Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Иш берувчи эмлашдан бош тортганни ишдан четлаштириши мумкин, ишдан бўшатиши эмас — адлия вазири
31.07.2021 19:18,  
83

Ўзбекистон адлия вазири Русланбек Давлетов шанба куни Олий Мажлис Сенати ялпи мажлисида қонунчиликка аҳолининг айрим қатламларини мажбурий профилактик эмлашни қонунийлаштириш ҳамда иш берувчига профилактик эмлашдан ўтишни рад этган (қарши кўрсатма мавжуд бўлмаганда) ишчини ишга қўймаслик ҳуқуқини беришни кўзда тутган ўзгартиш киритилгани бўйича муносабат билдирди.

Унинг сўзларига кўра, агарда фуқаро эмлашдан бош тортадиган бўлса, «ҳеч ким унинг қўл-оёғини боғлаб, тиббиёт муассасасига олиб бориб эмламайди».

«Бундай жараён йўқ. Бизда қонунчиликда мажбурий даволаш турлари белгиланган, масалан, алкоголизм, наркомания, очиқ типдаги туберкулёз. Мана шу ҳолатларда суднинг қарори билан мажбурий даволатади. Унда ҳақиқатдан ҳам давлат мажбурлаб, керак бўлса уйидан олиб келиб тиббиёт муассасасида даволатади. У бунақа ҳолатда йўқ дея олмайди», — деди у.

Адлия вазири эмлашдан бош тортган тақдирда, фуқаро ҳуқуқий оқибатлар учун масъулиятни ўз зиммасига олиши кераклигини таъкидлади.

«Бу ерда унинг жамоат фаолиятлари, меҳнат қилиш ҳуқуқлари чекланиши мумкин. Шунинг учун ҳам [Меҳнат кодексининг] 113-моддага киритиляптики, майли агар йўқ деса, ишга киролмайди. Шу томонига биз алоҳида эътибор қилайлик», — деди вазир.

Русланбек Давлетов Меҳнат Меҳнат кодексининг 100-моддасига кўра, иш берувчи ходимни ишдан ҳайдаб юбора олмаслигига урғу берди.

«Кўп тарқаляптики, бу талқин ишдан ҳайдашга асос бўлаяпти, деган нарса. Йўқ, бу ишдан ҳайдашга асос эмас. Яъни, Меҳнат кодексининг 100-моддаси бўйича иш берувчи ишдан ҳайдай олмайди. Ишдан четлаштира олади. Бу умуман бошқа модда, умуман бошқа ҳуқуқий муносабат, бошқа вазият ва моҳият», — дея аниқлик киритди у.

Адлия вазири Меҳнат кодексининг 113-моддаси бўйича иш берувчи ходим ишга маст ҳолда келса ёки тиббий комиссия хулосаларига биноан қандайдир муолажаларни қилмаган бўлса, иш берувчининг ишдан четлаштириш ҳуқуқи бор. Шунга қўшимча сифатида вакцина олмаса ҳам ишдан вақтинчалик четлаштириши ва ойлик тўламаслиги мумкинлиги киритиб қўйилмоқда.

Русланбек Давлетов вакциналар тадқиқотлар охирига етказилмасдан қилинаётгани ҳақидаги хабарларга ҳа изоҳ берди.

«Бир нарсани тушуниш керакки, жамият, аҳоли илмни 100 фоиз тўлиқ қабул қилмайди. Шу пайтгача шундай бўлиб келган, бундан кейин ҳам шундай бўлади. 100 фоиз одамлар илм-фаннинг ютуқларини қабул қила олмайди. Шу пайтгача ернинг думалоқлигига ишонмайдиган гуруҳлар бор. Уларнинг катта-катта нодавлат ташкилотлари бор. Улар ернинг думалоқ эмаслигига ишонтиришга ҳаракат қилишади. Яъни илмни инкор қилади. Шунинг учун бу ерда давлат ўзининг сиёсатини юритяпти. Илмнинг ютуғини эътиборга оляпти», — деди у.

Вазирнинг қўшимча қилишича, инсон ҳуқуқлари абсолют ҳуқуқ бўлиши мумкин эмас, чунки «бир инсоннинг ҳуқуқи бошқа инсонлар ҳуқуқлари бошланадиган жойда тўхташи керак».

«Солиқ тўлатиш ҳам инсон ҳуқуқини чеклаш ҳисобланади, чунки солиқ инсон топаётган даромадни эркин тасарруф қилиш ҳуқуқини чеклайди. Аммо қонунда белгиланганидан кейин ҳамма солиқ тўлашга мажбур», — дея таъкидлади у.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан