Ислом академиясида интернетдаги мафкуравий ва диний таҳдидларга қарши турувчи мутахассислар тайёрланади

Ислом академиясида интернетдаги мафкуравий ва диний таҳдидларга қарши турувчи мутахассислар тайёрланади

Ўзбекистон халқаро ислом академиясида янги «Ахборот хавфсизлигини бошқариш» мутахассислик йўналиши очилди. Ўзбекистон халқаро ислом академияси матбуот хизмати хабар берди.

Академия матбуот хизматининг маълум қилишича, бу йўналишни очилишига зарурат – юқори технологияларнинг жадал ривожланиши мавжуд ахборотдан самарали ва ўрнида фойдаланиш баробарида нотўғри ва хато хабарни саралашни ўрганиш ҳамда фойдаланувчини кибер таҳдидларнинг ҳар қандай кўринишидан ҳимоя қилишдир.

"Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон халқаро ислом академиясида тайёрланадиган Ахборот хавфсизлигини бошқариш йўналиши битирувчиси — ахборот маконида юзага келиши мумкин бўлган таҳдидларни (технологик, иқтисодий, сиёсий, ижтимоий, мафкуравий, диний) бошқаришда зарур билим ва тажрибага эга мутахассис бўлиши кутилмоқда.

Шунингдек, у ҳар қандай ташкилотнинг ижобий Имижини яратиш (PR технология), жамоатчилик билан алоқаларини мустаҳкамлаш ҳамда фаолият самарадорлигини таъминлашда ахборот ва зарур маълумотларни таҳлил этадиган кадр ҳисобланади" - дейилади хабарда.

Шунингдек, мутахассисликда таълим олишда талаба ахборот тизимлари, ресурслар ва дастурий таъминот яратиш, электрон тизимларнинг заиф жойларини аниқлаш ва назорат қилиш, ахборот хавфсизлигига доир кенг билим ва малакани эгаллаши айтилмоқда.

2020-2021 ўқув йилида давлат буюртмаси асосида ўқишга қабул қилиш параметрларига кўра, «Ахборот хавфсизлигини бошқариш» мутахассислик йўналишига жами 25 нафар талаба қабул қилиниши назарда тутилмоқда. Шундан 12 нафар талаба давлат гранти асосида таълим олиши мумкин бўлади.