iPhone 12 ҳатто iPhone 11'дан ҳам арзон бўлиши айтилмоқда (видео)

iPhone 12 ҳатто iPhone 11'дан ҳам арзон бўлиши айтилмоқда (видео)

Биз аввалроқ энг кичик iPhone 12 нақ 128 ГБ хотирали бўлиб, 64 ГБлик iPhone 11 нархида сотилиши ҳақида ёзгандик. Лекин сўнгги хабарларга кўра, Apple ушбу туркум вакилларини янада арзон қилиб чиқармоқчи.

@omegaleaks ники остидаги аноним инсайдер ўн иккинчи авлод айфонларнинг нархлари ҳақида янги маълумот тарқатди. Унга кўра, Apple янги смартфон моделларининг ҳар бирини икки хил – 5G тармоғини қўлловчи ва ундан бенасиб бўлган версияларда тақдим этади. 5G-модемсиз версиялари наригиларига нисбатан 100 долларга арзон сотилади.

Apple бошланғич – экрани 5,4 дюймлик iPhone 12 моделининг 5G тармоғида ишловчи версиясини 649 долларга баҳолайди, унинг 4G версияси эса атиги 549 доллар туради.

Таққослаш учун: iPhone 11'ларнинг энг кичкинаси – 64 гигабайтлиги 699 долларга баҳоланган; кузда чиқадиган энг арзон айфон эса ундан ҳам 150 долларга арзон бўлади!

Инсайдерга кўра, диагоналига 6,1 дюймлик экранли iPhone 12 Max ҳам шунақа – икки версияда чиқади ва улар тегишлича 749 ҳамда 649 долларга баҳоланади. Лекин смартфонларнинг таннархини пасайтириш учун компания ақл бовар қилмас ишларга қўл ураётир, масалан, iPhone қутисидан у нафақат қулоқчин ва яна бир бошқа аксессуарни ҳам олиб ташлаяпти.

Шу билан бирга, iupdate номли YouTube-канал муаллифлари iPhone 12 туркумидаги смартфонларнинг корпус ўлчамларини кўрсатишди. Табиийки, бунда ҳали тақдим этилмаган смартфонларнинг намуналари эмас, балки уларнинг инсайдерлар маълумотлари асосида тайёрланган макетлари қўлланган.

Унга кўра, ўша энг арзон, дисплейи диагоналига 5,4 дюймлик iPhone 12 моделининг корпуси ҳатто 4,7 дюймлик экранга эга бўлган iPhone SE 2020 (ёки iPhone SE 2) корпусидан ҳам ихчам бўлади.

Эслатиб ўтамиз, Apple 22 июнь куни – WWDC 2020 тадбири доирасида iOS 14 операцион тизим талқини тақдим этган.