Иш ҳафтасини барча учун беш кунлик қилиб белгилаш таклиф қилинмоқда

Иш ҳафтасини барча учун беш кунлик қилиб белгилаш таклиф қилинмоқда

“Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталида иш ҳафтасини барча учун беш кунлик қилиб белгилаш ҳақида петиция пайдо бўлди.

“Менинг таклифим барча бюджет ва нодавлат ташкилотларни тўлиқ 5 иш кунидан иборат иш ҳафтасига ўтказишдан иборат”, - деб ёзади мурожаат муаллифи.

Қайд этилишича, бу амалиёт ривожланган Европа ва Осиё мамлакатларида кенг қўлланилиб, ўзининг иқтисодий ва ижтимоий самарасини амалда исботлаган. Ушбу тизимнинг афзалликлари: 

- ишчиларда қўшимча дам олиш кунининг пайдо бўлиши, уларда дам олишга нисбатан эҳтиёжни оширади ва бу албатта, ички туризмнинг ривожи учун муҳим ҳисобланади; 

- ишчиларда ишга нисбатан иштиёқнинг ошиши. Олимларнинг таъкидлашича, 5 кунлик иш куни ишчиларда қўшимча ғайрат пайдо қилар экан. Улар ҳафтанинг биринчи иш кунини барча уй ташвишларидан ҳоли, муаммоларсиз бошлаш имкониятига эга бўлишади; 

- турмуш фаровонлигининг ошиши. Икки кунлик дам олиш ишчи ходимларда оиласи билан кўпроқ вақт ўтказиш имкониятини яратиб, уларда оиласи билан дам олиш, саёҳатларга чиқиш ва бола тарбияси билан биргаликда шуғулланиш, уй юмушларини камайтириш имкониятини яратади ва бу ўз навбатида, жамиятимизнинг асосий бўғини бўлган оиланинг мустаҳкам бўлишига қулай имконият яратади; 

- бюджет ташкилотлари учун харажатларни иқтисод қилиш имконияти. Турли хил коммунал харажатлар ўртача 15-20% га қисқаради. Ходимлар ҳам қисқартирилган кунлар ҳисобига йўл ва овқатланиш харажатларидан иқтисод қилиш имкониятига эга бўлади.

“Шу сабабдан республикамиздаги барча корхона-ташкилотларда 5 кунлик иш кунининг ташкил қилишни ва унинг қатъий таъминланишини таклиф қиламан”, - деб ёзади петиция муаллифи.