iOS 14 «айфон»ларнинг тезлигига қанчалик таъсир кўрсатди – «Жонли» видео

iOS 14 «айфон»ларнинг тезлигига қанчалик таъсир кўрсатди – «Жонли» видео

Apple корпорацияси 22 июнь куни – WWDC 2020 тадбири доирасида iOS 14 операцион тизим талқини тақдим этган. Мазкур прошивкагача янгиланадиган айфонлар рўйхатини ҳам аллақачон эълон қилинган.

iAppleBytes номли YouTube-канал муаллифлари iOS 14 операцион тизим талқинининг айфон автономлигига қанчалик таъсир этганини текшириб кўришди. Бунинг учун iPhone SE 2020 (ёки iPhone SE 2) ҳамда iPhone 11 русумли иккита смартфон устида тажриба ўтказиб кўришди.

Тест давомида ҳар иккала айфонга дастлаб жорий iOS 13.5.1 прошивкасини, кейин эса дастурчилар учун чиқарилган iOS 14 beta 1 прошивкасини ўрнатиб, синовдан ўтказишди. Уларнинг аккумуляторларини 100 фоизга тўлдириб, экран ёрқинлигини 25 фоизга тўғрилаб ва ёрқинликнинг автоматик тўғриланишини ўчириб қўйиб, смартфонларда Geekbench иловасини ишга туширишди.

2020 йилги iPhone SE модели iOS 14 beta 1 прошивкасида ишлаганида ҳам, iOS 13.5.1 тизимида бўлганида ҳам бир хил автономлик намоён этди – 4 соату 12 дақиқа. iPhone 11 автономлиги эса янги прошивкада 6 соату 40 дақиқага етди, яъни 13-талқиндаги операцион тизимдаги ҳолатидан 36 дақиқа ортиқ ишлади.

Мазкур тестда Geekbench сервиси смартфонларнинг шу икки операцион тизим бошқаруви остида ишлаганидаги самарадорлик кўрсаткичларини ҳам кўрсатган. Унга кўра, iPhone SE 2020 қурилмаси iOS 14 beta 1 ҳамда iOS 13.5.1 прошивкаларида тегишлича 2512 ҳамда 2506 балл олган. iPhone 11 эса янги бета-талқинда 3988 балл, эскисида бўлса 3630 балл тўплаган.