Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






“Исломий давлат”нинг қонга ботган осори атиқалари
20.04.2016 07:59,  
43

Террорчи гуруҳлар талончилик ва босқинчилик пайтида қўлга киритилган осори атиқаларни сотиш орқали миллионлаб доллар даромад олади. Ўтмишдан сўзловчи бу ёдгорликлар, афсуски, шахсий коллекцияларга тушиб, кўпчиликнинг кўзидан ғойиб бўлади. Дунёнинг энг бадавлат террорчи ташкилоти – “Исломий давлат” ҳам осори атиқалар савдосини бойиш йўлларидан бирига айлантирган.

Хўш, амаллари ислом динига мос келмайдиган бу ташкилот молиявий қудратининг сири нимада? Таҳлилчиларнинг айтишича, ушбу жиноий тўда хайриялар, контрабанда нефть савдоси (кунига 1,65 миллион долларгача), пул ундириш мақсадида одамларни олиб қочиш (ўтган йил шу орқали камида 20 миллион доллар топган), одам савдоси, тамагирлик ва талончилик йўли билан бойлик тўплайди. Яна бир сердаромад соҳа – тарихий ашёлар савдоси. Маълумотларга қараганда, биргина Суриянинг Набек шаҳрида таланган осори атиқаларни сотиш орқали террорчилар камила 36 миллион доллар даромад олган. “Guardian” газетасининг ёзишича, сотилган айрим ашёлар саккиз минг йиллик бўлган.  

“Исломий давлат” қадимшунослик нуқтаи назаридан дунёнинг энг бой ҳудудини эгаллади. Бу ерлар чиндан ҳам дунё тамаддуни бешигидир. Террорчилар кўҳна шаҳарлар – Нимруд, Ниневия ва Хатруда қўлга киритган ашёлар жойини қора бозорда топди. Жоҳиллар минглаб йиллик тарихга гувоҳ бу шаҳарларнинг қолдиқлари ва ёдгорликларини ер билан яксон қилиб юборди. Олимлар талафотнинг ва илм-фанга етказилган зарарнинг кўламини аниқлашга ҳозирча ожиз.

Террорчилар осори атиқаларни қўлга киритиш учун қадимий обидаларга катта зарар етказган ҳолда қўлига тушган ҳар қандай техника воситасини ишга солади ёки маҳаллий аҳолининг ёрдамидан фойдаланади. Ер қаъридан нималар олинаётгани фақатгина уларнинг ўзига аён.

“Исломий давлат” аъзолари Ироқнинг Мосул шаҳри музейида қадимий ҳайкалларни бузаётгани тасвири бутун дунё бўйлаб тарқалди. Эҳтимол, бу ҳайкалларни кўтариб олиб кетиш мумкин бўлганида, уларни ҳам пуллаган бўлишарди. Аммо террорчилар ўзларини бутпаратстликка қарши курашаётгандек қилиб кўрсатди. Ўша тасвирлар соғлом фикрли ҳар кимни ташвишга солгани аниқ. Хотиржам қиладиган жиҳат шуки, террорчилар бузиб ташлаган ҳайкаллар шунчаки ҳақиқий ҳайкалларнинг гипсдан ясалган нусхалари эди. “Уларнинг ичида бирорта ҳам ҳақиқийси йўқ”, – деди Ироқнинг Осори атиқалар департаменти раҳбари Фавзия ал-Маҳди журналистлар билан учрашувда.

Лондондаги Археология институти олими Марк Олтавилнинг айтишича, ҳайкалларнинг нусхалари Ироқда минтақавий музейлар тармоғи ташкил этилган маҳалда яратилган. “Бироқ Мосулда бадиий ва маданий қийматга эга ёдгорликларни талаш камида сўнгги йигирма беш йилдан бери давом этмоқда”, – дейди у.

Қанча кичик бўлса, шунча яхши

Йўқолган санъат асарларини қидириш билан шуғулланувчи Амстердамдаги Artiaz фирмаси вакили Артур Бранд “Исломий давлат” шуғулланаётган бизнес турини “қонли осори атиқалар” деб атайди. Одатда санъат асарларини ташиш осон эмас, аммо уларнинг баҳоси юқори.   

Бугун Сурия ва Ироқдан ўмарилган қадимий ашёлар ва санъат асарлари Европанинг қора бозорларини тўлдирмоқда. Жиноятчиларнинг йўлини тўсиш учун эса каттагина маблағ талаб этилади.

“Жиноятчилар Туркия ва Ливан орқали ўтган ва яхши ташкиллаштирилган эски контрабанда каналларидан фойдаланмоқда”, – дейди доктор Олтавил.

Қора бозорда айниқса миххат лавҳлар, гулдонлар, тангалар, заргарлик ва шишадан ясалган буюмларга талаб катта. Буюм қанчалик кичик бўлса, уни яшириш ва ташиш шунчалик осон.

Лондондаги Art Recovery Group консалтинг компанияси вакили Кристофер Маринелло қадимий буюмларни сотиб олишда эҳтиёткор бўлишни маслаҳат беради: кўпинча бундай буюмларнинг нархи ошириб кўрсатилади. Энг биринчи навбатда эса шубҳали буюмлар харидининг мақсадга қанчалик мувофиқлигини ўйлаб кўриш керак.

“Катта ҳажмли буюмлар одатда ҳақиқий баҳосидан 85-90 фоиз арзонга сотилади, – дейди у. – Ташиш осон бўлганларининг эса нархи юқори”.

“Исломий давлат” ўз фаолиятини молиялаштириш учун “қонли осори атиқалар”дан фойдаланган илк террорчи ташкилот эмас. 1974 йилнинг апрелида Ирландия республикачилар армияси жангарилари Уиклоу графлигидаги зодагон бир хонадонга бостириб кириб, ўнлаб қимматбаҳо санъат асарларини олиб кетган эди. Ўшанда санъат асарлари 12 миллион долларга баҳоланган. Май ойида полиция санъат асарларини топишга муваффақ бўлди. Босқинга бошчилик қилган Роуз Даждейл қўлга олинди ва ўн йилга озодликдан маҳрум этилди. 

Вайрон қил ва олиб қоч

Сурия ва Ироқдан олиб кетилган осори атиқаларнинг фақатгина саноқлиларини қайта кўриш мумкин бўлади. Улар асосан исломдан аввалги даврларга оид буюмларга талаб юқори бўлган Европа ва АҚШ, шунингдек, Япония ва Австралиядаги шахсий коллекциялардан ўрин олади. Ўғирланган осори атиқаларни топиш ва қайтаришнинг уддасидан чиқилган тақдирда ҳам, айбдорларни жавобгарликка тортиш учун бир неча йил керак бўлади.

Уруш тарих ва санъат ёдгорликларига катта зарар етказишини билишгани учун археологлар, музейлар директорлари, илм-фан вакиллари Пентагон раҳбарлари билан учрашиб, археологик қазилмалар ҳудудларини ҳимоялашни сўрашган эди. Бироқ бу ташаббус муваффақиятсизликка учради. Америка қўшинлари Бобилдаги археологик қазилмалар ҳудудида ҳарбий лагерь очди. 

Тарихий буюмлар шахсий коллекцияларда яхши сақланади деган хаёлда Бағдоддаги Ироқ миллий музейининг таланишига қаршилик кўрсатилмади ҳам. Музейдан 15 мингдан ортиқ экспонатлар, жумладан, заргарлик буюмлари ва ҳайкаллар ўғирлаб кетилди. Ўғирланганлар ичида энг қадрлиси 1930-йилларда немис археологлари топган ва ёши 5 минг йилга тенг Шумер гулдонидир. Унинг устида инсоният тарихидаги илк диний маросим тасвири бор эди. Гулдон 14 бўлакка бўлинган ҳолда қайтарилди. Шунингдек, талончилар дунёдаги энг қадимий мусиқа асбоби ҳисобланган Шумер лирасини ҳам олиб кетган эди. Мусиқа асбоби жиддий зарар етказилган ҳолатда топилди.

Юзлаб қадимий буюмлар ҳалигача топилгани йўқ. Усмонийларнинг Ироқдаги 500 йиллик ҳукмронлигига оид ҳужжатларни ғойиб бўлган. Пикассо ва Миронинг асарлари оловда кулга айланди. Айрим ҳисоб-китобларга кўра, Ироқда талончиларнинг қўлига ўтган қадимий буюмларнинг қиймати 10 миллиард долларга етади.

Ўғирланган буюмлар қора бозорга етиб боргунча бир неча қўлдан ўтади. Айримларидан бир неча ўн йил давомида хабар бўлмаслиги мумкин. Санъатга қарши жиноятларни тадқиқ этиш уюшмаси (ARCA) раҳбари Линда Альбертсоннинг айтишича, “Исломий давлат” осори атиқлар савдосидан қанча даромад олаётганини айтишнинг иложи йўқ. У ёки бу буюм савдога чиқарилгунга қадар орадан йиллаб вақт ўтиши мумкин. Масалан, Камбоджадаги Ангкор Ват ибодатхонасидан олиб кетилган буюмлар Жануби-Шарқий Осиёда фуқаролар уруши тугаганидан 40 йил ўтибгина ким ошди савдосига қўйилган. 

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан