлар чет эл сим картасидан (роумингдан) фойдаланганда регистрация қилиши шарт эмас. Маҳаллий оператор сим картасини 30 кундан ортиқ муддатда фойдаланса, регистрация қилиши керак.

Ўзбекистонга бир йилда қанча мобил қурилма олиб кирилади?

— Статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, 2019 йилда 115000 та мобил телефон қурилмаси расмий тарзда Ўзбекистонга олиб кирилган. Ваҳоланки, Ўзбекистонда 22 миллиондан ортиқ мобил алоқа фойдаланувчилари мавжуд. Дунёдаги ўртача статистикага кўра, мобил телефон фойдаланувчиларининг 15 фоизи ҳар йили ўз қурилмаларини алмаштиради. Бунга кўра, агар Ўзбекистон мобил фойдаланувчиларининг 15 фоизи бир йилда бир марта телефон алмаштирса, уларнинг сони 3 300 000 бўлиши керак эди. Демак, Ўзбекистонга йилига жуда кўп миқдорда мобил қурилмалари ноқонуний олиб кирилмоқда.

Ўзбекистонда мобил телефонлар кўп ўғирланадими?

— Ички ишлар вазири ўринбосарининг ҳисоботига кўра, охирги уч йилда Ўзбекистонда содир этилган ўғрилик жиноятларининг ҳар учинчиси мобил телефон билан боғлиқдир.

Ўғирланган ёки йўқотилган, “қора рўйхатга” тушган телефонни сотиб олса, ишлатса нима бўлади?

— Телефонга сим карта қўйганидан кейин алоқа оператори томонидан бу телефон ўғирланган ёки йўқотилганлар рўйхатида экани, қурилмани ички ишлар бўлимига топшириш кераклиги ҳақида СМС хабар келади.

Ўзбекистонда “қора рўйхат”га киритилган телефонни бошқа давлатларда фойдаланса бўладими?

— Ўзбекистонда “қора рўйхат”га киритилган қурилмалар GSMA халқаро ташкилоти базасига киритилади. GSMAга аъзо бўлган 40 дан ортиқ давлатда бу телефон ишламайди. Шунингдек, бошқа давлатда “қора рўйхат”га тушган қурилмалар ҳам Ўзбекистонда ишламайди.

Смарт соат, компьютер, ноутбук, автомобилни бошқариш қурилмалари ҳам пулли равишда рўйхатдан ўтказиладими?

— 1 декабрдан фақатгина телефон, смарфон ва планшетлар пулли асосда рўйхатдан ўтказилади.

Қурилма IMEI рақамининг рўйхатга олиниши билан бизнинг шахсий маълумотларимиз йиғилиб, телефонимиз кузатилиши мумкинми?

— Ўзбекистон телекоммуникация тармоқларини бошқариш Республика марказида фуқароларнинг шахсий маълумотлари сақланмайди. Бошқа маълумотлар мобил операторлари ва ҳуқуқ-тартибот органларида сақланади. Эртага бировнинг телефони йўқолса ёки ўғирланса, ИИВ томонидан марказга маълум IMEI рақамини ўчириш сўрови келади. Бу IMEI рақами барча мобил операторлари базасида блокланади.

IMEI рақамини регистрация қилиш кимнинг бўйнида бўлади? Сотувчинингми? Харидорнингми?

— Қурилмани ким олиб кирган бўлса, ўшанинг. Масалан, телефонни ўзингиз сотиб олиб, Ўзбекистонга олиб келсангиз, сиз тўлайсиз. Импорт қилувчилар ва ишлаб чиқарувчилар ўзи тўлайди.

— Ишлаб чиқарувчиси номаълум, сифатсиз, IMEI коди халқаро талабларга жавоб бермайдиган, асосан Хитойда ишлаб чиқарилган телефонларнинг тақдири нима бўлади?

— Бугунги кунга қадар 30 миллионга яқин IMEI кодлари автоматик тарзда рўйхатдан ўтган бўлса, шундан 500 минги халқаро стандартларга жавоб бермайдиган IMEI кодларидир. Бундай сифатсиз телефонларни 1 ноябрга қадар ишлатиб, автоматик тарзда регистрация қилиб олиш мумкин. 1 ноябрдан сўнг улар рўйхатдан ўтказилмайди ва бу қурилмалардан телефон сифатида фойдаланиш имкони бўлмайди.

Интернетда IMEI рақамини генерация қиладиган кўпгина дастурлар бор. Шулар орқали телефонларга қайта IMEI рақами олиб, тизимга киритса бўладими?

— Apple, Samsung каби компанияларнинг янги авлод телефонларида IMEI рақамини ўзгартириш имконияти мавжуд эмас. 2-3 авлод илгариги телефонларда IMEI рақамини бу тарзда ўзгартириш мумкиндир. Ҳозирда тегишли идоралар томонидан IMEI рақамини ўзгартирганлик учун жавобгарлик белгилаш масаласи кўриб чиқилмоқда.

— Агар фирибгарлар ишлатиб бўлинган эски телефонларнинг IMEI рақамини қурилмадаги рақам билан алмаштиришса, буни қандай аниқлайсизлар?

— UZIMEI тизимига келадиган ахборотлар мобил операторлари томонидан тақдим этилади. Масалан, оператор маълумотлар базасига кўра, тугмали телефон ҳозирда 4G тармоғидан фойдаланаётган бўлса, шубҳа пайдо бўлади. Бу факт алоҳида текширувга сабаб бўлиши ва ички ишлар органларига оширилиши мумкин.

— Агар телефонда иккита ёки кўпроқ сим карта слоти бўлса, ҳар бири алоҳида регистрация қилинадими?

— Ҳа, телефон қурилмаларида ҳар бир слот учун алоҳида IMEI рақами бириктирилади. Агар иккинчи ёки учинчи слотдан ҳам фойдалансангиз, уни ҳам рўйхатдан ўтказишга тўғри келади. Маслаҳат: агар телефонингизда битта сим карта бўлиб, иккинчиси бўш турган бўлса, 1 ноябргача сим карталар ўрнини алмаштириб, қурилмани ёқсангиз, иккинчи слот ҳам автоматик тарзда рўйхатдан ўтади. Буни қилмасангиз, 1 декабрдан сўнг 2-слотдан фойдаланиш учун пул тўлашингизга тўғри келади.

Бир шахс учун IMEI рақамини рўйхатдан ўтказиш учун чеклов мавжуд эмасми? Энди бир йилда битта телефон ишлата оларкансиз, холос, деган гаплар чиққанди.

— Чеклов мавжуд эмас, жисмоний шахслар исталганча қурилмалар учун IMEI рақамини рўйхатдан ўтказишлари мумкин. Фақатгина халқаро почта ёки курьерлик жўнатмалари орқали келтирилган мобил курилмалар сони жисмоний шахслар учун Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган божхона чегараси орқали товарларни божсиз олиб киришнинг чекланган нормаларидан ошмаслиги лозим.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан