Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Иқтисодиётда мувозанат ва нисбат тушунчалари нимани англатади?
18.01.2023 13:08,  
50

Дастлаб иқтисодий мувозанат тушунчасини ва ишлаб чиқариш мувозанати даражасини аниқлашга турлича ёндашувлар қараб чиқилади. Ижтимоий такрор ишлаб чиқаришнинг турли томонлари, соҳа ва тармоқлари ўртасидаги мутаносибликлар тизими, уларнинг таъминланиш даражаси ҳамда тармоқлараро баланснинг мазмуни баён қилинади. Таҳлил сўнгида макроиқтисодий мувозанатга эришишнинг давлат ва бозор механизмларини ёритиб берилади. Энг муҳими иқтисодиётда мувозанатлик ва мутаносибликни таъминлаш иқтисодий инқирозларнинг олдини олишнинг муҳим воситаси сифатида қаралади.

Иқтисодий мувозанат, уни таъминлаш шарт- шароитлари ва аниқлаш усуллари

 Иқтисодиёт инқирозларсиз, барқарор ривожланиши учун унинг турли томонлари ўртасида маълум мувозанат бўлиши тақозо этилади.

Иқтисодий мувозанат деб бир-бири билан ўзаро боғлиқликда ва таъсирда амал қиладиган иқтисодий жараёнлар, ҳодисаларнинг икки ёки бир неча томонининг бир-бирига тенг келган ҳолатига айтилади. Шунинг учун ҳам бутун иқтисодиётнинг мувозанати тўғрисида гап борганда энг аввало ялпи талаб ва ялпи таклиф ўртасидаги тенглик эътиборга олинади.

Макроиқтисодиётда иқтисодий мувозанатнинг шаклланиши, уни таъминлаш анча мураккаб ва зиддиятли жараёндир. Чунки у хусусий ва умумий тавсифдаги бир қатор мувозанатлар тизимини ўз ичига олади.

Хусусий мувозанат – бу иқтисодиётнинг айрим бўлакларида, соҳа ва йўналишларида иккита ўзаро боғлиқ бўлган иқтисодий кўрсаткичлар ёки томонларининг миқдоран тенг келиши. Хусусий мувозанат ишлаб чиқариш ва истеъмол, аҳолининг сотиб олиш лаёқати ва товар таклифи масалалари, бюджет даромадлари ва харажатлари, алоҳида товарларга талаб ва таклиф ўртасидаги мувозанат кўринишида намоён бўлади. Бу мувозанатлар ичида Президентимиз И.А.Каримов таъкидлаб ўтганларидек: "...ички бозорда талаб билан таклиф ўртасида мутаносибликка эришиш, яъни чиқарилган пул миқдори билан унга сотиб олинадиган моллар салмоғи ўртасида тўғри нисбатни таъминлаш ғоят катта роль ўйнайди".

Умумиқтисодий мувозанат жамият аъзолари барча талаблари ва миллий ишлаб чиқариш ҳажмининг ўзаро тенг келишини билдиради. Умумий иқтисодий мувозанат бозор шароитида, аввало, ялпи талаб ва ялпи таклифнинг тенг келишида кўринади. Бу нафақат истеъмол неъматларига, балки ишлаб чиқариш воситаларига, ишчи кучига ҳамда барча иқтисодий фаолият натижаларига умумий талаб ва таклифнинг мувофиқ келишидир.

Умумий иқтисодий мувозанат бир қатор шарт-шароитларни тақозо этади. Биринчидан, бу ижтимоий мақсадлар ва иқтисодий имкониятларнинг мос келишидир.

Иккинчидан, иқтисодий мувозанат мамлакатдаги барча иқтисодий ресурслардан самарали фойдаланадиган хўжалик механизмини тақозо қилади.

Учинчидан, мувозанатли ишлаб чиқаришнинг умумий таркибий тузилиши истеъмолнинг таркибий тузилишига мос келиши лозимлигини билдиради.

Тўртинчидан, иқтисодиётда мувозанатнинг умумий шарт-шароитлари бўлиб бозор мувозанати, яъни барча асосий бозорлар (товарлар, ресурслар, ишчи кучи ва ҳоказолар)да талаб ва таклиф мувозанатга эришиши хизмат қилади.

Иқтисодий мувозанат эркин рақобат бозорида барча харидорлар тенглиги, иқтисодий вазият барқарорлиги каби қатор шарт-шароитларни ҳам тақозо қилади.

Реал ҳаётда иқтисодиёт доимий ҳаракатда ва тўхтовсиз ривожланиш ҳолатида бўлади. Иқтисодий цикл фазаларида, бозор конъюнктураси, бозор субъектлари даромадлари ва талаби таркибида ўзгаришлар рўй бериб туради.

Буларнинг ҳаммаси мувозанат ҳолатини турғун иқтисодиётдаги шартли умумий мувозанат сифатида қараб чиқишни тақозо қилади.

Шундай қилиб, макродаражада умумий иқтисодий мувозанат – бу мамлакат бутун иқтисодиётининг мувофиқлигидир. Бу барча соҳалар, тармоқлар, хўжаликларнинг меъёрида ривожланишини таъминлайдиган иқтисодий фаолиятнинг барча қатнашчилари ҳамда барча бозордаги ўзаро боғлиқ ва бир-бирини тақозо қиладиган мувозанатлар тизимини ўз ичига олади.

Иқтисод фанлари доктори О.Ҳамроев иқтисодий мувозанатнинг мазмуни ва унинг таркибий тузилишини ўрганишга тизимли ёндашиб, уларни қуйидаги чизма кўринишида ифодалайди (1-чизма).

Иқтисодий мувозанат даражасини аниқлашда асосан иккита ўзаро боғлиқ усулдан фойдаланилади:

1) ялпи сарфлар ва ишлаб чиқариш ҳажмини таққослаш усули;

2) жамғарма ва инвестицияларни таққослаш усули.

Ялпи сарфлар ва ишлаб чиқариш ҳажмини таққослаш учун ишлаб чиқариш умумий ҳажмининг миқдорий кўрсаткичи сифатида соф миллий маҳсулот (СММ), иқтисодиётда ялпи сарфлар сифатида истеъмол ҳажми ва соф инвестиция сарфларининг умумий суммаси (С+In) олинади. Мазкур моделда ялпи инвестициялар ўрнига соф инвестициялар кўрсаткичидан фойдаланиш ишлаб чиқариш умумий ҳажмини ифодалашда ЯИМ ўрнига СММнинг қўлланиши билан изоҳланади. Иқтисодий мувозанат даражасини таҳлил қилиш жараёнини соддалаштириш мақсадида ялпи сарфлар таркибидаги давлат (G) ҳамда чет эл омили (Xn) эътиборга олинмайди.     

Иқтисодий мувозанатнинг мазмуни ва таркибий тузилиши

Иқтисодиётнинг мувозанатли даражаси бу ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишнинг шундай ҳажмики, у ишлаб чиқариш мазкур ҳажмини сотиб олиш учун етарли бўлган умумий пул миқдори билан таъминланган бўлади. Бошқача айтганда, соф миллий маҳсулот мувозанатли даражасида ишлаб чиқарилган товарларнинг умумий миқдори (СММ) харид қилинган товарлар умумий миқдорига (С+In) тенг бўлади (18.2-чизма).

Чизмадан кўринадики, ялпи сарфлар ҳамда ишлаб чиқариш ҳажми ўртасидаги тенглик ушбу кўрсаткичлар жойлашган ўқларнинг ўртасидан 45° бурчак остида ўтувчи тўғри чизиқ орқали ифодаланади. Ҳақиқатан ҳам бу тўғри чизиқнинг ҳар қандай нуқтасидан чиқарилган ётиқ ва тик йўналишдаги чизиқлар тенг миқдорларни кўрсатади. С чизиғи эса истеъмол сарфлари миқдорини акс эттириб,  даромад (яъни СММ) ҳажми ошиб бориши билан унинг даражаси ҳам ўсиб боради. Ялпи сарфлар (С+In) чизиғини ҳосил қилиш учун истеъмол сарфларининг (С) турли ҳажмига мос тушувчи соф инвестициялар (In) миқдори қўшиб борилади. Бу ўринда тадбиркорлар томонидан амалга ошириш кўзда тутилаётган инвестициялар ҳажми даромад даражасига боғлиқ эмас, деб қабул қилинади. Шу сабабли ялпи сарфлар чизиғи истеъмол сарфлари чизиғидан In миқдорига тенг узоқликда жойлашади.

Чизмада иқтисодий мувозанатга Е нуқтада эришилади, яъни айнан шу нуқтада ишлаб чиқарилган соф миллий маҳсулот ҳажми (СММЕ) истеъмол қилинган маҳсулот ҳажмига (С+In)Е тенг келади.      

 

2-чизма

Иқтисодий мувозанат даражасини аниқлашнинг ялпи сарфлар ва ишлаб чиқариш ҳажмини таққослаш усули

Тўла бандлик шароитида ялпи сарфлар СММ ҳажми билан мос келмаслиги мумкин. Бу мос келмаслик чизмада рецессион ёки инфляцион фарқ кўринишида ифодаланган. Ялпи сарфларнинг СММ ҳажмидан кам бўлган миқдори рецессион фарқ, ялпи сарфларнинг СММ ҳажмидан ортиқча бўлган миқдори инфляцион фарқ дейилади.

Жамғарма ва инвестицияларни таққослаш усулининг моҳияти шундаки, ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг ҳар қандай ҳажми шунга мос даромад ҳажмини беради. Бироқ аҳоли бу даромаднинг бир қисмини истеъмол қилмасдан жамғармага қўйиши мумкин. Жамғарма «сарфлар – даромадлар» оқимидан потенциал сарфларни олиб қўйиш ҳисобланади. Бунда жамғармага қўйилган маблағ инвестициялар билан тўлиқ қопланса, ялпи сарфлар ишлаб чиқариш ҳажмига тенг бўлади (18.3-чизма).

3-чизма

Иқтисодий мувозанат даражасини аниқлашнинг жамғарма ва инвестицияларни таққослаш усули

Инвестицион сарфларнинг кўпайиши ишлаб чиқариш ҳажми ва даромад даражасининг ўсишига олиб келади. Бу ўзаро натижа мультипликатор самараси билан изоҳланади. Мультипликатор тушунчаси «кўпайтирувчи» деган маънони англатади. Мультипликатор самарасининг моҳияти инвестиция ҳажмининг ўсиши жамият миллий даромадининг унга нисбатан кўпроқ ўсишига олиб келиши орқали ифодаланади.                      

Ёки, мультипликатор коэффициентини қуйидагича ифодалаш ҳам мумкин:                                    

Бундан келиб чиққан ҳолда:

Инвестицион сарфлардаги ўзгаришдан ташқари истеъмол, давлат хариди ёки экспортдаги ўзгаришлар ҳам мультипликатор самарасига таъсир кўрсатади.

Мультипликатор самараси иккита ҳолатга асосланади. Биринчидан, иқтисодиётда бир субъект томонидан қилинган сарф бошқа бир субъект томонидан даромад шаклида олинади. Иккинчидан, даромаддаги ҳар қандай ўзгариш истеъмол ва жамғармада худди шундай йўналишда ўзгариш бўлишига олиб келади.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, жамғарма ва инвестиция даражаси ҳам ўзига хос чегараларга эга бўлиб, бу борада классик ва кейнсча қарашлар тафовутланади. Классик назария қарашларига кўра, жамғарма инвестиция манбаи бўлиб, жамғармага нисбатан мойилликнинг юқори даражаси муқаррар равишда иқтисодиётнинг юксалишига олиб келади.

Кейнсча назария эса классик талқинга қарши чиқиб, иқтисодий жиҳатдан ривожланган мамлакатларда бу жараён ўзгача кечиши таъкидланади. Чунки, ривожланган мамлакатларда жамғармага бўлган интилиш инвестициялашга бўлган интилишдан жадалроқ бориб, у қуйидаги сабаблар билан изоҳланади:

Биринчидан, юқори фойда келтирувчи капитал қўйилмаларнинг муқобил имкониятлари қисқариб боради. Натижада капитал жамғаришнинг ўсиши билан унинг амал қилишининг кейинги қўшилган самарадорлиги пасайиб боради.

Иккинчидан, ривожланган мамлакатларда даромадларнинг ўсиши билан жамғарманинг улуши ошиб боради. Шунга кўра, жамғарма ҳажми инвестиция сарфлари ҳажмидан ошиб кетса, жамғарма эгалари муваффақиятсизликка дучор бўладилар. Бу ҳолатни иқтисодий адабиётларда «тежамкорлик парадокси» тушунчаси орқали изоҳланади.

Бу парадокснинг моҳияти шундан иборатки, инвестициялар назарий жиҳатдан автоном ва ҳосилавий инвестицияларга ажратилиб, автоном инвестициялар миллий даромад ҳажми ва унинг ўзгаришига боғлиқ бўлмаса, ҳосилавий инвестициялар миллий даромаднинг ўзгаришига ҳам боғлиқ бўлади. Айнан автоном инвестицияларга қўшимча равишда ўсиб борувчи ҳосилавий инвестициялар иқтисодий ўсишни кучайтириши, уни жадаллаштириши натижасида акселератор самараси рўй беради («акселератор» тушунчаси жадаллаштирувчи деган маънони англатади).

Ҳосилавий инвестицияларнинг иқтисодий табиатидаги ўзига хослик шундаки, у миллий даромаднинг ўсишига қанчалик узвий боғлиқ бўлса, унинг қисқаришига ҳам шу даражада таъсирчан бўлади. Яъни, иқтисодиётдаги даромадларнинг қисқариши ҳосилавий инвестицияларнинг ундан ҳам тезроқ қисқаришига олиб келади. Натижада иқтисодиётда ишлаб чиқариш ресурсларининг бандлик даражаси пасаяди. Бундай шароитда жамғармага бўлган мойилликнинг ўсиши ўз навбатида истеъмолга бўлган мойилликнинг пасайишини англатади. Истеъмол сарфларининг қисқариши эса мавжуд товар ва хизматларнинг сотилмай қолишига, яъни ишлаб чиқариш захирасининг кўпайишига олиб келади. Оқибатда янги капитал қўйилмалар амалга оширилмайди, ишлаб чиқариш қисқаради, ишсизликнинг ўсиши ва даромадларнинг пасайиши рўй беради. Аҳоли томонидан жамғарманинг ҳаддан ортиқ кўпайтириб юборилиши оқибатида келиб чиқувчи салбий жараёнлар, яъни - «тежамкорлик парадокси» шундай тарзда намоён бўлади. Мазкур жараённи қуйидаги чизма орқали ҳам кўриб чиқиш мумкин (18.4-чизма).   

18.4-чизма

"Тежамкорлик парадокси"нинг чизмадаги ифодаси

 

Чизманинг ётиқ ўқида миллий даромад, тик ўқида эса жамғарма ва инвестициялар ҳажми жойлаштирилган бўлиб, F чизиғи иқтисодиётдаги тўла бандлик шароитида миллий даромад ҳажмини ифодалайди.

Эътибор берилса, чизмадаги инвестиция сарфлари чизиғи ётиқ ўққа параллел эмас, балки ўсиб борувчи кўринишда намоён бўлмоқда. Бу эса, автоном инвестициялардан фарқли ўлароқ, ҳосилавий инвестицияларнинг миллий даромад ҳажмига боғлиқлигини кўрсатади.

Чизмадан кўринадики, иқтисодиётдаги жамғарма ҳажми S дан S1 га қадар ўсмоқда. Натижада жамғарманинг инвестиция билан мувозанат нуқтаси Е дан Е1 га кўчди. Бироқ, бу ўсиш Е нуқтадаги миллий даромад ҳажми 0N нинг Е1 нуқтадаги 0N1 ҳажмига қадар қисқаришига олиб келди. Тегишли равишда инвестиция ҳажми ҳам EN даражадан E1N1 даражага қадар қисқарди. Е1Е0Е нуқталарини туташтириш натижасида ҳосил бўлувчи учбурчак юзаси жамғарма ҳажмининг ўсиши натижасида инвестиция имкониятларининг қисқаришини, ЕЕ0 кесма эса инвестицияларнинг қисқаришини кўрсатади. Айнан шу ҳолат, яъни жамғармаларнинг ўсиши натижасида инвестицияларнинг қисқариши «тежамкорлик парадокси» моҳиятини намоён этади.

Иқтисодий мувозанатлик даражасини аниқлашда ялпи сарфлар ва ишлаб чиқариш ҳажмини таққослаш, жамғарма ва инвестицияларни таққослаш усулларидан ташқари баланс усули, харажат ва натижаларни таққослаш усулидан ҳам фойдаланилади.

Баланс усулида тармоқлараро баланс, моддий, молиявий ва ишчи кучи балансларидан фойдаланилиб иқтисодиётнинг турли томонлари ўртасидаги мувозанатлик даражасига баҳо берилади.

«Харажат ва натижа»ларни таққослаш усулида ишлаб чиқаришга қилинган иқтисодий ресурс харажатлари миқдори билан олинган маҳсулот ҳажмини таққослаш орқали мувозанат даражаси таҳлил қилинади.

 

18.2. Иқтисодий мутаносиблик ва унинг турлари

 

Миллий иқтисодиётдаги мувозанатлик унинг турли томонлари ва соҳалари ўртасида мутаносиблик бўлишини тақозо қилади.

Иқтисодий мутаносиблик – иқтисодиётнинг турли томонлари ва соҳалари ўртасида миқдор ва сифат жиҳатдан маълум мослик бўлишидир. Бунда тенглик бўлиши шарт эмас. Улар мос келувчи  нисбатларда (масалан, 2:3, 5:3, 3:1) бўлиши мумкин.

Макроиқтисодий жараён ғоят мураккаб ва кўп қиррали бўлиши сабабли мутаносиблик турлари ҳам кўп ва хилма-хил. Жумладан, профессор А.Г.Грязнова ва бошқалар иқтисодиётда мувозанатга эришишни таъминловчи бешта асосий мутаносибликни ажратиб кўрсатадилар:

1) ресурсларнинг ҳажми, таркибий тузилиши ва самарадорлигини моддий неъматлар ва хизматлар ишлаб чиқариш таркибий тузилмаси билан боғловчи омиллар (ишлаб чиқариш, меҳнат, молиявий ресурслар) мутаносиблиги;

2) жамғариш меъёрини, яъни ишлаб чиқаришнинг маълум ҳажмига эришиш учун уни кенгайтиришга йўналтирилувчи мамлакат миллий даромадидаги улушни белгиловчи жамғариш мутаносиблиги;

3) ишлаб чиқариш фаолиятидан олинган даромадларни ишлаб чиқариш омилларининг барча эгалари ўртасида тақсимланиши нисбатини белгилаб берувчи тақсимот мутаносиблиги;

4) истеъмолчи талаби ва таклифнинг ҳажми, таркибий тузилиши ва қиймати бўйича нисбатини белгилаб берувчи айирбошлаш (сотиш) мутаносиблиги;

5) товар ва пул массаси ўртасидаги нисбатни акс эттирувчи товар-пул мутаносиблиги[2].

Иқтисодий мутаносибликларни бу каби турли кўринишдаги туркумлашлар бошқа манбаларда ҳам кўплаб учрайди. Шунга кўра, уларнинг барчасини умумлаштириб мутаносибликнинг қуйидаги гуруҳлари таркибига киритиш мумкин.

  1. Умумиқтисодий тавсифдаги мутаносибликлар. Бунга миллий даромаддаги таркибий қисмлар – истеъмол фонди ва жамғариш фонди ўртасидаги; иқтисодиётдаги товар ва хизматлар массаси билан пул массаси ўртасидаги; аҳолининг даромадлари билан харажатлар ўртасидаги мутаносибликларни мисол қилиб кўрсатиш мумкин.
  2. Тармоқлараро мутаносибликлар. Миллий иқтисодиётнинг мувозанатини таъминлашда тармоқлараро мутаносибликлар алоҳида ўрин тутади. Миллий иқтисодиёт жуда кўп тармоқ ва соҳалардан иборат бўлиб, уларнинг ривожланиши бир-бирини тақозо қилади. Бир тармоқда яратилган маҳсулот бошқа тармоқда истеъмол қилинади ёки пировард маҳсулотга айлантирилиб, ўз истеъмолчисини топади. Масалан, қишлоқ хўжалик маҳсулотларнинг кўпчилик қисми (пахта, ғалла, пилла, сут ва ҳ.к.) саноатнинг тегишли тармоқларида қайта ишланиб, пировард маҳсулотга айлантирилади ва истеъмолчилик товарлари бозорига чиқарилади. Ўз навбатида саноатнинг ишлаб чиқариш воситалари яратадиган соҳаларнинг маҳсулотлари миллий иқтисодиётнинг бошқа тармоқлари (қишлоқ хўжалиги, қурилиш ва ҳ.к.)да унумли истеъмол қилинади. Бу уларнинг бир-бирига боғлиқликда ривожланишини тақозо қилади. Тармоқлараро мутаносибликларга саноат билан қишлоқ хўжалиги ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқлари ўртасидаги мутаносибликлар мисол бўлади.
  3. Тармоқ ичидаги мутаносибликлар. Тармоқлараро мутаносиблик ва миллий ишлаб чиқариш даражасидаги мувозанатлик тармоқлар ичидаги мутаносиблик орқали таъминланади. Тармоқлар ичидаги мутаносиблик алоҳида олинган тармоқ таркибидаги соҳа ва ишлаб чиқаришлар ўртасидаги боғлиқликни ифодалайди. Масалан, саноатнинг ишлаб чиқариш воситалари ва истеъмол буюмлари ишлаб чиқарадиган соҳалари, қишлоқ хўжалигининг дехқончилик ва чорвачилик соҳалари ўртасидаги мутаносибликлар ва ҳ.к. Шу билан бирга таъкидлаб ўтилган соҳаларнинг ичидаги таркибий бўлинмалар ўртасида ҳам боғлиқлик бўлиши зарур. Масалан, саноатнинг қазиб олиш ва қайта ишлаш тармоқлари, чорвачиликнинг сут ва гўшт ишлаб чиқариш соҳалари, машинасозликда мотор, кузов, ғилдираклар ва бошқа қисмлари, ишлаб чиқаришнинг турли омиллари ўртасидаги мутаносибликлар ва бошқалар.
  4. Ҳудудий (территориал) мутаносибликлар. Иқтисодий ривожланиш мамлакат айрим ҳудудлари ўртасидаги боғлиқликни ҳам тақозо қилади. Юзаки қараганда ҳудудлар ўртасидаги мутаносибликларнинг мамлакат иқтисодий ривожидаги роли тўлиқ намоён бўлмайди. Лекин алоҳида ҳудудий бўлинмалар (вилоят, туман, шаҳар ва бошқа ҳудудий бирликлар)нинг бир-бирига иқтисодий ва ташкилий жиҳатдан боғлиқлиги, ихтисослашиш, ишлаб чиқариш кооперацияси ва коммуникация нуқтаи-назаридан қаралса, бу боғлиқликнинг аҳамияти яққол кўринади.
  5. Давлатлараро мутаносибликлар. Бу мутаносибликни икки ҳолат тақозо қилади. Биринчидан, дунёнинг кўпчилик мамлакатлари халқаро меҳнат тақсимоти орқали бир-бири билан боғланган, иккинчидан, шу боғлиқлик орқали миллий ишлаб чиқаришнинг бир қисми чет элликлар томонидан харид қилинади ёки миллий ишлаб чиқарувчилар ўз истеъмолининг бир қисмини четдан келтирилган маҳсулотлар ҳисобига қондиради. Бу боғлиқлик қанчалик катта бўлса, соф экспорт ҳажми орқали макроиқтисодий мувозанатликка шунчалик кучли таъсир кўрсатади.

Қараб чиқилган мутаносибликларга эришиш орқали миллий ишлаб чиқаришнинг мувозанатли ривожини таъминлаб боришдан қуйидагилар кўзда тутилади:

  • - мамлакатда мавжуд бўлган иқтисодий ресурслардан самарали фойдаланган ҳолда жамиятнинг эҳтиёжларини тўлароқ қондириб бориш;
  • - тўла бандлиликка эришиш, яъни меҳнат қилишга лаёқатли бўлган ва ишлашни хоҳлаганларни тўлиқ ва самарали иш билан таъминлаш;
  • - нарх-навонинг нисбий барқарорлигига эришиш ва уни инфляция таъсиридан холи қилиш;
  • - иқтисодиётнинг бир маромда ўсиб боришини етарли даражада инвестиция билан таъминлаш ва муомаладаги пул массасига боғлаб бориш;
  • - экспорт ва импортни мувофиқлаштириш асосида ташқи савдо балансининг фаоллигига эришиш.

Бу мақсадлар фақатгина уларга интилиш бўлиб, бунга эришиш доимий эканлигини билдирмайди. Чунки доимий равишда мутлақ мувозанатга эришиш қийин, чунки улар бузилиб ва қайтадан тикланиб туриши орқали иқтисодий ўсиш нотекис боради.

 

18.3. Ўзбекистонда иқтисодиётни таркибий ўзгартириш, диверцификациялаш ва модернизациялаш асосида мутаносибли ривожлантирилиши

 

Мавжуд иқтисодий тизимни бутунлай янги тартиблар асосида ислоҳ қилиш иқтисодиётнинг ривожланишидаги турли номутаносибликлар ҳамда танглик ҳолатларини келтириб чиқариши мумкин. Шу сабабли бозор иқтисодиётига ўтиш йўлида иқтисодиётни жонлантириш, бир текис ривожлантириш ва барқарорлаштириш жараёни қонуний босқич ҳисобланади. Барқарорлаштириш жараёни иқтисодий ривожланишда инқироз ҳолатларининг олдини олиш учун ишлаб чиқариш ва чиқарилаётган маҳсулот таркибини ўзгартиришга йўналтирилади. Республикада иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишнинг дастлабки даврида барқарорлаштириш сиёсатидан кўзда тутилган мақсад энг аввало, макроиқтисодиётда мувозанатни сақлаш, ишлаб чиқаришни кескин даражада пасайишининг олдини олиш ва оммавий ишсизликнинг келиб чиқишига йўл қўймасликдан иборат бўлди. Шу билан бирга бу сиёсат пул эмиссиясини бошқариш, унинг қадрсизланишининг олдини олиш, мамлакат тўлов балансини бир меъёрда сақлаш каби мақсадларни ҳам ўз ичига олади.

Республикада барқарорлаштириш сиёсатини ишлаб чиқишда жаҳон тажрибасида синалган ёндашувлар ҳисобга олиниб, ишлаб чиқариш соҳаларига устунлик берилди. Моддий ишлаб чиқариш соҳаларининг ривожланишида уларни таркибан қайта қуриш талаблари ҳам кўзда тутилди. Бунда асосий эътибор катта истиқболга эга бўлган, бутун иқтисодиётнинг ривожланиш тамойилларини белгилаб берадиган етакчи тармоқ ва соҳаларга қаратилди.

Иқтисодиётда зарур таркибий ўзгаришларни амалга оширгунга қадар ишлаб чиқариш ҳажмининг пасайиб кетишига барҳам бериш энг муҳим мақсад бўлиб қолади. Шу сабабли республикада 90-йилларнинг ўрталаридаёқ макроиқтисодий барқарорлик соҳасида ишлаб чиқариш суръатлари пасайишининг секинлашуви кўзга ташланди, айрим кўрсаткичлар бўйича эса ўсишга эришилди. Иқтисодиётнинг иккита етакчи тармоғи – саноат ва қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш ва қўллаб-қувватлашга қаратилган тадбирлар натижасида саноатда 1995 йилдаёқ, қишлоқ хўжалигида 1997 йилда ишлаб чиқаришнинг пасайиши тўхтатилди.

Макроиқтисодий барқарорлик сиёсатида 1997 йил кескин бурилиш даври бўлди, ислоҳотлар амалга оширилган давр давомида биринчи марта ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши (105,2 фоиз) аҳоли сонининг ўсишидан (101,8 фоиз) юқори бўлди[3]. Бу ижобий тамойиллар кейинги йилларда мустаҳкамлаб борилди. Натижада 2000 йилда ЯИМ – 4,0 фоизга, саноат ишлаб чиқариш ҳажми – 6,4 фоизга, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари – 3,2 фоизга кўпайди. Истеъмол моллари ишлаб чиқариш 7,7 фоизга чакана товар айланиши – 7,8 фоизга, аҳолига пуллик хизмат кўрсатиш ҳажми эса 14,0 фоизга ортди. Давлат бюджети камомади ЯИМнинг бир фоизидан ошмади. Нақд пул эмиссияси 9,4 фоизни ташкил этди. Жами пул массаси, белгиланган даражада – яъни ЯИМга нисбатан 19 фоиздан ошмади[4].

Кейинги йилларда мамлакатимиз иқтисодиётининг юқори барқарор суръатлар билан ўсиши ва макроиқтисодий мутаносиблиги таъминланди, ишлаб чиқаришни таркибий ўзгартириш ва модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш ишлари давом эттирилди.

Ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг устувор йўналишлари ҳамда уларни таъминлаш борасидаги вазифаларнинг аниқ белгилаб олиниши ва изчил равишда амалга оширилиши натижасида мамлакатимизда асосий макроиқтисодий кўрсаткичларнинг бажарилишида аҳамиятли ютуқларга эришилмоқда.

Мамлакатимизда ЯИМнинг нафақат миқдоран ўсиб бориши, балки унинг таркибий тузилмасининг сифат жиҳатидан такомиллашиб бориши ҳам алоҳида эътиборга молик. Бунда унинг ўсишига таъсир кўрсатган омиллар таҳлили, яъни қўшилган улушларнинг таркиби ҳамда ЯИМнинг ўсишига қўшган ҳиссасини кўриб чиқиш мақсадга мувофиқдир. 

2008 йилдаги ЯИМнинг таркибида қўшилган улуши жиҳатидан хизмат кўрсатиш соҳалари (30,1%), транспорт ва алоқа (18,0%), саноат (17,0%), қишлоқ хўжалиги (11,9%), савдо (8,4%) тармоқлари етакчи ўрин тутмоқда. Шунга кўра, уларнинг ЯИМнинг ўсишига қўшган ҳиссаси ҳам тегишли равишда 2,7; 1,6; 1,5; 1,1; 0,8 фоизни ташкил этган.

Шуниси эътиборлики, ялпи ички маҳсулотнинг таркиби фақат унинг йирик тармоқ ва соҳалари ўртасида эмас, балки тармоқ ичида ҳам ўзгармоқда. Жумладан, рангли металлургия ва машинасозлик тармоқлари жуда тез суръатлар билан ўсмоқда. Рангли металлургия саноатининг 2007 йилдаги солиштирма салмоғи 2000 йилга нисбатан 1,7 баравар, машинасозлик тармоғининг солиштирма салмоғи эса 1,6 баравар ошган. Шунингдек, ёқилғи-энергетика комплекси, қора металлургия саноатининг улуши ҳам ошиб бормоқда[5]. 

Республика миллий иқтисодиётида эришилган бу ижобий натижалар таркибий қайта қуришлар асосида бутунлай янги иқтисодиёт мажмуасининг бунёд этилганлиги, биринчи навбатда энг муҳим макроиқтисодий ва такрор ишлаб чиқариш нисбатларини давлат томонидан самарали тартибга солишнинг натижаси ҳисобланади. Бунда асосий эътибор иқтисодиётнинг тармоқ тузилиши, ҳудудларнинг таркибий тузилишини такомиллаштиришга қаратилади.

Таркибий сиёсатнинг ҳудудий жиҳатларини таъминлаш одамлар турмуш даражасида вужудга келган ҳудудий номутаносибликни бартараф этиш, ресурслар ва ишлаб чиқариш имкониятларидан самарали фойдаланишга эришишда катта аҳамиятга эга бўлади. Шунингдек, бунда ишлаб чиқарилаётган маҳсулот турини ўзгартириш, унинг сифатини яхшилаш ва маҳсулот тайёрлашга кетадиган жами харажатларни камайтириш талаблари ҳам ҳисобга олинади.

Иқтисодиёт тузилишидаги ўзгартиришлар, четдан маҳсулот олиб келишни қисқартириш, иқтисодиётнинг хомашё етиштиришга қартилган бир томонлама йўналишини бартараф этиш ва унинг экспорт имкониятини кенгайтириш, тармоқлар ичидаги ва ҳудудий жиҳатдан вужудга келган номутаносибликларни бартараф этиш асосида иқтисодиётнинг мутаносиб ва барқарор ривожланишини таъминлаш вазифаларини ҳал этиш билан боғлиқликда амалга оширилди.

Шу вазифалардан келиб чиқиб, иқтисодиёт ички тузилишидаги ўзгаришлар – республиканинг энергетика ва озиқ-овқат мустақиллигини таъминловчи тармоқларни ривожлантиришга қаратилди. Бунда биринчи навбатда энг муҳим ўзак тармоқларни – нефть ва газ саноатини, энергетикани, рангли металлургия саноатини, машинасозлик мажмуасини, қишлоқ хўжалик ва агросаноат мажмуасининг бошқа соҳаларини ривожлантиришга устунлик берилади.

Иқтисодиётнинг такрор ишлаб чиқариш тузилишини тубдан ўзгартириш асосида умумиқтисодий барқарорликка эришишда истеъмол билан жамғариш фонди ўртасидаги энг мақбул мутаносибликни таъминлаш асосий ўрин тутади. Истеъмол фондининг энг мақбул даражасига эришиш – ички бозорда талаб билан таклиф ўртасида мутаносибликни таъминлащда муҳим роль ўйнайди. Шу сабабли давлат энг муҳим макроиқтисодий такрор ишлаб чиқариш нисбатларини тартибга солиб турувчи омилларга кўпроқ эътибор берди.

Номоддий ишлаб чиқариш соҳасида таркибий қайта қуришлар фаол инвестиция сиёсатини ўтказиш орқали амалга оширилди. Шу сабабли республика инвестиция базасини ривожлантиришга катта эътибор берилиб, бунда ўз сармояларимиз, ташқи кредитлар, бевосита инвестициялар ва уларнинг барча манбаларидан ўринли фойдаланиш кўзда тутилди. Ташқи инвестицияларни жалб қилишда бевосита инвестициялар тарзида, давлат қарзлари, халқаро молия ва иқтисодий ташкилотлар, қарз берувчи мамлакатлар молиявий-кредит ресурслари шаклларида амалга ошириш мумкинлиги ҳисобга олинади.

Таркибий ўзгаришларни амалга ошириш маҳаллий хомашё ва табиий имкониятлар асосида ишлайдиган, илғор замонавий технологияларни жорий этган ҳолда, нафақат ички, балки ташқи бозорда ҳам рақобатга бардош берадиган маҳсулот ишлаб чиқарувчи тармоқларга қаратилиши зарур.

Мамлакатимизда тaркибий ўзгaришлaрни вa иқтисoдиётни дивeрсификaция қилиш жaрaёнлaрининг давом эттирилиши барқарор ва мутаносиб иқтисодий ўсишни таъминлаш, миллий иқтисодиётимиз рақобатбардошлигини ошириш ҳамда жадал тараққиётга эришишнинг муҳим омили ҳисобланиб, у 2009 йилдаги иқтисoдий дaстурнинг муҳим устувoр йўнaлиши сифатида белгилаб берилди.

Иқтисодиётни мутаносиб ривожлантиришда 2009-2014 йиллaргa мўлжaллaнгaн узoқ муддaтли дaстур ишлaб чиқиш муҳим аҳамият касб этиб, унда иқтисoдиётимизнинг aсoсий тaрмoқлaрини мoдeрнизaция қилиш вa тexник янгилaш, мaмлaкaтимизнинг янги мaррaлaрни эгaллaши учун кучли туртки бeрaдигaн вa жaҳoн бoзoридa рaқoбaтдoшлигини тaъминлaйдигaн зaмoнaвий иннoвaция тexнoлoгиялaрини жoрий қилиш бўйичa мaқсaдли лoйиҳaлaр ўз ифодасини топади.

Бугунги кундa дaстлaбки ҳисoб-китoблaргa кўрa, умумий қиймaти 24 миллиaрд AҚШ дoллaридaн зиёд бўлгaн қaрийб 300 тa инвeстиция лoйиҳaси устидa иш олиб борилмoқдa. Жумлaдaн, бундa янги қурилиш лoйиҳaлaри – 18,5 миллиaрд дoллaрни, мoдeрнизaция вa рeкoнструкция қилиш, тexник вa тexнoлoгик қaйтa жиҳoзлaш бўйичa лoйиҳaлaр эсa тaxминaн 6 миллиaрд дoллaрни тaшкил қилaди. Дaстургa киритилиши мўлжaллaнaётгaн бу лoйиҳaлaр aввaлaмбoр ёқилғи-энeргeтикa, кимё, нeфт-гaзни қaйтa ишлaш, мeтaллургия тaрмoқлaригa, eнгил вa тўқимaчилик сaнoaти, қурилиш мaтeриaллaри сaнoaти, мaшинaсoзлик вa бoшқa сoҳaлaргa тeгишлидир.

Лoйиҳaлaштириш вa қурилиш ишлaри бoшлaнaётгaн иншooтлaрни қуйидaги мaблaғлaр ҳисoбидaн мoлиялaштириш кўздa тутилмoқдa: кoмпaния вa кoрxoнaлaрнинг ўз мaблaғлaри – умумий ҳисoбдa 8,2 миллиaрд дoллaр, Ўзбeкистoн Рeспубликaси Тиклaниш вa тaрaққиёт фoнди крeдитлaри – 2,5 миллиaрд дoллaр, xoрижий инвeстиция вa крeдитлaр – 13,5 миллиaрд дoллaр.

Президентимиз ушбу лoйиҳaлaрнинг бир қисми бўйичa 2007-2008 йиллaрдa қурилиш ишлaри бoшлaб юбoрилгaнлигини, бaъзилaрининг қурилишини эсa 2009 йилдa бoшлaш кўздa тутилаётганлигини таъкидлаб ўтдилар. Мaзкур лoйиҳaлaрнинг aмaлгa oширилиши иннoвaциoн вa энeргияни тeжaйдигaн тexнoлoгиялaрни жoрий этиш вa жaҳoн бoзoридa тaлaб мaвжуд бўлгaн янги турдaги тoвaрлaр ишлaб чиқaришни ўзлaштириш ҳисoбидaн йилигa 10,4 миллиaрд дoллaрлик қўшимчa мaҳсулoт ишлaб чиқaриш, йиллик экспoртни 6,5 миллиaрд дoллaргa кўпaйтириш, ялпи ички мaҳсулoт ҳaжмини сeзилaрли дaрaжaдa oшириш имкoнини бeрaди.

2009 йилдaги устувoр вaзифaлардан бири xизмaт кўрсaтиш вa кичик бизнeс сoҳaсини aҳoли бaндлигини тaъминлaш вa ҳaёт дaрaжaсини oширишнинг энг муҳим oмили сифaтидa янaдa жaдaл ривoжлaнтиришдир. Шу сaбaбли Инқирoзгa қaрши чoрaлaр дaстуридa кичик бизнeсни ривoжлaнтиришни рaғбaтлaнтиришгa aлoҳидa эътибoр қaрaтилгaн. Ушбу чoрa-тaдбирлaр сoлиқ вa крeдит имтиёзлaри билaн бир қaтoрдa, кичик бизнeс вa xусусий тaдбиркoрликни ривoжлaнтириш учун қулaй бизнeс муҳитини ярaтиш мaқсaдидa институциoнaл ислoҳoтлaрни янaдa чуқурлaштиришни ҳaм ўз ичигa oлaди.

Жумлaдaн, янги тaшкил этилaётгaн кичик вa xусусий кoрxoнaлaрни қўллaб-қуввaтлaш мaқсaдидa Имтиёзли крeдит жaмғaрмaсининг рeсурс бaзaсини икки бaрoбaр oшириш; бeрилгaн имтиёзлaрнинг aмaл қилиш муддaти узaйтириш, жумладан, aйлaнмa мaблaғлaрни тўлдириш учун бeрилaдигaн крeдитлaрнинг энг узoқ муддaтини 12 oйдaн 18 oйгa oшириш; 2009 йилнинг 1 янвaридaн сaнoaт сoҳaсидa фaoлият кўрсaтaётгaн кичик кoрxoнaлaр учун ягoнa сoлиқ тўлoв стaвкaси 8 фoиздaн 7 фoизгa кaмaйтириш; мoлиявий, мaиший вa бoшқa xизмaтлaрни кўрсaтaётгaн микрoфирмaлaр вa кичик кoрxoнaлaр ягoнa сoлиқ тўлoвидaн 3 йил муддaтгa oзoд этиш; 2009 йилдa xўжaлик юритувчи субъeктлaрни тeкширишлaр сoнини кaмидa янa 30 фoизгa кaмaйтириш каби чора-тадбирлар кўздa тутилгaн.

2009 йилдаги яна бир энг муҳим устувoр вaзифa – бу мaмлaкaтимизни мoдeрнизaция қилиш вa aҳoли бaндлигини oширишнинг муҳим oмили сифaтидa ишлaб чиқaриш вa ижтимoий инфрaтузилмaни янaдa ривoжлaнтиришдaн ибoрaт. Чунки, мамлакатимизда барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш, иқтисодиётнинг реал секторини янада ривожлантириш кўп жиҳатдан хўжалик юритувчи субъектларнинг ишлаб чиқариш инфратузилмаси билан таъминланганлик даражасига боғлиқ.

Зaмoнaвий ишлaб чиқaриш вa ижтимoий инфрaтузилмaни жaдaл ривoжлaнтиришни тaъминлaш, шу aсoсдa иқтисoдиётни изчил вa бaрқaрoр юксaлтириш учун қулaй шaрт-шaрoит ярaтиш мaқсaдидa "2009 йилдa ишлaб чиқaриш вa ижтимoий инфрaтузилмaни янaдa ривoжлaнтиришгa дoир қўшимчa чoрa-тaдбирлaр тўғрисидa" мaxсус дaстур қaбул қилинди вa унинг бaжaрилиши кeскин нaзoрaтгa oлинди.

2008 йил давомида 1108,0 млрд. сўмлик темир йўл транспорти хизматлари, 397,2 млрд. сўмлик автомобиль йўллари қуриш ва реконструкциялаш ишлари, 1375,0 млрд. сўмлик алоқа хизматлари, 1786,1 млрд. сўмлик электр энергияси таъминоти хизматлари кўрсатилди. Бунинг натижасида мамлакатимиздаги корхона ва ташкилотлар ишлаб чиқариш фаолиятининг ривожи ва узлуксизлиги таъминланди.

Иқтисодиёт реал секторининг жадал ўсиши ишлаб чиқариш инфратузилмаси хизматларига бўлган эҳтиёжнинг тўхтовсиз равишда ўсишига олиб келмоқда. Шунга кўра, 2009 йилда ушбу тармоқлар хизмат кўрсатиш ҳажмини аҳамиятли даражада, жумладан, автомобиль йўллари қуриш ва реконструкциялаш ҳажмини 133,8% га, темир йўл транспорти хизматлари ҳажмини 125,5% га,  алоқа хизматлари ҳажмини 116,1%га ошириш белгиланган. Шунингдек, темир йўл участкаларини электрлаштиришни 3 баравардан кўпроқ, темир йўлларни модернизациялаш ва реконструкциялашни 127,3%, темир йўл разъездлари ва корхонага кириш йўллари қуришни 125%, кўприклар қуришни 121,4%, юқори вольтли линияларни қуришни 184,2% га ўстириш кўзда тутилмоқда[8].

Бундан кўринадики, Ўзбекистонда иқтисодий мувозанатни таъминлаш ҳамда иқтисодиётни мутаносибли ривожлантиришда таркибий ўзгартириш, ишлаб чиқаришни модернизациялаш ва диверцификациялаш жараёнларидан самарали фойдаланиб келинмоқда.

 

Хулосалар:

 

  1. Иқтисодий мувозанат деб бир-бири билан ўзаро боғлиқликда ва таъсирда амал қиладиган иқтисодий жараёнлар, ҳодисаларнинг икки ёки бир неча томонининг бир-бирига тенг келган ҳолатига айтилади. Шунинг учун ҳам бутун иқтисодиётнинг мувозанати тўғрисида гап борганда энг аввало ялпи талаб ва ялпи таклиф ўртасидаги тенглик эътиборга олинади.
  2. Макроиқтисодиётда иқтисодий мувозанат ўз ичига хусусий ва умумий тавсифдаги бир қатор мувозанатлар тизимини олади. Хусусий мувозанат – бу иккита ўзаро боғлиқ бўлган иқтисодий кўрсаткичлар ёки иқтисодиёт томонларининг миқдоран тенг келиши. Умумий мувозанат жамият барча эҳтиёжлари ва миллий ишлаб чиқариш ҳажмининг ўзаро тенг келишини билдиради. Умумий иқтисодий мувозанат бозор шароитида, аввало, ялпи талаб ва ялпи таклифнинг тенг келишида кўринади.
  3. Умумий иқтисодий мувозанат ижтимоий мақсадлар ва иқтисодий имкониятларнинг мос келиши; мамлакатдаги барча иқтисодий ресурслардан самарали фойдаланадиган хўжалик механизми; мувозанатли ишлаб чиқаришнинг умумий таркибий тузилиши истеъмолнинг таркибий тузилишига мос келиши; бозор мувозанати, яъни барча асосий бозорлар (товарлар, ресурслар, ишчи кучи ва ҳоказолар)да талаб ва таклиф мувозанати каби қатор шарт-шароитларни тақозо этади.
  4. Иқтисодий мувозанат даражасини аниқлашда асосан иккита ўзаро боғлиқ усулдан фойдаланилади: 1) ялпи сарфлар ва ишлаб чиқариш ҳажмини таққослаш усули; 2) жамғарма ва инвестицияларни таққослаш усули. Шунингдек, иқтисодий мувозанат даражасини аниқлашнинг баланс, харажат ва натижаларни таққослаш каби усуллари ҳам қўлланилади.
  5. Иқтисодий мутаносиблик – иқтисодиётнинг турли томонлари ва соҳалари ўртасида миқдор ва сифат жиҳатдан маълум мослик, мос келувчи нисбатлар бўлиб, бунда тенглик бўлиши шарт эмас.
  6. Иқтисодий мутаносибликларнинг барчасини умумлаштириб умумиқтисодий тавсифдаги мутаносибликлар; тармоқлараро мутаносибликлар; тармоқ ичидаги мутаносибликлар; ҳудудий (территориал) мутаносибликлар; давлатлараро мутаносибликларга гуруҳлаш мумкин.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан