Вазирлар Маҳкамасининг 14.01.2023 йилдаги “Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастурини шакллантириш тизимини янада такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 16-сон қарори қабул қилинди.
Эндиликда инвестдастур мониторинги автоматлаштирилган онлайн-тизим орқали амалга оширилади.
Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастурини шакллантириш ва амалга ошириш тўғрисидаги низом тасдиқланмоқда.
Уч йиллик инвестиция дастурини шакллантириш қуйидаги 6 та босқичдан иборат:
- I босқич – 1 августга қадар инвестдастурнинг дастлабки рўйхати шаклланади;
- II босқич – 10 августга қадар шаклланган рўйхат Вазирлар Маҳкамасига киритилади;
- III босқич – 25 августга қадар Вазирлар Маҳкамасининг таркибий бўлинмалари лойиҳани келишишади;
- IV босқич – 25 октябрга қадар вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимият органлари лойиҳа смета ҳужжатларини ишлаб чиқиб, келишишади;
- V босқич – 10 ноябрга қадар якуний лойиҳа Вазирлар Маҳкамасига киритилади;
- VI босқич – 1 декабрга қадар Вазирлар Маҳкамаси лойиҳани Президент Администрациясига киритади.
Инвестдастурни мониторинг қилишнинг қуйидаги тартиби ўрнатилмоқда:
- лойиҳа ташаббускорлари ҳар ойнинг 5 санасига қадар унинг ижроси бўйича маълумотларни ахборот тизимига киритишади;
- Инвестиция, саноат ва савдо вазирлиги ҳар ойнинг 10 санасига қадар маълумотни Президент Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига киритади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 16.01.2023 йилдан кучга киради.