Инсонпарварлик

Инсонпарварлик

Род-Айленд штати маркази бўлган Провиденс шаҳри суди бош судяси Френк Кеприонинг иш услуби ажойиб. Кузатишимча, у асосан маъмурий ишларни кўради ва имкон борича жавобгарларга енгиллик бериш, уларга белгиланган жаримани камайтириш ёки бутунлай олиб ташлашга ҳаракат қилади. Яъни, мақсад – жавобгарни жазолаш эмас, тарбиялаш, кейинги сафар ҳуқуқбузарлик қилмасликка ўргатиш.

Ўзбекистондаги кўпчилик судялар Френк Кеприодан ўрнак олиши, қонун-қоидаларни қўллашни ўрганиши керак, деб ўйлайман: арзимаган ишлар учун отнинг калласидек жарима солиб ташлаш ёки инсонпарварлик юзасидан енгиллик бериш ўртасида доимо танлов бор. Масалан, кимдир қайсидир диний маърузани эшитгани, ёхуд кечириб юборса бўладиган йўл ҳаракати қоидасини бузгани учун унинг "белини синдирадиган" жарима қўлламаса ҳам бўлади (машинанинг орқа ойнасига тортилган парда можаросини эсланг).

Яқинда Наманганда бир укамизнинг танишини суд "Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс"нинг 1842-моддасига биноан 30 миллион сўмдан ортиқ жаримага ҳукм қилибди. Кейин бироз "марҳамат" кўрсатиб, энг кам иш ҳақининг 20 бараварига – 4 460 000 сўмга туширибди. Айби: Интернетда қўшни Қирғизистонда расмий имом бўлиб ишлайдиган, ҳанафий мазҳабидаги (шу жойига эътибор беринг, бизникилар зўр бериб қоралайдиган "бемазҳаб" ёки "сохта салафий" эмас!) Абдуллоҳ домланинг "Одноклассники" ижтимоий тармоғига юкланган 2 та видеосига "лайк" босгани. Йигит ўзи 2 миллион сўм атрофида ойлик олар экан, энди икки ой "оғзини тикиб", емай-ичмай юриши керак, шекилли.

Шу масалани огоҳлантириш ёки энг кам жазо билан ёпиш ҳам мумкин эди (Тошкентда шаҳар маъмурий суди айни шундай бир ишга минимал жазо – энг кам иш ҳақининг икки бараварини берган; ҳар қандай қонунда енгиллатувчи ҳолатлар бўлади, судя ўшани топгандир-да).

Судяларга ақл ўргатмоқчи эмасман – қонунларни, ундаги оғирлаштирувчи ва енгиллаштирувчи ҳолатларни мендан яхши билишади, ҳар ҳолда. Шунчаки, инсонпарварликни ҳам унутмасалар яхши бўларди.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.

194