Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Иқтисодчи-олимни йўқотиш учун диний айблов қўйилганмиди?
9.07.2020 09:04,  
2261

Ватандошимиз Тўхтахўжаев Аваз Абдувахобович - 1949 йилда туғилган, ўрта мактабни олтин медал билан тугатган, 1970 йилда Тошкент халқ хўжалиги институтини имтиёзли диплом билан (қизил диплом) ва 1979 йилда Плеханова номидаги Москва иқтисодиёт институтининг аспирантурасини тамомлаган. Иқтисод фанлари номзоди, доцент, ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасаларини ривожлантириш институтининг иқтисодиёт ва менежмент кафедраси бошлиғи бўлиб ишлаган.

1999 йил 26 ноябрда А.Тўхтахўжаев ўз уйида ҳибсга олинган ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг тергов ҳибсхонасига олиб борилган. Улар "Хизбут-Таҳрир" диний партиясига аъзоликда айбланиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 156- (Миллий, ирқий, этник ёки диний адоватни қўзғаш), 159-(Ўзбекистон Республикаси конституцион тузумини бузиш), 216- (Жамоат бирлашмалари ёки диний ташкилотларни ноқонуний ташкил этиш), 244-1- (Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид солувчи материалларни тайёрлаш ёки тарқатиш), 244-2- (Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотларни тузиш, раҳбарлик қилиш, иштирок этиш), 246- (Контрабанда) моддалари бўйича айбланган.

Айбланувчи акамиз иқтисодчи-олим бўлишига қарамай ғайриинсоний ва шафқатсиз қийноқларга дош беролмайди ва барча "сўроқ баённомаларига" имзо қўйишга мажбур бўлади.

2000 йил 6 мартида Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди судяси М. Х. Жалилов раислигида судланувчи Тўхтахўжаевга чиқарилган ҳукмни эълон қилади ва уни 13 йилга озодликдан маҳрум қилади.

2000 йилда, суд қароридан сўнг, у Навоий шаҳридаги ЖИЭМ 64/29 га ўтказилди.

2001 йилда колония маъмурияти маҳкум АвазТўхтахўжаевни "раскрутка" қилиш орқали Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 221-моддаси (Жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятининг қонуний талабларига бўйсунмаслик) бўйича айблов қўйиб, яна 3 йил қамоқ муддатини қўшиб, Навоий вилоятидаги 64/46 қаттиқ тартибли колонияга ўтказади.

2002 йилда "раскрутка" қайта қўлланилади ва яна Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 221-моддасини қўллаган ҳолда, яна 3 йил қўшиб ЖИЭМ 64/25 махсус колонияси (крытый)га (Бухоро вилояти, Коровул бозори) юборишади.

2004 йилда уни Андижон махсус тартибли колониясига (крытый) ўтказишади ва яна Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 221-моддаси бўйича 3 йилга озодликдан маҳрум қилишди.

2007 йилда Бухоро вилоятининг Коровул бозори яна ЖИЭМ 64/25 (махсус режим) га ўтказилди, у ерда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 221-моддаси билан айбланиб, яна 3 йиллик қамоқ жазоси қўшилди ва ЖИЭМ 64/46 Навоий вилоятига ўтказилади.

2013 йилда у ЖИЭМ 64/25 га кўчирилади, у ерда иқтисодчи-олимга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 34-моддаси "Жиноятларнинг такрорланиши" моддаси бўйича ноқонуний "такрорлаш" деган ҳукми берилади.

Шундай қилиб, Ўзбекистон қамоқхоналарида 20 йил давомида у соғлиғини бутунлай йўқотгани айтилмоқда. Жазони ижро этиш муаасасалари унинг инсульт бўлганини яқинларидан яширишга уринмоқда эканлар.

2018 йил 24-август куни маҳкум олим ва иқтисодчи Тўхтахўжаев Аваз соғлиғи жиддий ёмонлашиб қолади: ўнг оёғи, қўли ва қисман тили осилиб ишламай қолади Бу ҳақда у 29-август куни хотинига ёзган хатида ёзган экан.

Хавотирланган хотини ва қизлари ЖИЭМ маъмуриятига мурожаат қилишади. Ваколатли расмийлар уларни тинчлантириб, 30-август куни комиссия бўлишини айтишади, аммо кейинчалик Тўхтахўжаевнинг касаллиги ҳақида ҳеч нима демайдилар.

30-август куни унинг хотини ва қизлари Тошкент шаҳридаги ЖИЭМ 64/18 (Сангрод) шаҳрида 2 соатлик кўришишга эришадилар, Тўхтахўжаевни кўрган қариндошларининг сўзларига кўра, маҳкум 64/25да бўлганида қон босими 200 дан юқори кўтарилиб кетгани ва шундан кейин у 17 август куни Сангородга юборилгани маълум бўлади.

Аваз Тўхтахўжаевнинг қизи отасининг аҳволи жуда ёмонлигидан ҳавотирда. Ётоқда бемалол ётолмайди, ўзи мустақил туриб юролмаслиги айтилмоқда, ўнг оёғи ва қўли ишламаётганини айтади. Отаси қачон ва қаерда инсульт бўлганлигини билмаслигини айтади.

Аваз Тўхтахўжаев 71 ёшни қаршилади. Умрининг 21 йилини Ўзбекистондаги қамоқхоналарда ўтказаётган олим ва иқтисодчининг шу кунлардаги ҳолатидан хабар бердик. Иқтисодчи ватандошимизнинг чала жон бўлиб турган ҳолатиям бу тузумга таҳдид деб қаралса, қандай тузумлигини тушунмай ҳалакман. Кечирим сўраса, кечирим сўралмади дейилса, яна қандай узр сўраш мумкин? Расмийлардан иқтисодчи олим, Аваз Тўхтахўжаевга нисбатан адолатли муомалада бўлишларини сўраб қоламиз. Олдинги даврда ақл эгаларини ичкарига тиқибмиз, ҳозирги давр яхшироқ бўлса, қўйиб юборайлик. Оиласи бағрига қайтсин.

Ушбу аянчли тақдирни ёзганимда охиригача ўқийдиган бормикин, коптокдек у колониядан бу колонияга улоқтирилган ҳамюртимизга ҳеч йўқ дуосида сабр тилаб қўярмикин деб ўйладим.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан