“Ислом Давлати” аъзоси деб кўрилган эркак Туркия ва Греция ўртасидаги чегара ҳудудда қолиб кетди

“Ислом Давлати” аъзоси деб кўрилган эркак Туркия ва Греция ўртасидаги чегара ҳудудда қолиб кетди

АҚШ фуқароси, “Ислом Давлати”га аъзоликда гумонланган собиқ жангари Туркия уни ўз ҳудудидан чиқариб юборганидан кейин Греция ва Туркия чегаралари орасидаги оралиқ ҳудудда қолиб кетди.

Жангариликда гумон қилинган бу эркак душанба куни Туркия қамоқхоналарида ушлаб турилган собиқ жангариларни ўз мамлакатига қайтариш ҳаракати бошлангач, депортация қилинди. Аммо грек чегарасидан ўтмоқчи бўлганида чегара яқинидаги Кастаниес шаҳри полициячилари уни ортга қайтарган.

Туркиянинг Демирорен Ахборот Агентлиги исмини Муҳаммад Дарвиш деб келтирган эркак тунни икки давлат чегараси орасида ўтказган. У асли келиб чиқиши Иорданиядан бўлган АҚШ фуқароси эканлиги айтилган.

Турк расмийларининг AFP агентлигига айтишича, Муҳамаад Дарвиш АҚШга қайтишдан бош тортиб, ўзини Грецияга жўнатишларини сўраган. У икки давлат ўртасида қолиб кетганидан кейин Туркия томонидаги мухбирлар билан боғланишга уринган.

Сурия ва Ироқда йирик ҳудудларни назорат қилиб келган “Ислом Давлати” мағлубиятга учрар экан, унга тегишли собиқ жангариларга нисбатан қандай муносабатда бўлиш масаласи кун тартибига чиққан.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон мамлакат қамоқхоналарида 2 500 дан ортиқ собиқ жангари борлигини айтади.

Жорж Вашингтон Университети Экстремизмни ўрганиш дастури маълумотларига кўра 2012 йилдан буён 82 америкалик жангари гуруҳларга қўшилиш учун хорижга чиқиб кетган. Улардан 19 киши – 15 эркак ва 4 аёл ортга қайтган, 13 киши судланган.

АҚШ Давлат Департаменти вакили “АҚШ фуқаролари тутиб турилгани ҳақида турк расмийларидан маълумот олингани” ҳақида айтган. Аммо махфийлик сиёсатига кўра ортиқча изоҳ бермаган.

“Ислом Давлати”га қарши 2019 йил март ойида Суриянинг Бағуз шаҳрида бўлган сўнгги жангдани кейин бу ташкилотнинг минглаб жангчилари ва уларнинг яқинлари қамоқ лагерларида тутиб турилибди. Ўтган йиллар давомида ИД жангчиларини ҳибсга олиб келган Туркия қамоқхоналаридан ҳам уларнинг сони 2 000 га етиб қолган.

Туркия, Ироқ ва Курд мухторияти раҳбарлари Европа ва Ғарб ўзининг ИДга келиб қўшилган фуқароларини ортга қайтаришини истайди. Туркия айни кунларда бошлаган жараён ҳам шу истак билан боғлиқ.

Туркия яна кимларни депортация қиляпти?

Туркия Ички ишлар вазирлигига кўра ИДга мансуб деб кўрилган бир даниялик ҳам душанба куни мамлакатдан чиқариб юборилган. Дания расмийларига кўра у Копенгаген аэропортига қўниши билан ҳибсга олинган.

Германия ҳам ўз фуқароларидан бири Туркиядан чиқариб юборилганини айтган.

Туркия яна 20 нафар европалик, жумладан, 11 нафар Франция, икки нафар Ирландия, ва бир неча нафар Германия фуқароси ўз давлатларига қайтарилишини кутиб турганини айтган.

Аммо Туркия расмийлари бу одамларнинг Сурия ёки ўз ҳудудларида қўлга олингани ҳақида ҳеч нарса демаган.

Шу йилнинг октябр ойида Туркия ҳарбийлари Сурия чегарасидан ўтиб, курдларнинг Сурия Демократик Кучларига (SDF) қарши амалиётлар бошлаганида ИД аъзолари ва уларнинг оилаларини ҳибсга олган эди.

Айни вақтда, SDF ўзига қарашли ҳудуддаги 7 та қамоқхонада “Ислом Давлати”нинг 12 000 жангчисини ушлаб турганини, уларнинг 4 000 нафари хорижлик эканини айтиб келади.

Шунингдек, ИД аъзоларининг яқинлари ҳам Сурия шимоли-шарқидаги қамоқ лагерларида тутиб турилган бўлиб, уларнинг энг йириги бўлган Ал-Ҳол лагерида 70 000 киши бор.

Фуқаролиги бекор қилинганлар

Германия, Дания ва Буюк Британия жангари гуруҳларга қўшилганликда айбланган фуқароларини ортга қайтиш имкониятидан маҳрум қилиш учун уларнинг фуқаролигини бекор қилган. Бироқ Туркия ҳар қандай ҳолатга қарамай европалик собиқ жангариларни ўз мамлакатига қайтаришга тайёрланаётганини айтади.

“Энди дунёда янги услуб пайдо бўлди: ўз фуқароларидан воз кечишяпти. Улар жангарилар қаерда ушланган бўлса, ўша ерда суд қилиниши кераклигини айтишяпти. Кечирасиз-у, бу халқаро ҳуқуқнинг “янгича шакли” ва уни қабул қилиб бўлмайди. Биз “Ислом Давлати” ташкилоти аъзоларини уларнинг фуқаролиги бекор қилинган-қилинмаганидан қатъи назар ўз мамлакатларига қайтарамиз ”, деган Туркия Ички Ишлар вазири Сулаймон Сойлу.

Айни пайтда, Германия Ички Ишлар вазирлиги “Германия фуқароларининг ортга қайтишига тўсқинлик қилмоқчи эмаслиги”ни айтиб чиққан.

Германия Ташқи Ишлар вазирлиги эса ҳозирда Туркияда ушлаб турилган камида уч эркак, беш аёл ва икки ёш болани ортга қайтариш учун қонуний ҳаракатлар кетаётганини билдирган.

Душанба куни Нидерландия суди “мамлакат ИДга қўшилган нидерланд аёлларининг болаларини ортга қайтариши шарт”, дея ҳукм чиқарган. Аммо бу аёлларнинг ўзини қайтариш мажбурий эмаслигини айтган.

AFP маълумотларига кўра, ҳозирда Нидерландия фуқаролигига эга 23 аёл ва 56 бола Суриядаги қамоқ лагерларида тутиб турилибди.

Фуқаролиги бекор қилинган ИДнинг собиқ аъзоларини Туркия қандай қилиб уларнинг юртига қайтармоқчи эканлиги ҳозирча номаълум.