Иш ҳақи ва пенсияни ошириш учун қанча қўшимча маблағ ажратилганлиги маълум бўлди

Иш ҳақи ва пенсияни ошириш учун қанча қўшимча маблағ ажратилганлиги маълум бўлди

Бугун, 15 июль Халқаро пресс-клубда “Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида”ги президент фармонига бағишланган йиғилиш ўтказилди. 

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Молия вазири ўринбосари Шоҳруҳ Шораҳметов ойлик ва пенсиялар оширилиши учун қанча маблағ ажратилиши ҳақида маълумот берди.

Молия вазири ўринбосари сўзларига кўра, ҳар йили ойлик миқдорини ошириш бўйича президент фармони чиқарди. Аммо бу 12 июлда чиққан фармонда давлат томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган аҳоли қатламларини ҳимоялаш мақсадида қўшимча тадбирлар кўзда тутилган.

“Уларни молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича, мисол учун 2-чи гуруҳ ногиронлари ёки боқувчисини йўқотган боллар масаласи, 1-2-чи гуруҳ ногиронлар тўғрисида гапирадиган бўлсак - улар энг қийин аҳволда деб айтсак бўлади, чунки агар 3-чи гуруҳ ногиронлар  кўпроқ ишга қобилияти бор бўлса, 1-2 чи гуруҳ уларни ишлаш масаласи оғирроқ бўлади. Лекин уларнинг кўпчилиги ишлашга ҳаракат қилишади. Шунинг учун уларни молиявий қўллаб-қувватлаш кўзда тутилган”, - деб таъкидлади Молия вазири ўринбосари.

Шораҳмедовнинг сўзларига кўра, президент фармонига асосан ойлик ёки пенсиялар миқдори 10 фоизга оширилмоқда.

“Бу камми ёки кўпми дейдиган бўлсак, шуни айтиб қўйиш керакки, умуман ойликларни ошириш мақсадида республикамиз бюджетида 56 триллион сўм маблағ кўзда тутилган. Фақатгина ҳозирги ойлик ошириш учун 2,2 триллион сўм кўзда тутилган эди. Бюджет параметрларида аслида ойликлар миқдорини 7 фоизга ошириш кўзда тутилган эди, лекин президентнинг ташаббуслари ва қарорлари билан бу миқдор 10 фоизга оширилди”, - деб таъкидлади Молия вазири ўринбосари. 

Шу мақсадларга бюджетдан қўшимча маблағлар ажратиш кўзда тутилган. Яна қўшимча 361 миллиард сўм ажратилади. Бу пенсияга таъсири қилгани учун пенсия жамғармасига қўшимча маблағлар - йил охиригача 463 миллиард сўм ажратиш кўзда тутилган.     

“Ойлик оширилиши масаласи жуда долзарб масала, ўйлайманки, айниқса бюджет ташкилотларимизда 2,5 миллион аҳолининг фаровонлиги, турмуш даражасини оширилишига ёрдам беради деб ўйлаймиз”,- деб қўшимча қилди Молия вазирлиги вакили.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йилнинг 1 августдан бошлаб бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ҳамда нафақалар миқдори ўрта ҳисобда 10 фоизга оширилади.

2019 йилнинг 1 августдан бошлаб Ўзбекистон ҳудудида энг кам:

- иш ҳақи – ойига 223 000  сўм;

- ёшга доир пенсиялар – 436 150 сўм;

- болаликдан ногиронларга бериладиган нафақа – ойига 436 150  сўм;

- зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа ойига 267 650 сўм миқдори белгиланди.