Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Ишга қабул қилиш чоғида дастлабки синов кимларга нисбатан қўлланилмайди?
15.12.2022 09:06,  
74

Маълумки, меҳнат муносабатларига киришишда дастлабки синов муддатидан ўтилади. Амалдаги Меҳнат кодексининг 84-моддасига мувофиқ меҳнат шартномаси ходимнинг топширилаётган ишга лаёқатлилигини текшириб кўриш, меҳнат шартномасида шартлашилган ишни давом эттиришнинг мақсадга мувофиқлиги ҳақида бир қарорга келиши мақсадида дастлабки синов шарти билан тузилиши мумкин.

Хўш, қандай ҳолатларда ишга қабул қилиш чоғидаги дастлабки синов қўлланилмайди?  

Шу каби саволларга Тошкент давлат юридик институти ўқитувчиси, юридик клиника аъзоси Д.Абдусамиева жавоб берди.  

– Амалдаги Меҳнат кодексига кўра, ҳомиладор аёллар, уч ёшга тўлмаган боласи бор аёллар, корхона учун белгиланган минимал иш жойлари ҳисобидан ишга юборилган шахслар, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг ҳамда олий ўқув юртларининг тегишли таълим муассасасини тамомлаган кундан эътиборан уч йил ичида биринчи бор ишга кираётган битирувчилар ишга қабул қилинганда ходимлар билан олти ойгача муддатга меҳнат шартномаси тузилиб, ишга қабул қилинганда дастлабки синов белгилаш тақиқланган. 

2023 йил 30 апрелда кучга кириши белгиланган янги таҳрирдаги Меҳнат кодексига эса юқорида санаб ўтилган тоифадаги шахслардан ташқари қуйидаги шахсларга ҳам дастлабки синов белгилаш тақиқлаб қўйилди. 

Жумладан, уч ёшга тўлмаган болани ёлғиз ўзи тарбиялаётган ота (васий), давлат грантлари асосида ўқиган ва олий таълим ташкилотини тамомлаган кундан эътиборан уч ой ичида йўлланма бўйича олинган мутахассислигига доир ишга кираётган битирувчилар, ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар, ишга қайтадан қабул қилинган тақдирда иш берувчи илгари қайси ходимлар билан меҳнат шартномасини алоҳида асослар бўйича бекор қилган бўлса, ўша шахслар учун дастлабки синов белгиланмайди. 

Шунингдек, ишлаб чиқаришда ўқитиш шартномаси бўйича ушбу иш берувчида ўқишни ўтаган ўқувчилар, жамоа келишувларида, шунингдек жамоа шартномасида ва иш берувчининг ички ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ходимлар ҳам синовда ишлашлари шарт эмас. 

Юқорида айтиб ўтилганидек, амалдаги кодексда тегишли таълим муассасасини тамомлагач уч йил ичида биринчи бор ишга кираётган битирувчилар ишга қабул қилинганда дастлабки синов тақиқланган бўлса, янги таҳрирдаги кодексда мазкур муддат бир йил этиб ўзгартирилди. 

Бундан ташқари, янги таҳрирдаги кодексга дастлабки синов фақат ходимни ишга қабул қилиш чоғида белгиланиши мумкинлиги, ходим бошқа ишга ўтказилаётганда ва бошқа иш берувчига хизмат сафарига юборилганда дастлабки синов белгиланишига йўл қўйилмаслиги ҳақидаги норма киритилди.  

–Дастлабки синовнинг муддатини белгилашда нималарга аҳамият берилади?  

–Дастлабки синов муддати уч ойдан ошиб кетиши мумкин эмас. Янги таҳрирдаги кодексда олти ойлик муддат ҳам киритилган бўлиб, мазкур муддат ташкилотларнинг раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари, бош бухгалтерлар ҳамда ташкилотлар алоҳида бўлинмаларининг раҳбарлари учун қўлланилади. Бу норма 2023 йил 30 апрелдан кучга киради.  

Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даври ва ходим узрли сабабларга кўра, ишда бўлмаган бошқа даврлар дастлабки синов муддатига киритилмайди. Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш лозимки, дастлабки синов даврида ходимларга меҳнат тўғрисидаги қонунчилик ва корхонада ўрнатилган меҳнат шартлари тўлиқ татбиқ этилади ва дастлабки синов даври меҳнат стажига киритилади.  

–Дастлабки синов муддатларининг тугаш жараёнларида ходимнинг ишда қолиш ёки қолмаслиги қандай ҳужжатлар асосида белгиланади?  

–Дастлабки синов муддати тугагунга қадар ҳар бир тараф иккинчи тарафни уч кун олдин ёзма равишда огоҳлантириб, меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳақлидир. Бундай ҳолда иш берувчи меҳнат шартномасини синов натижаси қониқарсиз бўлгандагина бекор қилиши мумкин.  

Меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида юқорида назарда тутилган огоҳлантириш муддатини қисқартиришга фақат шартнома тарафларининг келишуви билан йўл қўйилади.  

Юқорида назарда тутилган ёки меҳнат шартномаси тарафларининг келишуви билан белгилаб олинган огоҳлантириш муддати мобайнида ходим меҳнатга оид муносабатларни бекор қилиш тўғрисида берилган аризани қайтариб олишга ҳақлидир.  

Агар дастлабки синов муддати тугагунга қадар тарафлардан бирортаси ҳам меҳнат шартномасини бекор қилишни талаб қилмаган бўлса, шартноманинг амал қилиши давом этади ва бундан кейин уни бекор қилишга умумий асосларда йўл қўйилади.  

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан