Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бюджет даромадлари ва харажатлар ўртасидаги тафовутга изоҳ берди
9.02.2023 18:49,  
58

Январ ойининг биринчи 10 кунида бюджет харажатлари даромадларга нисбатан 2 баробардан кўпроққа ошиб, 2023 йилги бюджет тақчиллигининг 22 фоизига етиб қолди. Шундан кейин Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 4 йилдан бери эълон қилиб келинаётган бюджет харажат ва даромадлари ҳақидаги маълумотларни очиқлашни тўхтатиб қўйди.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2023 йил ҳисобидан 4 январдан 12 январгача бўлган вақт оралиғида атиги 8 марта бюджет даромадлари ва харажатлари тўғрисидаги маълумотларни эълон қилди.

Kun.uz манбасининг ёзишича январнинг биринчи ўн кунлигида бюджет даромадлари 4 трлн 374 млрд сўмни, харажатлар эса 9 трлн 919 млрд сўмни ташкил қилган. Бюджет дефицити 5,5 трлн сўмга тенг бўлган. Яъни харажатлар бу даврда даромадларга нисбатан 2 баробардан кўпроққа ошган.

 
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълумотлари. Вазирлик 9 январ учун маълумотни 2 марта эълон қилган.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги охирги марта 12 январда харажатлар ва даромадлар ҳақидаги маълумотларни эълон қилди. Шундан кейин вазирликнинг Telegram-каналида маълумотлар берилиши тўхтатилди.

Gazeta.uz'нинг эътибор қаратишича, 2021 йилнинг 8 кунида бюджет тақчиллиги 270,8 млрд сўмни, 2022 йилнинг 8 кунида эса 318 млрд сўмни ташкил қилган. Жорий йилдаги бюджет тақчиллиги (5,5 трлн сўм) эса 2023 йил прогноз қилинган давлат бюджети тақчиллигининг 22 фоизини ташкил этмоқда. (2023 йил учун консолидациялашган бюджет тақчиллигининг чекланган миқдори ЯИМнинг 3 фоизи миқдорида деб белгиланган).

“Ҳукумат экономия режимига ўтиши керак”

Иқтисодчи Отабек Бакиров ўтган йилнинг шу даврида давлат бюджети даромадлари 4 898,0 млрд сўмхаражатлар эса 5 408,9 млрд сўмдан иборат бўлганига эътибор қаратди. Бу йилги харажатлар ўтган йилга нисбатан 54 фоизга ошган.

Бакировнинг ёзишича, январь ойи ҳар доим бюджет учун жуда оғир келади.

“Лекин иқтисодиётнинг бутун бошли секторлари энергетика таъминотидан узилган ёки ишдан чиққан ҳозирги кунларда вазият янада таранг. Ҳукумат ва давлат идоралари нафақат энергетикада, сарф-харажатларда ҳам тўлиқ экономия режимига ўтиши керак”, – деди у.

“Вақтинча касса узилиши” — вазирлик изоҳи

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги январ ойи бошида харажатлар кескин ошгани юзасидан баёнот берди. Унга кўра, январ ойининг биринчи ярмида давлат бюджети даромадлари ўртасидаги салбий фарқ ойнинг биринчи ҳафтаси давомида иш ҳақи, пенсия ва ижтимоий нафақаларни тўлиқ молиялаштириш ҳамда йил бошида одатда бюджет тушумларининг кам бўлиши билан изоҳланади.

“Бюджет кодексига мувофиқ, жорий молия йилининг муайян даврида бюджет тизими бюджетлари харажатларининг даромадларидан вақтинчалик ошиб кетиши вақтинчалик касса узилиши деб аталади.

Шу билан бирга, жорий йилнинг январ ойида мамлакатимизда ҳаво ҳароратининг кескин совиб кетиши ҳамда энергия ресурсларига талабнинг кескин ошиши туфайли хўжалик юритувчи субъектларга табиий газ ва электр энергияси етказиб беришдаги узилишлар ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш ҳажмларига салбий таъсир қилди”, – дейилади баёнотда.

Вазирлик маълумотларига кўра, бу қарийб 30 минг тадбиркорлик субъектларининг солиқ қарздорлигини 1,2 трлн сўмга ўсишига олиб келди ва бюджет тушумларининг тўлиқ тушишига салбий таъсир қилди.

Ушбу шароитда тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 3 февралдаги ПҚ–43-сон қарори билан уларнинг солиқ қарздорликлари бўйича пеня ҳисоблашни тўхтатиш, солиқ қарздорликларини бўлиб тўлаш, моддий жавобгарликларга тортмаслик, кредит тўлов муддатларини узайтириш ҳамда айланма маблағларни тўлдиришга кредит олиш шартларини енгиллаштириш каби чоралар белгиланди.

“Бу эса, ўз навбатида, тадбиркорлик субъектлари фаоллигини қайта тиклашга ва келгуси ойларда бюджет тушумлари кўпайишига туртки бўлади. Шу билан бирга, 2023 йил учун белгиланган даромадлар прогнози бажарилишини таъминлаш мақсадида, солиқ ва божхона маъмурчилигини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар амалга оширилмоқда”, – дея қўшимча қилинган хабарга.

Шунингдек, вазирлик бюджет даромадлари 2022 йилнинг январ ойида 13,4 трлн сўмни, жорий йил январида 14,9 трлн сўмни ташкил қилганини айтмоқда.

Солиқ қарздорлиги ошмаган тақдирда даромадлар ўсиш суръатининг юқорироқ бўлиши кутилган.

“Бюджет тақчиллигининг йиллик тасдиқланган кўрсаткич доирасида бўлишини таъминлаш учун, одатда, йил давомида солиқ-бюджет соҳасида тегишли чоралар кўрилади. Молия йили ичида эса даромадлар ва харажатлар ўртасидаги тафовут ўзгариб туриши мумкин”.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги даромадлар ва харажатларни эълон қилиш тўхтатиб қўйилганини доимий равишда эълон қилиб бориладиган маълумотлар рўйхати, уларни даврий чоп этишнинг аниқ саналари (иқтисодий календари) ишлаб чиқилаётгани билан изоҳлаган. Тўғрисида яқин кунларда расмий ахборот берилиши қўшимча қилинган.

 

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан