Instagram TikTok'нинг аналогини ишга туширмоқда

Instagram TikTok'нинг аналогини ишга туширмоқда

Фото: TechChrunch

Instagram ижтимоий тармоғи TikTok билан рақобатлаша оладиган Reels қисқа видеолар хизматини ишга туширмоқда. Бу ҳақда TechChrunch нашри хабар қилади. 

«Ғальтаклар» деб таржима қилинадиган Reels фойдаланувчиларга 15 секундгача бўлган қисқа видеоларни яратишга ва жойлаштиришга имкон беради. Видеоларни мусиқа билан тўлдириш мумкин. TikTok'даги сингари, Reels хизматида ҳам видеони таҳрирлашнинг асосий хусусиятлари, масалан, ижро этиш тезлигини созлаш воситалари тақдим этилади.

Дастлаб Ҳиндистонда ишга туширилгач, Бразилия, Франция ва Германияда синовдан ўтказилди. Ҳозирда компания хизматни АҚШда ишга туширишни режалаштираётганини маълум қилди. Facebook бу воқеа август ойи бошларида рўй беришини айтди. Хизмат бошқа мамлакатларда ҳам ишга туширилади, аммо ҳозирча қаерда ва қачон эканлиги номаълум. Манбалар бундай давлатлар сони 50 дан ошишини хабар қилишди. 

Хитойнинг Bytedance ширкатига тегишли TikTok сўнгги пайтларда жаҳон матбуотининг асосий мавзуларидан бирига айланди. Чегарадаги муаммолар туфайли TikTok Ҳиндистонда тақиқланган 59 иловасидан бирига айланди. АҚШ ўз миллий хавфсизлигига таҳдид деб билганлиги сабабли ушбу дастурни тақиқлашга тайёрланмоқда - мамлакат расмийлари Хитой дастур орқали фойдаланувчилар тўғрисидаги маълумотларни тўплайди деб гумон қилмоқда.

 

Мавзуга доир: Россияда TikTok ижтимоий тармоғи аналоги учун миллиард рубл ажратилди