"Ипотека-банк" биринчилардан бўлиб халқаро молия бозорига миллий валютада еврооблигацияларни чиқарди

«Ипотека-банк» акциядорлик-тижорат ипотека банки Республикамиздаги корпоратив эмитентлар орасида биринчи бўлиб облигацияларни миллий валютада ёпиқ обуна усулида халқаро капитал бозорига муваффақиятли тарзда чиқариш ва жойлаштиришга эришди.Бу ҳақда Spot.uz ёзмоқда. 

Хусусан, жорий йилнинг 16 апрель куни Ипотека-банкнинг 3 йиллик 785 миллиард сўм (75 миллион АҚШ доллари эквиваленти) миқдоридаги еврооблигациялари халқаро Вена фонд биржасида йиллик 16% (16,5% эффектив) купон ставкаси асосида муваффақиятли жойлаштиришга эрилишилди.
Халқаро облигацияларнинг миллий валютадаги дебют эмиссияси халқаро миқёсда тан олинган J.P. Morgan (АҚШ) андеррайтинг банки ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан биргаликда амалга оширилди.

Банк томонидан миллий валютадаги халқаро еврооблигацияларнинг муваффақиятли жойлаштирилиши халқаро капитал бозорига қимматли қоғозларини чиқаришни режалаштирган бошқа салоҳиятли эмитентларнинг ҳам иштиёқини оширади ва натижада чет элдан валюта хатарлари кам бўлган миллий валютадаги узоқ муддатли қўшимча ресурслар жалб қилинишига кенг йўл очади.

Маълумот учун, илк маротаба, 2020 йилнинг ноябрь ойида, Ипотека-банкнинг 300 миллион АҚШ доллари миқдоридаги еврооблигациялари халқаро Лондон фонд биржасида рўйхатдан ўтказилиб мувафаққиятли жойлаштирилган эди.